[1] Шу орада минглаб одамлар тўпланиб, бир–бирларини итариб сиқишаётган эдилар. Исо аввал шогирдларига гапира бошлади: “Фарзийларнинг хамиртурушидан, яъни уларнинг иккиюзламачилигидан эҳтиёт бўлинглар!
[2] Ахир, ҳар қандай яширин нарса маълум бўлади, ҳар қандай сир очилади.
[3] Шу боис қоронғида айтганларингиз ёруғликда эшитилади, ёпиқ эшиклар ортида шивирлаб айтганларингизни уйларнинг томи устида бақириб эълон қилишади.
[4] Сизларга шуни айтай, дўстларим: танани ўлдириб, ундан кейин бошқа бирон нарса қила олмайдиганлардан қўрқманглар.
[5] Бироқ кимдан қўрқишингиз кераклигини сизларга уқтирай: Худодан қўрқинглар, чунки У одамни ўлдириб, дўзахга ташлашга ҳам қодир. Ҳа, сизларга айтаман: Худодан қўрқинглар!
[6] Бешта чумчуқ икки тангага сотилади, шундай эмасми? Бироқ буларнинг биронтаси ҳам Худонинг назаридан четда қолмаган.
[7] Сизларнинг эса ҳатто бошингиздаги ҳар бир тола сочингиз саналган. Қўрқманглар, сизлар кўплаб чумчуқлардан қадрлироқсизлар.
[8] Сизларга яна шуни айтай: ким Мени инсонлар олдида тан олса, Инсон Ўғли ҳам Худонинг фаришталари олдида уни тан олади.
[9] Аммо ким инсонлар олдида Мени рад этса, у ҳам Худонинг фаришталари олдида рад этилади.
[10] Кимки Инсон Ўғлига қарши сўз айтса, кечирилади. Лекин ким Муқаддас Руҳга куфрлик қилса, кечирилмайди.
[11] Сизларни синагогаларга, бошлиқлар ва ҳокимлар олдига олиб келганларида: «Ўзимизни қандай ҳимоя қиламиз, нима айтамиз», деб хавотир олманглар.
[12] Нима айтишингизни ўша вақтда сизга Муқаддас Руҳ ўргатади.”
[13] Оломон орасидан кимдир Исога айтди: — Устоз, акамга айтинг, отамиз бизга қолдирган меросни мен билан бўлишсин.
[14] — Эй инсон! Ким Мени сизларга қози ёки мерос бўлувчи қилиб қўйибди? — деди унга Исо.
[15] Сўнг халойиққа деди: — Эҳтиёт бўлинглар, ўзингизни ҳар қандай очкўзликдан сақланглар. Зеро, инсоннинг умри мол–мулкининг кўплигига боғлиқ эмас.
[16] Исо уларга шундай масал айтди: “Бир бой одамнинг даласи мўл ҳосил берибди.
[17] Бой кўнглида: — Нима қилсам экан, ҳосилимни сақлашга етарли жойим йўқ–ку, — деб ўйлабди.
[18] Ниҳоят, у шундай дебди: — Энди бундай қиламан: омборларимни бузиб, каттароқларини қураман. Ҳамма дон–дунларимни, бойликларимни ўша ерда сақлайман.
[19] Шунда ўзимга ўзим дейман: “Кўп йилларга етадиган мол–мулк тўпладим. Энди роҳатланаман, еб–ичаман, кайфу сафо қиламан.”
[20] Аммо Худо унга шундай дебди: — Эй нодон! Шу тундаёқ жонинг олинади. Йиғиб–терган мол–мулкинг энди кимга қолади?!
[21] Ҳа, ўзи учун бойлик йиққан, аммо Худонинг назарида бой бўлмаган одамнинг қисмати шундай бўлади.”
[22] Исо шогирдларига шундай деди: “Шунинг учун сизларга айтаман: тирикчилигингиздан хавотир олиб, нима еймиз, устимизга нима киямиз, деманглар.
[23] Ахир, ҳаёт овқатдан, тана эса кийимдан муҳимроқ–ку!
[24] Қарғаларга қаранглар: улар на экади, на ўради, на омборлари, на қўралари бор. Шунга қарамай, Худо уларнинг ризқини беради. Сизлар эса қушлардан анча қадрлисизлар!
[25] Биронтангиз ташвишланиб, умрингизни бир лаҳзага бўлса ҳам узайтира олармидингиз?!
[26] Шундай арзимас иш қўлингиздан келмас экан, нега қолган нарсалар ҳақида ташвиш тортасиз?
[27] Нилуфар гулларнинг қандай ўсишига эътибор қилинг: улар меҳнат қилмайди, ип йигирмайди. Аммо сизларга айтаманки, ҳатто шоҳ Сулаймон ўзининг шуҳрат чўққисида ҳам ўша гулларнинг биронтасидай кийинмаган.
[28] Бугун бор, эртага эса ўчоққа ташланадиган дала ўтини Худо шундай безаган бўлса, наҳотки сизларни кийинтирмаса, эй имони сустлар!
[29] Нима еймиз, нима ичамиз, деб ташвишланиб безовта бўлманглар.
[30] Худони билмайдиган халқлар ҳадеб бу нарсаларнинг ташвишида юрадилар. Лекин осмондаги Отангиз буларга муҳтож эканингизни билади–ку!
