Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 6:43

[1] Фисиҳ байрамига оз қолган эди. Исо бу дунёни тарк этиб, осмондаги Отаси олдига борадиган вақт–соати келганини билар эди. У дунёдаги Ўзиникиларни яхши кўрар эди, уларни охиригача яхши кўрди.

[2] Кечки овқат пайти эди. Шимўн ўғли Яҳудо Ишқариётнинг дилига иблис аллақачон Исога хиёнат қилиш ниятини солган эди.

[3] Исо эса Отаси ҳамма нарсани Унинг қўлига берганини билар эди, У Худодан келиб, яна Худонинг олдига қайтаётганини ҳам билар эди.

[4] Шундай қилиб, Исо дастурхондан туриб, устки кийимини ечиб ташлади. Сочиқни олиб белига боғлади.

[5] Кейин тоғорага сув қуйиб, шогирдларининг оёқларини ювишга тушди. Белига боғлаган сочиқ билан уларнинг оёқларини артиб қуритди.

[6] Исо Бутруснинг олдига келди. — Ҳазрат, наҳот оёқларимни Сиз ювсангиз?! — деди Бутрус.

[7] — Ҳозир нима қилаётганимни сен билмайсан, кейин тушуниб оласан, — деди Исо унга жавобан.

[8] — Менинг оёқларимни икки дунёда ҳам ювмайсиз! — деди Бутрус. — Агар оёқларингни ювмасам, Менга қарашли бўлмайсан, — деди Исо.

[9] Шунда Бутрус деди: — Ҳазрат, нафақат оёқларимни, қўлларим билан бошимни ҳам ювиб қўйинг!

[10] Исо унга деди: — Чўмилган одам фақат оёғини ювса бас, у тамоман покдир. Сизлар ҳам поксизлар, аммо ҳаммангиз эмас.

[11] Исо Ўзига хоинлик қиладиган одамни билар эди, шунинг учун: “Ҳаммангиз ҳам пок эмассизлар”, деди.

[12] Шогирдларининг оёқларини ювиб бўлгач, Исо устки кийимини кийиб, яна дастурхон олдига ёнбошлади. Сўнг шогирдларидан сўради: — Ҳозир нима қилганимни тушундингизларми?

[13] Сизлар Мени “Устоз”, “Ҳазрат” деб чақирасизлар ва тўғри қиласизлар, чунки Мен худди шундайман.

[14] Агар Мен Ҳазратингиз ва Устозингиз бўла туриб оёқларингизни ювган бўлсам, сизлар ҳам бир–бирингизнинг оёқларингизни ювишингиз шарт.

[15] Мен сизларга нима қилган бўлсам, сизлар ҳам ўшани қилишингиз керак. Мен сизларга ўрнак кўрсатдим.

[16] Сизларга чинини айтайин: қул ўз хўжайинидан устун эмас, элчи ҳам уни юборгандан устун эмас.

[17] Агар гапимни уққан бўлсангиз, бунга амал қилинглар, шунда бахтли бўласизлар!

[18] Исо гапида давом этди: — Менинг гапларим ҳаммангизга тегишли эмас. Мен кимларни танлаганимни биламан. Муқаддас битикларда: “Нонимни еган киши Менга қарши бош кўтарди”, деб айтилган. Бу сўзлар бажо бўлиши керак.

[19] Мен буни сизларга ҳозирдан, юз бермасдан олдин, айтиб қўйяпман. Токи юз берганда, Масиҳ Мен эканлигимга ишонинглар.

[20] Сизларга чинини айтайин: ким Мен юборган одамни қабул қилса, Мени қабул қилган бўлади. Мени қабул қилган эса Мени Юборганни қабул қилган бўлади.

[21] Исо қаттиқ изтироб чекиб, деди: — Сизларга чинини айтайин, орангиздан биттаси Менга хиёнат қилади.

[22] Шогирдлари эса У кимни назарда тутаётганини билмай, гангиб бир–бирига қараб турар эдилар.

[23] Шогирдларидан бири Исонинг ёнида ёнбошлаган эди. У Исонинг севикли шогирди эди.

[24] Бутрус ўша шогирдга: “Исо ким ҳақида гапиряпти, сўра–чи”, деб имо–ишора қилди.

[25] Шунда у энгашиб, Исодан: — Ҳазрат, у ким? — деб сўради.

[26] Исо жавоб берди: — Мен бир бурда нонни косага ботириб кимга берсам, у ўшадир, — деди. Сўнг бурда нонни ботириб, Шимўн ўғли Яҳудо Ишқариётга берди.

[27] Яҳудо бурдани олар–олмас, шайтон унинг ичига кириб олди. — Қиладиганингни тезроқ қил, — деди унга Исо.

[28] Дастурхон атрофидагилардан ҳеч ким нима учун Исо бу сўзларни Яҳудога айтганини тушунмади.

[29] Пул қутиси Яҳудода бўлгани сабабли, баъзилари: “Исо унга, байрам учун бизга керак бўладиган нарсаларни сотиб ол, деяпти ёки, камбағалларга бир нима бер, деяпти”, деб ўйлардилар.

[30] Яҳудо эса ўша бурда нонни олган заҳоти ташқарига чиқиб кетди. Тун эди.

[31] Яҳудо чиқиб кетгач, Исо деди: — Инсон Ўғлининг улуғворлиги аён бўладиган вақти келди. У орқали Худонинг улуғворлиги аён бўлади.

[32] Худонинг улуғворлиги Инсон Ўғли орқали аён бўлар экан, тез орада Худо Инсон Ўғлини Ўз улуғворлигига шерик қилади.

[33] Болаларим! Энди Мен сизлар билан узоқ бўлмайман. Мени қидирасизлар. Яҳудийларга айтган эдим, сизларга ҳам айтяпман: Мен борадиган жойга сизлар боролмайсизлар.

[34] Сизларга янги амр беряпман: бир–бирингизни севинглар. Мен сизларни қандай севган бўлсам, сизлар ҳам бир–бирингизни шундай севинглар.

[35] Агар бир–бирингизни севсангиз, сизлар Менинг шогирдларим эканингизни ҳамма шундан билиб олади.

[36] Бутрус Исога деди: — Ҳазрат, Сиз қаерга кетяпсиз? — Ҳозир Мен борадиган жойга сен орқамдан боролмайсан, кейинчалик борасан, — деди унга Исо.

[37] Бутрус сўради: — Ҳазрат, нега ҳозир орқангиздан боролмас эканман? Мен Сиз учун жонимни беришга тайёрман!

[38] Исо жавоб берди: — Сен ростдан ҳам Мен учун жонингни беришга тайёрмисан?! Сенга чинини айтаман, хўроз қичқирмасданоқ, сен уч марта Мендан тонасан!

Юҳанно баён этган муқаддас Хушхабар — Chapters