Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 11:44

[1] Шундан кейин Исо қайиқда Жалила кўлининг нариги қирғоғига сузиб ўтди (Жалила кўлини Тиберияс кўли деб ҳам аташарди).

[2] Бир талай халойиқ Исонинг орқасидан эргашиб борарди. Чунки Исо мўъжизали аломатлар орқали хасталарни соғайтирганини улар кўрган эдилар.

[3] У шогирдлари билан тоққа чиқиб ўтирди.

[4] Яҳудийларнинг Фисиҳ байрами яқинлашаётган эди.

[5] Исо қараса, бир талай халойиқ У томонга келаётган экан. Исо Филипдан: — Бу одамларни тўйғазиш учун қаердан нон сотиб оламиз? — деб сўради.

[6] Исо бу гапни Филипни синаб кўриш учун айтаётган эди, аслида нима қилишни Ўзи билар эди.

[7] Филип шундай жавоб берди: — Буларнинг ҳар бирига бир бурда нон бериш учун икки юз кумуш тангага нон сотиб олсак ҳам етмайди!

[8] Шунда шогирдларидан бири, Бутруснинг укаси Эндрус Исога деди:

[9] — Бу ердаги бир болада бешта арпа нон билан иккита балиқ бор экан. Лекин шунча одамга бу нима ҳам бўлар эди?!

[10] — Одамларни ерга ўтқазинглар, — деди Исо. У ер қалин майсазор эди. Одамларнинг ҳаммаси ерга ўтиришди. Оломон орасида тахминан беш мингга яқин эркак бор эди.

[11] Исо нонларни олиб, шукрона дуосини ўқиди. Сўнг ўтирганларнинг ҳаммасига тарқатди. Балиқларни ҳам худди шундай қилди. Одамлар истаганларича едилар.

[12] Ҳаммалари еб тўйганларидан кейин, Исо шогирдларига шундай деди: — Ортиб қолган нон бурдаларини йиғиб олинглар, исроф бўлмасин.

[13] Шогирдлар ейилган бешта арпа нондан ортиб қолган бурдаларни йиғиб олишди, ўн иккита сават тўлди.

[14] Шунда одамлар Исонинг қилган мўъжизали аломатини кўриб: — Ҳақиқатан ҳам дунёга келиши керак бўлган пайғамбар мана шу Киши экан, — дедилар.

[15] Улар Исони зўрлик билан шоҳ қилиб кўтармоқчи бўлдилар. Буни билган Исо ёлғиз Ўзи тоққа чиқиб кетди.

[16] Кечки пайт Исонинг шогирдлари кўл бўйига бордилар.

[17] Қоронғи тушган, Исо эса ҳали ҳам уларнинг олдига келмаган эди. Шогирдлар қайиққа тушиб, кўлнинг нариги томонидаги Кафарнаҳумга қараб йўл олдилар.

[18] Кучли шамол эсиб, кўл тўлқинланиб кетаётган эди.

[19] Улар қирғоқдан беш чақиримча масофани сузганларидан кейин, кўл юзида юриб келаётган Исони кўришди. У қайиққа яқинлашаётган эди, шогирдлар қаттиқ ваҳимага тушишди.

[20] — Қўрқманглар, бу Менман! — деди уларга Исо.

[21] Улар Исони қайиққа олмоқчи бўлдилар. Ўша заҳоти қайиқ улар бораётган қирғоққа етиб тўхтади.

[22] Эртаси куни халқ Исони қидира бошлади. Одамлар у ерда фақат бир қайиқ борлигини ва шогирдлар Исони қолдириб, ўзлари қайиқда сузиб кетганларини билишарди.

[23] Шу пайт Тибериясдан бошқа қайиқлар келиб қолди. Қайиқлар тўхтаган жой Раббимиз Исо Ўз шукрона дуосини ўқиган ва халқ нон еган ерга яқин эди.

