[1] Мен бу гапларни сизлар тўғри йўлдан озманглар, деб айтдим.
[2] Сизларни синагогалардан ҳайдаб юборадилар. Ҳатто шундай замон келадики, сизларни ўлдираётган ҳар бир киши бу билан Худога хизмат қиляпман, деб ўйлайди.
[3] Улар бу ишларни самовий Отамни ва Мени танимаганлари учун қиладилар.
[4] Буларни сизларга ҳозирдан айтиб қўйяпман, токи ўша вақт–соат келганда, сўзларимни эсга олинглар. Сизларга буларни бошданоқ айтишимга ҳожат йўқ эди, чунки Ўзим сизлар билан бирга эдим.
[5] Энди эса Мени Юборганнинг олдига кетяпман. Биронтангиз Мендан: «Қаерга кетяпсан?» деб сўрамаяпсиз.
[6] Буларни айтганим учун дилингиз ғам–қайғуга ботган.
[7] Аммо сизларга ҳақиқатни айтаман, Менинг кетишим сизлар учун яхшироқдир. Агар Мен кетмасам, Ҳомий келмайди. Агарда кетсам, Уни олдингизга юбораман.
[8] У келганда дунёга гуноҳ, адолат ва ҳукм тўғрисидаги ҳақиқатни аён қилади.
[9] Гуноҳ тўғрисидаги ҳақиқат шундан иборатки, одамлар Менга ишонмайдилар.
[10] Адолат тўғрисидаги ҳақиқат шуки, Ота Мени оқлайди. Мен Отанинг олдига кетяпман ва сизлар Мени бошқа кўрмайсизлар.
[11] Ҳукм тўғрисидаги ҳақиқат шундан иборатки, ҳукм чиқариб бўлинган, бу дунёнинг ёвуз ҳукмдори маҳкум қилинган.
[12] Сизларга яна айтадиган гапларим кўп, лекин энди ичингизга сиғдиролмайсизлар.
[13] Ҳақиқат Руҳи келиб, сизларни тўлиқ ҳақиқат сари бошлайди. У Ўзича гапирмайди, неки эшитса, ўшани сўзлаб беради, У юз берадиган воқеалар ҳақида сизларга хабар қилади.
[14] У Мендан эшитган нарсаларни сизларга маълум қилади, шу орқали Мени улуғлайди.
[15] Отанинг бор нарсаси Меникидир. Ана шу сабабдан, Руҳ Мендан эшитган нарсаларни сизларга маълум қилади, деб айтдим.
[16] Сизлар билан бирга узоқ вақт бўлмайман, лекин кўп ўтмай сизлар Мени яна кўрасизлар.”
[17] Шу пайтда Исонинг шогирдлари бир–бирига деди: “Қизиқ, У бизга ўзи нима айтмоқчи?! «Сизлар билан бирга узоқ вақт бўлмайман, лекин кўп ўтмай сизлар Мени яна кўрасизлар», деди. «Отанинг олдига кетяпман», деб айтди.
[18] «Сизлар билан бирга узоқ вақт бўлмайман» дейиши билан нима демоқчи экан, тушунмадик.”
[19] Исо шогирдларининг савол бермоқчи бўлганларини билиб, деди: “«Сизлар билан бирга узоқ вақт бўлмайман, лекин кўп ўтмай сизлар Мени яна кўрасизлар», деб айтган гапимнинг маъносини муҳокама қиляпсизларми?
[20] Сизларга чинини айтайин: сизлар йиғлаб, дод–фарёд қиласизлар, дунё эса қувонади. Сизлар қайғурасиз, лекин қайғунгиз шодликка айланади.
[21] Ойи тўлган аёл дард билан туғади. Аммо бола туғилгандан кейин, дунёга одамзод келди, деб аёл қувонади. Қувонганидан у чеккан дардини унутиб юборади.
[22] Шунга ўхшаб сизлар ҳам ҳозир ғам–қайғу чекяпсизлар. Лекин Мен сизларни яна кўраман. Шунда юрагингиз қувончга тўлади. Қувончингизни сизлардан ҳеч ким тортиб олмайди.
[23] Ўша куни Мендан ҳеч нарса сўрамайсизлар. Сизларга чинини айтайин: Менинг номимдан осмондаги Отамдан нима сўрасангизлар, У сизларга беради.
[24] Шу пайтгача Менинг номим билан Отадан ҳеч нарса сўрамадингизлар. Сўранглар, оласизлар ва қалбингиз шодликка тўлади.
[25] Шу вақтгача сизларга маталлар орқали гапириб келдим. Лекин шундай вақт келадики, Мен сизларга Отам ҳақида маталлар орқали эмас, очиқдан–очиқ гапираман.
[26] Ўша куни ўзларингиз Отадан истаганингизни Менинг номимдан сўрайсизлар. Менинг сизлар учун Отадан илтимос қилишимнинг ҳожати бўлмайди.
[27] Зотан, Отанинг Ўзи сизларни севади, чунки сизлар Мени яхши кўриб, Худодан келганимга ишондингизлар.
[28] Мен Отамдан чиқиб, дунёга келдим. Энди дунёни тарк этиб, Отамнинг олдига кетяпман.”
[29] Шогирдлар Исога шундай дейишди: — Мана, ҳозир Сиз матал ишлатмай, очиқ сўзлаяпсиз.
[30] Ҳамма нарсани билишингизни энди тушундик. Саволга ҳам ўрин йўқ. Сиз Худодан келганингизга энди ишондик.
[31] Исо деди: — Энди ростдан ҳам ишоняпсизларми?
[32] Шундай вақт келадики, ҳатто келди ҳам, сизлар тарқалиб, ҳар бирингиз ин–инингизга кириб кетасиз. Мени ёлғиз қолдирасизлар. Бироқ Мен ёлғиз эмасман, чунки Отам Мен биландир.
[33] Мен туфайли хотиржам бўлишингиз учун буларни сизларга айтдим. Дунёда қайғу–алам чекасизлар. Лекин дадил бўлинглар, Мен дунёни енгдим.