[31] Сизлар, яхшиси, Худонинг Шоҳлиги пайида бўлинглар, шунда қолган нарсалар ҳам сизга берилади.
[32] Эй кичик сурув, қўрқманглар! Осмондаги Отангиз Ўз Шоҳлигини сизларга беришни маъқул топди.
[33] Мол–мулкингизни сотиб, хайр–садақа беринглар. Ўзингизга эскирмайдиган ҳамёнлар, самоларда битмас–туганмас хазина тайёрланглар. У ерга ўғри яқинлаша олмайди, хазинангизни куя ея олмайди.
[34] Хазинангиз қаерда бўлса, юрагингиз ҳам ўша ерда бўлади.
[35] Ҳар доим тайёр ҳолда туринглар: белбоғларингиз белингизда боғланган, чироқларингиз ёниб турган бўлсин!
[36] Сизлар хўжайинининг тўйдан қайтишини интизорлик билан кутган хизматкорлардай бўлинглар. Хўжайин келиб, эшикни тақиллатиши биланоқ эшикни очадиган бўлинглар.
[37] Хўжайин келганда ҳушёр турган хизматкорлар бахтлидир! Сизларга чинини айтай: хўжайин белини боғлаб, хизматкорларини дастурхонга ўтқазади ва уларга ўзи хизмат қилади.
[38] Хўжайин ярим тунда келадими ёки тонгга яқин келадими, хизматкорларини ҳушёр ҳолда кўрса, ўша хизматкорлар нақадар бахтлидир!
[39] Аммо шуни билиб қўйингки, агар уй эгаси ўғрининг қачон келишини билганда эди, уйига бузиб киришга ўғрига йўл қўймаган бўларди.
[40] Шунингдек, сизлар ҳам тайёр туринглар, чунки Инсон Ўғли сизлар кутмаган вақтда келади.”
[41] Шу пайт Бутрус сўради: “Ҳазрат, бу масални фақат бизга айтяпсизми ё ҳаммагами?”
[42] Раббимиз Исо шундай жавоб берди: “Ишончли ва ақлли уй бошқарувчиси ким? Хўжайин бундай одамни ўз хизматкорларига бошлиқ қилиб қўяди, уларга ўз вақтида овқат тарқатишни унга топширади.
[43] Хўжайин уйга қайтганда ўша хизматкорини юмуш устида кўрса, хизматкор нақадар бахтлидир!
[44] Сизларга чинини айтай: хўжайин ўша хизматкорини бутун мулки устидан бошқарувчи қилиб қўяди.
[45] Борди–ю, у хизматкор кўнглида: «Хўжайиним ҳали бери қайтиб келмайди» деб, бошқа хизматкорларни ура бошласа, еб–ичиб, маст бўлса,
[46] хизматкор кутмаган кунда, ўйламаган соатда хўжайини келиб қолади, хизматкорини қаттиқ жазолаб, бошига садоқатсизларнинг кунини солади.
[47] Хўжайиннинг хоҳишини билган, аммо ҳозирлик кўрмаган ва унинг хоҳишини бажармаган хизматкор кўп калтак ейди.
[48] Билмай туриб жазога муносиб иш қилган хизматкор эса кўп калтакланмайди. Кимга кўп берилган бўлса, ундан кўп сўралади. Кимга кўп ишониб топширилган бўлса, ундан кўпроқ талаб қилинади.
[49] Мен ер юзига олов келтиргани келдим. Қанийди, бу олов ҳозироқ аланга олиб кетса!
[50] Мен чуқур қайғу–аламларга ботаман. Бу амалга ошмагунча қаттиқ изтироб чекаман!
[51] Мени ер юзига тинчлик олиб келган, деб ўйлайсизларми? Йўқ, деб айтаман, бўлиниш олиб келганман!
[52] Зеро, бундан буён бир уйда яшаган беш киши бўлинади, учтаси иккитасига ва иккитаси учтасига қарши бўлади.
[53] Ҳа, улар бўлинади: Ота ўғлига қарши чиқади, Ўғил отасига қарши бўлади, Она қизига қарши чиқади, Қиз онасига қарши бўлади, Қайнана келинига қарши чиқади, Келин қайнанасига қарши бўлади.”
[54] Исо оломонга шундай деди: “Ғарбда булут кўтарилиб келаётганини кўрганингизда, сизлар дарров: «Ҳозир ёмғир ёғади», деб айтасизлар. Шундай бўлади ҳам.
[55] Жанубдан шамол эсаётганини кўрганингизда, сизлар: «Жазирама иссиқ бўлади», деб айтасизлар. Шундай бўлади ҳам.
[56] Эй иккиюзламачилар! Сизлар еру осмоннинг авзойига қараб, об–ҳавони аниқлай оласизлар–ку! Нима учун ҳозирги замонни талқин қила олмайсизлар?!
[57] Нима тўғрилигини нега ўзингиз қарор қила олмайсизлар?
[58] Шундай экан, биронтаси билан даъволашиб, у билан бирга маҳкамага кетаётганингизда, йўлда у билан ярашишга ҳаракат қилинг. Агар шундай қилмасангиз, у сизни қозининг олдига судраб боради, қози сизни зиндонбонга топширади. Зиндонбон эса сизни зиндонга ташлайди.
[59] Сизларга шуни айтай: қарзингизни охирги тийинигача тўламагунингизча, у ердан чиқолмайсиз.”