Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 7:49

[1] Бу сўзларни айтгандан сўнг, Исо Ўз шогирдлари билан у ердан чиқиб, Қидрон сойлигининг нариги томонига ўтди. Ўша ерда бир боғ бор эди. Исо шогирдлари билан боққа кирди.

[2] Хоин Яҳудо ҳам ўша жойни билар эди, чунки Исо шогирдлари билан у ерда тез–тез учрашиб турар эди.

[3] Шундай қилиб, Яҳудо бир бўлинма Рим аскарларини ҳамда бош руҳонийлар ва фарзийлар томонидан юборилган Маъбад миршабларини бошлаб, у ерга келди. Қўлларида машъалаю фонуслар, қурол–яроғлар бор эди.

[4] Исо бошидан кечадиган ҳамма нарсани билар эди. У одамларга пешвоз чиқиб, сўради: — Кимни қидиряпсизлар?

[5] — Носиралик Исони, — деб жавоб беришди улар. — Ўша Менман, — деди Исо. Хоин Яҳудо уларнинг орасида турган эди.

[6] Исо “Ўша Менман” дейиши биланоқ улар орқага тисарилиб, ерга йиқилишди.

[7] Исо улардан яна сўради: — Кимни қидиряпсизлар? — Носиралик Исони, — дедилар.

[8] — Сизларга айтдим–ку, Ўша Менман, — деди уларга Исо. — Агар Мени қидираётган бўлсангизлар, буларни қўйиб юборинглар, кетаверишсин.

[9] Шу йўсин Исонинг илгари: “Ота, Сен Менга берган одамлардан ҳеч бирининг йўқолишига йўл қўймадим” деган сўзлари бажо бўлди.

[10] Шу онда Бутрус ёнидаги қиличини қинидан суғурди–да, олий руҳонийнинг хизматкорига бир уриб, ўнг қулоғини кесиб ташлади. Хизматкорнинг исми Малхус эди.

[11] Исо Бутрусга: — Қиличингни қинига солиб қўй! Наҳотки Мен осмондаги Отам берган азоб косасидан ичмасам?! — деди.

[12] Шунда Рим аскарлари билан бўлинма қўмондони ва яҳудий миршаблари Исони қўлга олиб, боғлашди.

[13] Уни олдин Ханан олдига олиб боришди. Ханан ўша йилги олий руҳоний бўлган Каяфаснинг қайнатаси эди.

[14] Яҳудийларга: “Халқ учун битта одамнинг ўлиши яхшироқ”, деб маслаҳат берган ўша Каяфас эди.

[15] Исонинг орқасидан Бутрус ва яна бошқа бир шогирд эргашиб боришар эди. Бу шогирд олий руҳоний Хананнинг таниши бўлиб, Исо билан бемалол олий руҳонийнинг ҳовлисига кирди.

[16] Бутрус эса ташқарида, дарвоза олдида қолди. Олий руҳонийга таниш бўлган шогирд кейинроқ яна ташқарига чиқди–да, дарвозабон чўрига нимадир деб, Бутрусни ичкарига олиб кирди.

[17] Шунда дарвозабон чўри Бутрусдан: — Сиз ҳам у Одамнинг шогирдларидан эмасмисиз? — деб сўради. — Йўқ! — деди Бутрус.

[18] Ҳаво совуқ бўлгани учун у ерда турган хизматкорлар билан миршаблар кўмир ёқиб, исинаётган эдилар. Бутрус ҳам уларнинг олдига бориб, исиниб турди.

[19] Шу пайтда олий руҳоний Ханан Исони сўроқ қилаётган эди. Шогирдлари ва таълимотига тааллуқли саволлар берди.

[20] Исо унга жавоб бериб деди: — Мен элу оламга очиқ сўзладим. Ҳар доим яҳудийлар йиғиладиган синагогаларда ва Маъбадда таълим бериб юрдим, ҳеч яширинча гап айтмадим.

[21] Нега Мени сўроқ қиляпсиз? Гапларимни эшитган одамлардан сўранг. Нималар ҳақида гапирганимни улар билишади.

