[1] Якшанба куни эрта саҳарда, кун ёришмасдан, Магдалалик Марям қабрнинг олдига келиб, қабр оғзидаги тошнинг ағдарилганини кўрди.
[2] Сўнг у югуриб, Бутрус ва Исонинг севикли шогирди олдига бориб деди: — Ҳазратимизнинг жасадини қабрдан олиб кетишибди. Уни қаерга қўйишганини билмаймиз.
[3] Бутрус ва бошқа шогирд қабр томон жўнашди.
[4] Иккови бирга югуриб кетишди. Аммо у шогирд Бутрусдан тезроқ югуриб, қабрга биринчи бўлиб етиб келди.
[5] У энгашиб ичкарига қаради–да, у ерда ётган кафанни кўрди. Лекин қабрга кирмади.
[6] Унинг орқасидан Бутрус етиб келиб, қабрга кирди. У ерда ётган кафанни
[7] ва Исонинг бошига ўралган рўмолни кўрди. Аммо рўмол кафан билан бирга эмас, алоҳида жойга йиғиштириб қўйилган эди.
[8] Шунда аввал келган шогирд ҳам қабрга кирди. Кўргандан кейингина ишонч ҳосил қилди.
[9] Чунки улар Муқаддас битиклардаги, Исо ўликдан тирилиши керак деган сўзларни шу пайтгача тушунмаган эдилар.
[10] Шундан сўнг шогирдлар яна ўз уйларига қайтиб кетдилар.
[11] Марям эса қабрнинг ташқарисида турганича, йиғлар эди. Йиғлаётиб, бир эгилиб қабр ичига қаради.
[12] Шунда оқ кийим кийган икки фариштани кўриб қолди. Бири Исонинг жасади ётган жойнинг бош томонида, иккинчиси эса оёқ томонида ўтирган эди.
[13] Улар Марямга: — Эй аёл, нега йиғлаяпсан? — дейишди. — Ҳазратимнинг жасадини олиб кетишибди, Уни қаерга қўйишганини билмайман, — деди у.
[14] Шундай деди–ю, орқасига бурилиб, у ерда турган Исони кўрди. Лекин Унинг Исо эканлигини билмади.
[15] — Эй аёл, нега йиғлаяпсан? Кимни қидиряпсан? — деб сўради ундан Исо. Марям Уни боғбон деб ўйлади. Унга шундай деди: — Тақсир, агар Уни сиз олиб кетган бўлсангиз, қаерга қўйганингизни менга айтинг, мен бориб Уни олай.
[16] Исо унга: — Марям! — деди. Марям Исога қайрилиб қаради–да, орамийчалаб: — Раввуний! — деди. (Раввуний “устозим” демакдир.)
[17] — Мени ушлаб турма! — деди Исо Марямга. — Мен самовий Отанинг олдига чиқиб кетяпман. Сен бориб биродарларимга гапларимни етказ: “Мен Отамнинг олдига чиқиб кетяпман. У сизларнинг ҳам Отангиздир. У Менинг Худойим ва сизларнинг Худойингиздир.”
[18] Шунда Магдалалик Марям шогирдларнинг олдига бориб: — Мен Раббимиз Исони кўрдим! — деди. Сўнг Исонинг унга айтган гапларини уларга етказди.
[19] Ўша якшанба куни оқшомда шогирдлар тўпланган эдилар. Улар яҳудийлардан қўрқиб, уйнинг эшикларини қулфлаб олган эдилар. Шу пайт Исо келди, ўрталарида туриб шогирдларига: — Сизларга тинчлик бўлсин! — деди.
[20] Сўнг уларга қўлларини ва биқинини кўрсатди. Шогирдлар Раббимиз Исони кўриб, хурсанд бўлиб кетдилар.
[21] Исо яна уларга деди: — Сизларга тинчлик бўлсин! Осмондаги Отам Мени дунёга юборгани сингари, Мен ҳам сизларни дунёга юборяпман.
[22] Шундай деб, уларнинг устига пуфлади–да: — