Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 7:15

[1] Исо йўлда кетаётиб, бир туғма кўр одамни кўриб қолди.

[2] Шогирдлари Исодан сўрадилар: — Устоз, кимнинг гуноҳи унинг кўр бўлиб туғилишига сабабчи бўлди? Ўзиникими ёки ота–онасиникими?

[3] Исо шундай жавоб берди: — Бу одамнинг гуноҳи ҳам, ота–онасининг гуноҳи ҳам бунга сабаб бўлмаган. Худонинг ишлари унда намоён бўлиши учун у кўр туғилган.

[4] Кун ёруғ экан, Мени Юборганнинг ишларини қилишимиз лозим. Ана тун келяпти, ўшанда ҳеч ким иш қила олмайди.

[5] Мен оламда бор эканман, оламнинг нуридирман.

[6] Исо буларни айтди–ю, ерга тупурди, тупукдан лой қилиб, кўрнинг кўзларига суртди.

[7] Сўнг унга: — Бориб, Силоам ҳовузида ювингин, — деди. (Силоам “юборилган” демакдир.) Кўр одам бориб ювинди ва кўра оладиган бўлиб қайтди.

[8] Шунда унинг қўшнилари ва илгари унинг садақа сўраганини кўрган одамлар: — Бу ҳалиги тиланчилик қилиб ўтирган одам эмасми? — деб сўрашарди.

[9] Баъзилар: — Бу худди ўша, — десалар, бошқалар: — Йўқ, ўшанга ўхшайди, холос, — дейишарди. Одамнинг ўзи эса: — Ўша менман, — деб таъкидларди.

[10] — Ундай бўлса, кўзларинг қандай очилди? — деб сўрадилар.

[11] — Исо деган киши лой қилиб, кўзларимга суртди–ю, “Бориб, Силоам ҳовузида ювингин”, деди. Мен бориб ювиндим ва кўрадиган бўлиб қолдим, — деди шифо топган кўр.

[12] — Ўша Одам қани? — деб сўрадилар. — Билмайман, — деб жавоб берди у.

[13] Илгари кўр бўлган ўша одамни фарзийларнинг олдига келтиришди.

[14] Фарзийлар ҳам бу одамдан кўзлари қандай очилганини сўрадилар. — У кўзларимга лой суртди. Мен ювиндим–у, кўзларим кўрадиган бўлди, — деди ҳалиги одам. Исо лой қилиб, кўрнинг кўзларини очган кун Шаббат куни эди. Шунинг учун

[16] фарзийлардан баъзилари: — Кўзларингни очган Одам Худодан эмас, чунки У Шаббат кунига риоя қилмаяпти, — дедилар. Бошқалари эса: — Гуноҳкор одам бундай мўъжизали аломатларни қандай қила олади? — дейишди. Шундай қилиб, ораларида келишмовчилик пайдо бўлди.

[17] Шунда фарзийлар кўр одамдан яна сўрадилар: — У Киши ҳақида сен нима дейсан? У сенинг кўзларингни очди–ку! — У пайғамбар, — деб жавоб берди кўр.

[18] Бироқ яҳудийлар кўзлари очилган одамнинг ота–онасини чақиртирмагунча, унинг илгари кўр бўлганига ва кўзлари очилганига ишонмадилар.

[19] Улар кўрнинг ота–онасига шундай савол бердилар: — Кўр туғилган, деб айтган ўғлингиз шуми? Хўш, энди қандай қилиб унинг кўзлари кўряпти?

[20] Ота–онаси жавоб беришди: — Бу бизнинг ўғлимиз эканлигини биламиз. Унинг кўр туғилганини ҳам биламиз.

[21] Лекин қандай қилиб кўзлари кўраётганини ва кўзларини ким очганини биз билмаймиз. У балоғатга етган, ўзидан сўранглар. Ўзи учун ўзи жавоб берсин.

[22] Кўрнинг ота–онаси яҳудийлардан қўрққанлари учун шундай дедилар. Дин арбоблари бундан аввал, ким Исонинг Масиҳлигини тан олса, синагогадан четлаштирилсин, деб қарор қилган эдилар.

[23] Ана шу сабабдан кўрнинг ота–онаси: “У балоғатга етган, ўзидан сўранглар”, деб айтишганди.

[24] Шундай қилиб, илгари кўр бўлган одамни иккинчи марта чақириб, дейишди: — Ростини айтаман, деб Худонинг номи билан қасам ич! Биз у Одамнинг гуноҳкорлигини биламиз.

[25] Кўр шундай жавоб берди: — У гуноҳкорми, йўқми, мен билмайман. Шуни биламанки, мен кўр эдим, энди эса кўзларим кўряпти.

[26] — У сенга нима қилди? Кўзларингни қандай очди? — деб ундан сўрадилар.

[27] — Сизларга айтиб бердим–ку, аммо сизлар қулоқ солмадингизлар! Нега буни яна эшитмоқчисизлар?! Наҳотки сизлар ҳам Унинг шогирдлари бўлмоқчисизлар?! — деди у одам.

[28] Яҳудийлар эса уни ҳақоратлаб, дейишди: — Сен ўзинг Унинг шогирдисан! Биз эса Мусонинг шогирдларимиз!

[29] Мусога Худо гапирганини биламиз. Бу Киши–чи, Унинг қаерданлигини ҳам билмаймиз.

[30] Кўзи очилган одам шундай жавоб берди: — Ана шуниси жуда ажабланарли–да! Сизлар Унинг қаерданлигини билмайсизлар, У эса кўзларимни очди!

[31] Гуноҳкорларга Худо қулоқ солмаслигини биламиз. Унинг иродасига амал қилган тақводорларга эса Худо қулоқ солади.

[32] Туғма кўрнинг кўзларини бирор киши очгани ҳаётда эшитилмаган гап.

[33] Агар у Киши Худодан бўлмаганда эди, ҳеч нарса қилолмасди.

[34] Яҳудийлар бунга жавобан: — Сен бутунлай гуноҳ ичида туғилгансан, энди бизга ақл ўргатяпсанми?! — дейишди–да, уни синагогадан ҳайдаб чиқаришди.

[35] Ўша одамнинг ҳайдаб чиқарилганлигини Исо эшитди–ю, уни қидириб топди. — Сен Инсон Ўғлига ишонасанми? — деб сўради ундан.

[36] У одам эса Исога деди: — Ҳазрат, У кимдирки, мен Унга ишонсам?

[37] — Уни кўриб турибсан, У билан гаплашиб турибсан, — деди Исо.

[38] Шунда у одам: — Ишонаман, ё Раббий, — деди–да, Исога сажда қилди.

[39] Исо: — Кўрлар кўрсин, кўзи очиқлар эса кўр бўлсин деб, Мен бу дунёни ҳукм қилгани келганман, — деди.

[40] Унинг атрофида баъзи фарзийлар турган эди. Улар бу гапни эшитгач: — Наҳотки бизлар ҳам кўр бўлсак? — деб сўрашди.

[41] Исо уларга деди: — Агар кўр бўлганингизда, гуноҳда айбланмас эдингиз. Лекин сизлар “Кўзларимиз кўряпти” деганингиз учун гуноҳингиз ўз бўйнингизда қолади.

Юҳанно баён этган муқаддас Хушхабар — Chapters