[1] Байтания қишлоғида Лазар исмли бир одам касал бўлиб ётган эди. Марям ва унинг опаси Марта ҳам шу қишлоқда яшар эдилар.
[2] Кейинчалик Раббимиз Исога атир мой суртган ва Унинг оёқларини сочи билан артиб қуритган ўша Марям эди. Касал ётган Лазар эса Марямнинг акаси эди.
[3] Опа–сингил Исога: — Ҳазрат, Сизнинг азиз дўстингиз касал, — деган хабар юборишди.
[4] Исо буни эшитиб, шундай деди: — Бу касаллик ўлим билан якунланмайди, балки Худонинг улуғланишига ва шу орқали Худо Ўғлининг улуғланишига сабаб бўлади.
[5] Исо Мартани, унинг синглисини ва Лазарни яхши кўрар эди.
[6] Аммо Лазарнинг хаста эканини билса ҳам, турган жойида яна икки кун қолди.
[7] Шундан сўнг У шогирдларига: — Яҳудияга қайтиб борайлик, — деди.
[8] Шогирдлари эса шундай дедилар: — Устоз, яқиндагина яҳудийлар Сизни тошбўрон қилмоқчи эдилар–ку! Энди яна у ерга бормоқчимисиз?
[9] Исо жавоб берди: — Кундуз ўн икки соатдан иборат эмасми?! Ким кундузи юрса, қоқилмайди, чунки бу дунёнинг нурини кўради.
[10] Кечаси юрган эса қоқилади, чунки унинг ўзида нур йўқ.
[11] Бу сўзларини айтиб бўлиб, уларга яна деди: — Дўстимиз Лазар ухлаб қолди. Мен уни уйғотгани кетяпман.
[12] — Ҳазрат, агар ухлаётган бўлса, тузалиб кетади, — деди шогирдлари.
[13] Исо Лазарнинг ўлимини назарда тутган эди. Шогирдлар эса Исо одатдаги уйқу тўғрисида гапирди, деб ўйладилар.
[14] Кейин Исо уларга очиғини айтди: — Лазар вафот этди.
[15] Мен унинг ёнида бўлмаганимдан хурсандман, чунки бу вазият сизларнинг ишонишингизга имкон беради. Қани, энди унинг олдига борайлик.
[16] Шунда Тўма, яъни Дидимус бошқа шогирдларга: — Қани, юринглар, биз ҳам Исо билан ўламиз! — деди.
[17] Исо у ерга етиб бориб билдики, Лазарнинг қабрга қўйилганига тўрт кун бўлган экан.
[18] Байтания қишлоғи Қуддусдан бор–йўғи уч чақиримча масофада жойлашган эди.
[19] Қуддусдаги кўп яҳудийлар Марта билан Марямнинг олдига акасининг вафоти муносабати ила тасалли бериш учун борган эдилар.
[20] Марта Исонинг келаётганини эшитиб, Уни кутиб олгани чиқди. Марям эса уйда қолди.
[21] — Ҳазрат! — деди Марта Исога. — Агар Сиз бу ерда бўлганингизда эди, акам ўлмаган бўларди.
[22] Аммо ҳозир ҳам биламан, Сиз Худодан нима сўрасангиз, Худо Сизга беради.
[23] — Сенинг аканг тирилади, — деди Исо.
[24] — Биламан, охиратда ўликлар тирилганда тирилади, — деди Марта.
[25] Исо унга деди: — Мен тирилиш ва ҳаётдирман. Менга ишонган одам ўлса ҳам яшайди.
[26] Кимда–ким Менга ишониб яшаса, то абад ўлмайди. Бунга ишонасанми?
[27] — Ҳа, Ҳазрат, — деди Марта, — Сиз дунёга келадиган Масиҳ, Худонинг Ўғли эканингизга ишонаман.
[28] Марта шундай деди–ю, бориб синглиси Марямни чақирди. Унга секингина деди: — Устоз шу ерда, У сени чақиряпти.
[29] Марям буни эшитгач, шошиб ўрнидан турди–да, Исонинг олдига кетди.
[30] Исо ҳали қишлоққа кирмаган, ҳануз Марта Уни кутиб олган жойда эди.
[31] Марям билан уйда бўлган ва унга тасалли бераётган одамлар унинг шошилиб ўрнидан туриб ташқарига чиққанини кўришди. Марям йиғи–сиғи қилгани қабрга кетяпти, деб ўйлаб, унинг орқасидан кетишди.
