[1] Бу ҳодисалардан кейин Исо Жалила кўли бўйида яна шогирдларига зоҳир бўлди. Бу шундай рўй берди:
[2] Бутрус, Тўма, яъни Дидимус, Жалиладаги Каъна қишлоғидан бўлган Натанил, Забадиёнинг ўғиллари ва бошқа икки шогирд — ҳаммалари бирга йиғилган эдилар.
[3] Бутрус ёнидагиларга: — Мен кетдим, балиқ тутаман, — деди. — Биз ҳам сен билан борамиз, — дейишди улар. Сўнг қайиққа тушиб, жўнаб кетишди. Лекин ўша кеча ҳеч нарса тутишолмади.
[4] Кун ёришганда, Исо қирғоқда турган эди. Шогирдлари эса Унинг Исо эканлигини билмадилар.
[5] — Йигитлар, балиғингиз борми? — деб сўради Исо улардан. — Йўқ, — деб жавоб берди улар.
[6] — Тўрингизни қайиқнинг ўнг томонига ташланглар, шунда тутасизлар, — деди Исо. Улар тўрни ташладилар. Балиқ кўплигидан уни тортиб ололмадилар.
[7] Шу пайт Исонинг севикли шогирди: — Бу Раббимиз Исо–ку! — деди Бутрусга. Бутрус буни эшитиши биланоқ, узун кўйлагининг этакларини белига қистирди–ю, кўлга сакради.
[8] Бошқа шогирдлар эса балиқ тўла тўрни судраганча, қайиқда келдилар. Улар қуруқликка яқин, тахминан икки юз тирсак масофада эдилар.
[9] Қирғоққа чиққанларида, нонни ва ёнган кўмир устида пишаётган балиқни кўрдилар.
[10] Исо уларга: — Ҳозир тутган балиғингиздан олиб келинглар, — деди.
[11] Бутрус бориб, тўрни қирғоққа тортиб чиқарди. Тўр катта балиқларга тўла эди. Ҳаммаси бўлиб 153 та балиқ бор эди. Балиқлар кўплигига қарамасдан, тўр йиртилмади.
[12] Исо шогирдларига: — Қани, келинглар, нонушта қилиб олинглар, — деди. Улардан ҳеч бири: “Сиз кимсиз?” деб сўрашга ботинолмади, чунки Унинг Раббимиз Исо эканлигини билар эдилар.
[13] Исо уларнинг олдига бориб, нондан берди, балиқдан ҳам берди.
[14] Шу йўсин Исо тирилгандан кейин учинчи марта шогирдларига зоҳир бўлди.
[15] Исо нонуштадан кейин Шимўн Бутрусдан сўради: — Юҳанно ўғли Шимўн, сен Мени улардан кўпроқ яхши кўрасанми? — Ҳа, Раббим! Мен Сени яхши кўришимни Ўзинг биласан–ку, — деди Унга Бутрус. — Қўзиларимни ўтлат, — деди унга Исо.
[16] Исо иккинчи марта Бутрусдан сўради: — Юҳанно ўғли Шимўн, сен Мени яхши кўрасанми? — Ҳа, Раббим! Сени яхши кўришимни Ўзинг биласан–ку, — деди Бутрус Унга. — Қўйларимни боқ, — деди унга Исо.
[17] Сўнг учинчи марта Бутрусдан сўради: — Юҳанно ўғли Шимўн, сен Мени яхши кўрасанми? Исо учинчи марта яна шу саволни бергани учун Бутрус хафа бўлди. — Раббим! Сен ҳамма нарсани биласан, мен Сени яхши кўришимни ҳам биласан, — деди Бутрус. Исо унга шундай деди: — Қўйларимни ўтлат!
[18] Сенга чинини айтайин: ёш бўлганингда камарингни ўзинг боғлар эдинг, хоҳлаган жойингга борар эдинг. Қариганингда эса қўлларингни узатасан, бошқа биров сени боғлайди, сени хоҳламаган жойингга олиб боради.
[19] Исо бу сўзлар орқали Бутруснинг қай йўл билан ўлиб, Худони улуғлашини билдирди. Сўнгра унга: — Ортимдан юр! — деди.
[20] Бутрус бурилиб, Исонинг севикли шогирди орқаларидан эргашиб келаётганини кўрди. Бу шогирди кечки зиёфатда энгашиб, Исодан: “Ҳазрат, Сизни ким тутиб беради?” — деб сўраган эди.
[21] Бутрус уни кўриб, Исодан: — Раббим, унинг тақдири нима бўлади? — деб сўради.
[22] Исо унга: — Мен келгунимгача унинг тирик қолишини истасам, бундан сенга нима?! Сен ортимдан юравер, — деди.
[23] Шундай қилиб, имонлилар орасида бу шогирд ўлмайди деган гап–сўз тарқалиб кетди. Ҳолбуки, Исо уни ўлмайди, демаганди. У фақат: “Агар Мен келгунимгача унинг тирик қолишини истасам, бундан сенга нима?!” — деб айтган эди.
[24] Ана шу шогирд бу ҳодисаларнинг ҳаммасига гувоҳ бўлиб, уларни ёзиб олган. Унинг гувоҳлиги ҳақиқат эканлигини биламиз.
[25] Исо яна кўп бошқа ишлар қилган. Булар бирма–бир ёзиб чиқилганда эди, ёзилган китоблар оламга ҳам сиғмас эди, деб ўйлайман.