[24] Одамлар Исо билан шогирдларининг у ерда йўқлигини кўргач, қайиқларга тушиб, Исони қидириб Кафарнаҳумга сузиб келишди.

[25] Улар Исони кўлнинг нариги бўйидан топиб, Ундан сўрашди: — Устоз, Сиз қачон бу ерга келдингиз?

[26] Исо уларга шундай жавоб берди: — Сизларга чинини айтайин: сизлар мўъжизали аломатларни кўрганингиз учун эмас, балки нон еб тўйганингиз учун Мени қидиряпсизлар.

[27] Сиз ўткинчи озуқа учун эмас, абадий ҳаётга бошловчи боқий озуқа учун ҳаракат қилинглар. Бундай озуқани сизларга Инсон Ўғли беради. Зотан, Отамиз Худонинг Ўзи бу вазифа учун Уни маъқул деб топди.

[28] Одамлар Исога шундай савол беришди: — Худога маъқул ишларни бажариш учун нима қилишимиз керак?

[29] Исо деди: — Худога маъқул иш қилмоқчи бўлсангизлар, Худо юборган Зотга ишонинглар.

[30] Улар Исога жавобан шундай дедилар: — Сизга ишонишимиз учун бирорта аломат кўрсатинг. Қани, биз учун нима иш қиласиз?

[31] Ахир, ота–боболаримиз саҳрода манна еганлар. Муқаддас битикларда: “Худо уларга есин деб, осмондан нон берди”, деб ёзилган–ку.

[32] Исо уларга деди: — Сизларга чинини айтайин, сизларга осмондан нон берган Мусо эмас. Осмондан тушган ҳақиқий нонни сизларга Менинг Отам беради.

[33] Отам Худо берадиган нон осмондан тушиб, дунёга ҳаёт бахш этади.

[34] Одамлар Исога шундай дедилар: — Ҳазрат, бундай нонни бизга доим бериб туринг!

[35] Исо жавобан деди: — Мен ҳаёт нониман. Менинг олдимга келган одам сира оч қолмайди, Менга ишонган одам ҳеч қачон чанқамайди.

[36] Аммо Мен сизларга айтганимдай, сизлар Мени кўрган бўлсангизлар ҳам, ишонмаяпсизлар.

[37] Самовий Отам Менга берган ҳар бир одам Менинг олдимга келади. Олдимга келган биронта одамни Мен асло ҳайдаб юбормайман.

[38] Мен Ўз иродамни эмас, балки Мени юборган Отамнинг иродасини адо этиш учун осмондан тушганман.

[39] Отамнинг иродаси шундан иборатки, У Менга берганлардан биронтасининг ҳам йўқолишига Мен йўл қўймаслигим керак, балки охиратда уларнинг ҳаммасини тирилтиришим керак.

[40] Ҳа, Ўғилга кўз тиккан ва Унга ишонган ҳар бир одам абадий ҳаётга эга бўлиши Отамнинг иродасидир. Мен бундай одамларни охиратда тирилтираман.

[41] Исо: “Мен осмондан тушган нонман” дегани учун яҳудийлар Ундан норози бўла бошлашди.

[42] Улар ўзаро шундай деб айтишарди: — Бу Юсуфнинг ўғли Исо–ку! Ота–онасини таниймиз, қандай қилиб: “Мен осмондан тушдим”, деб айтишга ҳадди сиғди?!

[43] — Бундай гапларингизни бас қилинглар! — деди уларга Исо.

[44] — Агар Мени юборган Ота бировни жалб қилмаса, у Менга келолмайди. Олдимга келган одамни эса Мен охиратда тирилтираман.

[45] Пайғамбарлар битикларида: “Уларнинг ҳаммасига Худо таълим беради”, деб ёзилган. Отага қулоқ солган, Ундан ўрганган ҳар бир одам Менинг олдимга келади.

[46] Аслида ҳеч ким ҳеч қачон самовий Отани кўрган эмас, биргина Худодан бўлган Зот Отани кўрган.