[32] Марям Исо турган ерга етиб келиб, Уни кўрди–ю, оёғига йиқилиб деди: — Ҳазрат! Агар Сиз шу ерда бўлганингизда эди, менинг акам ўлмаган бўларди!
[33] Марям ҳам, у билан келганлар ҳам йиғлаётган эдилар. Исо буни кўриб, қаттиқ изтиробга тушди, кўнгли ўртаниб кетди.
[34] — Уни қаерга қўйдингизлар? — деб сўради. — Юринг, Ҳазрат, кўрасиз! — дедилар.
[35] Исонинг кўзларидан дув–дув ёш оқди.
[36] Ўша ердаги одамлар: — Қаранглар, уни қанчалик яхши кўрар экан! — дейишди.
[37] Улардан баъзилари эса шундай дейишди: — У кўрнинг кўзларини очган. Лазарни ҳам ўлимдан олиб қолса бўлмасмиди?!
[38] Исо тағин қаттиқ изтироб чекиб, қабр олдига келди. Қабр бир ғор бўлиб, оғзи тош билан ёпилган эди.
[39] Исо: — Тошни олиб ташланглар! — деди. Марҳумнинг синглиси Марта Унга деди: — Ҳазрат, жасад ҳидланиб қолган–ку! Ахир, қабрга қўйилганига тўрт кун бўлди!
[40] — Агар ишонсанг, Худонинг улуғворлигини кўрасан, деб сенга айтмаганмидим?! — деди Исо.
[41] Тошни олиб ташладилар. Исо эса осмонга кўз тикиб, деди: — Эй Ота! Мени эшитганинг учун Сенга шукурлар айтаман.
[42] Сен Мени доимо эшитишингни биламан. Лекин бу сўзларни шу ерда турган халқ учун айтяпман, токи Мени Сен юборганингга улар ишонсин.
[43] Шундай деди–ю, баланд овоз билан хитоб қилди: — Лазар, ташқарига чиқ!
[44] Шу пайт қўлу оёқлари кафанланган, юзи рўмол билан ўралган марҳум чиқиб келди. — Кафанини ечинглар, уни қўйиб юборинглар, — деди Исо одамларга.
[45] Марямни йўқлагани келган одамларнинг кўпчилиги Исонинг қилган ишини кўриб, Унга ишонишди.
[46] Аммо баъзилари фарзийларнинг олдига бориб, Исонинг қилганларини айтиб беришди.
[47] Шундан кейин бош руҳонийлар ва фарзийлар Олий кенгаш чақириб, дейишди: — Нима қиламиз? Бу Одам жуда кўп мўъжизали аломатлар кўрсатиб юрибди–ку!
[48] Буни давом этишига йўл қўйсак, ҳамма Унга ишониб кетади. Римликлар келиб, Маъбадимизни ҳам, халқимизни ҳам хонавайрон қиладилар.
[49] Улардан бири, ўша йили олий руҳоний бўлган Каяфас сўз олди: — Сизлар ҳеч нарсани билмайсизлар!
[50] Бутун халқ ҳалок бўлгандан кўра, битта одамнинг халқ учун ўлиши ўзингиз учун яхшироқ–ку! Наҳотки буни тушунмасангизлар?!
[51] Бу сўзларни у ўзидан–ўзи айтмаган эди. Балки ўша йили олий руҳоний сифатида Исонинг халқ учун ўлишини башорат қилган эди.
[52] Исо нафақат яҳудий халқи учун, балки Худонинг тарқоқ бўлган ҳамма фарзандларини бирлаштириш учун ўлиши керак эди.
[53] Шундай қилиб, ўша кундан бошлаб, Исони ўлдиришга тил бириктирдилар.
[54] Исо эса энди яҳудийлар орасида очиқчасига юрмайдиган бўлди. У чўл яқинидаги Эфрайим шаҳрига бориб, Ўз шогирдлари билан ўша ерда қолди.
[55] Яҳудийларнинг Фисиҳ байрами яқинлашаётган эди. Мамлакатнинг ҳамма томонидан одамлар байрамдан олдин покланиш учун Қуддусга боришди.
[56] Шу вақтда Исони изладилар. Маъбадда йиғилиб турганлар ўзаро: “Нима деб ўйлайсизлар? У байрамга келадими?” деб сўрашди.
[57] Бош руҳонийлар ва фарзийлар эса Исони қўлга олмоқчи бўлиб, шундай буйруқ берган эдилар: “Ким Исонинг қаердалигини билиб қолса, хабар қилсин.”