[1] Яҳудий йўлбошчиларидан Никодим исмли бир одам бор эди, у фарзийлар мазҳабида эди.
[2] Бу одам бир куни кечаси Исонинг олдига келиб, Унга деди: — Устоз, Сиз Худодан келган бир муаллим эканлигингизни биз биламиз. Агар Худо Сиз билан бўлмаганда эди, Сиз бундай мўъжизали аломатларни қила олмас эдингиз.
[3] Исо унга шундай жавоб берди: — Сизга чинини айтай: қайтадан туғилмаган биронта одам Худонинг Шоҳлигини кўролмайди.
[4] — Кекса одам туғила олармиди?! У онасининг қорнига қайта кириб, яна туғила олмайди–ку! — деди Никодим.
[5] Исо шундай жавоб берди: — Сизга чинини айтай: сувдан ва Руҳдан туғилмаган биронта одам Худонинг Шоҳлигига киролмайди.
[6] Одам жисмонан ота–онадан туғилади, руҳан эса Муқаддас Руҳдан туғилади.
[7] “Сизлар қайтадан туғилишингиз керак” деганимга таажжубланманг.
[8] Руҳ худди шамолга ўхшайди. Шамол истаган жойда эсаверади. Унинг товушини эшитасиз–у, лекин қайси томондан келиб, қайси томонга кетишини билмайсиз. Руҳдан туғилган ҳар бир кишида ҳам шундай бўлади.
[9] — Бу қандай бўлиши мумкин? — деб сўради Никодим.
[10] Исо унга шундай жавоб берди: — Сиз Исроилнинг устозисиз–ку! Наҳотки шуни билмасангиз?!
[11] Сизга чинини айтай: биз билганимизни сўзлаймиз, кўрганимиз ҳақида шаҳодат берамиз. Лекин сизлар бизнинг шаҳодатимизни қабул қилмаяпсизлар.
[12] Агар сизлар ердаги нарсалар ҳақида айтганларимга ишонмасангизлар, самовий нарсалар тўғрисида гапирганларимга қандай ишонасизлар?
[13] Осмондан тушган Инсон Ўғлидан бошқа ҳеч ким осмонга чиққан эмас.
[14] Мусо саҳрода бронза илонни ходага маҳкамлаб, қандай юқорига кўтарган бўлса, Инсон Ўғли ҳам худди шундай юқорига кўтарилиши керак.
[15] Шу тариқа имонга келган ҳар бир киши У орқали абадий ҳаётга эга бўлади.
[16] Зеро, Худо оламни шунчалик севдики, Ўзининг ягона Ўғлини берди. Токи Унга ишонганлардан биронтаси ҳалок бўлмасин, балки абадий ҳаётга эга бўлсин.
[17] Худо дунёни ҳукм қилиш учун эмас, балки Ўғли орқали қутқариш учун Уни дунёга юборди.
[18] Унга ишонган одам ҳукм қилинмайди. Унга ишонмаган одам эса аллақачон маҳкум бўлган, чунки у Худонинг ягона Ўғлига ишонмади.
[19] Ҳукм шундай далилга асосланган: дунёга нур келди, аммо одамлар нурдан кўра, зулматни яхши кўрдилар, чунки уларнинг қилмишлари ёвуз эди.
[20] Қабиҳлик қилган одам нурдан нафратланади. Қилмишлари фош бўлмаслиги учун у нурдан қочади.
[21] Ҳақиқат йўлини тутган одам эса нурга келади. Бундай одамнинг ишлари Худо орқали қилинганлигини нур ҳаммага аён қилади.
[22] Шундан кейин Исо шогирдлари билан Яҳудия ўлкасига борди. Исо улар билан бир қанча вақт у ерда қолиб, одамларни сувга чўмдирди.
[23] Яҳё ҳам Салейм деган жойнинг яқинидаги Эйнон ерида халқни сувга чўмдирарди. У ер ниҳоятда серсув эди. Одамлар доим Яҳёнинг олдига келиб, сувга чўмдириларди.
[24] Бу ҳодисалар Яҳё зиндонга ташланишдан олдин юз берган эди.
[25] Шу маҳал Яҳёнинг шогирдлари билан бир яҳудий киши орасида таҳорат ҳақида баҳс бўлди.
[26] Улар Яҳёнинг олдига бориб дедилар: — Устоз! Иордан дарёсининг шарқий қирғоғида ёнингиздаги бир Одам ҳақида гувоҳлик берган эдингиз–ку, ўша Одам халқни сувга чўмдириб юрибди, ҳамма Унинг олдига боряпти.
[27] Бунга жавобан Яҳё деди: — Агар осмондан берилмаса, инсон ҳеч нарса қила олмайди.
[28] “Мен Масиҳ эмасман, фақат Унинг олдидан юборилганман”, деб айтган сўзларимга ўзларингиз гувоҳсизлар.
[29] Келин куёвга тегишлидир. Куёв жўра эса куёв ёнида туриб, унинг овозини эшитганидан севиниб хурсанд бўлади. Худди шундай мен ҳам бугун бениҳоят шодман.
[30] Масиҳ юксалиши, мен эса пасайишим керак.
[31] Юқоридан келган Зот ҳаммадан устундир. Ердан бўлган одам ерга мансубдир ва ерга хос масалалар тўғрисида гапиради. Осмондан Келган эса ҳаммадан устундир.
[32] У кўргани ва эшитгани ҳақида гувоҳлик беради, аммо ҳеч ким Унинг гувоҳлигини қабул қилмайди.
[33] Унинг гувоҳлигини қабул қилган киши эса Худонинг ҳақлигини тасдиқлайди.
[34] Худо юборган Зот Худонинг сўзларини гапиради. Зеро, Худо Ўз Руҳини Унга чексиз–ўлчовсиз беради.
[35] Ота Ўғлини яхши кўради, У ҳамма нарсани Ўғлининг қўлига топширган.
[36] Худонинг Ўғлига ишонган ҳар бир одам абадий ҳаётга эга бўлади. Ўғилни рад этган одам эса ҳаёт кўрмай, Худонинг ғазаби остида қолади.