[22] Исо буларни айтиб бўлгач, ёнида турган Маъбад миршабларидан бири Исонинг юзига бир шапалоқ уриб, деди: — Олий руҳонийга ҳам шундай жавоб берасанми?

[23] Исо бунга жавобан деди: — Агар Мен нотўғри гапирган бўлсам, нотўғри жойини кўрсат. Агар тўғри гапирган бўлсам, нега Мени урасан?

[24] Шундан кейин Ханан Исони боғланган ҳолда олий руҳоний Каяфас ҳузурига юборди.

[25] Бутрус олов олдида исиниб тураркан, кимдир ундан: — Сен ҳам Унинг шогирдларидан эмасмисан? — деб сўради. — Йўқ! — деб тонди у.

[26] Олий руҳонийнинг хизматкорларидан бири Бутрус қулоғини узиб юборган одамнинг қариндоши эди. Бу хизматкор Бутрусга деди: — Сени боғда У билан кўрдим, шекилли?

[27] Бутрус эса яна тонди. Нақ шу пайт хўроз қичқирди.

[28] Тонг отди. Яҳудийлар Исони Каяфас ҳузуридан олиб чиқиб, ҳоким Пилатнинг саройига олиб бордилар. Ўзлари эса булғанишни истамай ҳукумат саройига кирмадилар, чунки булғанган одам Фисиҳ таомини ея олмасди.

[29] Шу сабабли Пилат ташқарига, уларнинг олдига чиқди. — Бу Одамни нимада айблаяпсизлар? — деб сўради.

[30] — Агар У жиноятчи бўлмаганда, Уни сизнинг қўлингизга топширмас эдик, — деб жавоб беришди улар.

[31] — Уни олиб кетиб, ўз қонунингиз бўйича ҳукм қилаверинглар, — деди Пилат. — Бизга ҳеч кимни қатл қилишга ижозат берилмаган, — дейишди унга яҳудийлар.

[32] Исо Ўзининг қандай ўлиши ҳақида айтган сўзлари амалга ошиши учун бу воқеа содир бўлди.

[33] Шунда Пилат яна саройга кирди ва Исони чақиртириб: — Сен яҳудийларнинг Шоҳимисан? — деб сўради.

[34] — Ўзингиз қизиқиб сўраяпсизми, ёки бошқалар сизга Мен тўғримда айтишдими? — деб сўради Исо.

[35] Пилат деди: — Нима, мен яҳудиймидим?! Ўз халқинг, бош руҳонийларинг Сени менга топширишди. Сен нима иш қилиб қўйдинг?

[36] Исо жавоб берди: — Менинг Шоҳлигим бу дунёдан эмас. Агар Шоҳлигим бу дунёдан бўлганда эди, яҳудийларнинг қўлига тушмаслигим учун Менинг хизматкорларим курашар эдилар. Бироқ Менинг Шоҳлигим бу ердан эмас.

[37] — Демак, Сен Шоҳ экансан–да?! — деди Пилат. — Шоҳ эканимни ўзингиз айтдингиз, — деди Исо. — Мен ҳақиқат тўғрисида шоҳидлик қилмоқ учун туғилганман, ана шу мақсадда оламга келдим. Ҳақиқат тарафида бўлган ҳар бир одам Менга қулоқ солади.

[38] — Ҳақиқат ўзи нима? — деб сўради Пилат. Шундай деди–ю, яна ташқарига, яҳудийларнинг олдига чиқди. — Мен Ундан ҳеч қандай айб топмадим, — деди уларга.

[39] — Сизларнинг бир одатингиз бор–ку, ҳар Фисиҳ байрамида сизлар учун бир маҳбусни озод қилар эдим. Шунга кўра, сизлар учун яҳудийларнинг Шоҳини озод қилишимни истайсизларми?

[40] — Уни эмас, Бараббасни озод қилинг! — деб бақирди улар. Бараббас эса исёнда иштирок этганди.

Юҳанно баён этган муқаддас Хушхабар — Chapters