[47] Сизларга чинини айтаман: ким Менга ишонса, абадий ҳаётга эга бўлади.

[48] Мен ҳаёт нониман.

[49] Ота–боболарингиз саҳрода манна егандилар, шунга қарамай ўлиб кетдилар.

[50] Аммо осмондан тушадиган бу нон эса шундай хислатга эгаки, ундан еган одам ўлмайди.

[51] Мен осмондан тушган ҳаётбахш нондирман. Бу нонни еган киши абадий яшайди. Дунёга ҳаёт бахшида этиш учун берадиган ноним Менинг танамдир.

[52] Шунда яҳудийлар: — У қандай қилиб бизга Ўзининг танасини едира олар экан? — деб ўзаро талашиб–тортиша бошладилар.

[53] Исо уларга деди: — Сизларга чинини айтаман: агар Инсон Ўғлининг танасини емасангизлар ва Унинг қонини ичмасангизлар, сизда ҳаёт бўлмайди.

[54] Менинг танамни еган ва қонимни ичган одам эса абадий ҳаётга эгадир. Мен уни охиратда тирилтираман.

[55] Менинг танам — ҳақиқий озуқа, қоним ҳақиқий ичимликдир.

[56] Танамни еб, қонимни ичадиган одам Менда, Мен эса унда яшайман.

[57] Модомики, Мени барҳаёт Ота юборган экан, Мен Ота туфайли яшайман. Менинг танамни еган ҳар бир одам эса Мен туфайли яшайди.

[58] Осмондан тушган нон мана шудир. Бу нон ота–боболарингиз еган маннага ўхшамайди, улар манна еб ўлиб кетганлар. Мен берган нонни еган одам эса абадий яшайди.

[59] Исо бу сўзларни Кафарнаҳумдаги синагогада таълим бераётганда айтган эди.

[60] Унинг кўплаб шогирдлари бу гапларни эшитиб: — Қанчалик қаттиқ сўзлар! Буларни ким ҳазм қила олади?! — дейишар эди.

[61] Шогирдлари норози бўлганларини Исо биларди, шунинг учун У шундай деди: — Гапларим жиғингизга тегяптими?

[62] Агар сизлар Инсон Ўғлининг асли келган жойига — осмонга кўтарилиб кетаётганини кўрсангизлар, нима дер экансизлар–а?!

[63] Худонинг Руҳи ҳаёт бахш этади, инсоннинг кучи билан эса ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Сизларга айтган бу сўзларимни Менга Худонинг Руҳи берган, бу сўзларим сизларга ҳаёт ато қилади.

[64] Шунга қарамай, орангизда Менга ишонмаганлар бор. Ҳолбуки, Исо кимлар ишонмаганини ва ким Унга хиёнат қилишини олдиндан билар эди.

[65] Исо гапида давом этди: — Шу сабабдан Мен сизларга: “Осмондаги Отам йўл қўймаса, ҳеч ким Менинг олдимга келолмайди”, — деган эдим.

[66] Ўша вақтдан бошлаб кўп шогирдлар Исодан юз ўгириб, Унга эргашмайдиган бўлдилар.

[67] Шунда Исо ўн икки шогирдидан: — Сизлар ҳам кетмоқчимисизлар? — деб сўради.

[68] Бутрус шундай жавоб берди: — Ҳазрат, биз Сиздан бошқа кимга ҳам борар эдик?! Абадий ҳаёт бахш этувчи сўзлар Сизда–ку!

[69] Сиз Худонинг Азизи эканингизга ишончимиз комил.

[70] Исо уларга деди: — Мен ўн иккитангизни танлаб олдим. Лекин орангиздаги биттангиз иблисдир!

[71] У Шимўн ўғли Яҳудо Ишқариётни назарда тутган эди. Яҳудо ўн икки шогирддан бири бўлса ҳам, кейинчалик Исога хиёнат қилди.

Юҳанно баён этган муқаддас Хушхабар — Chapters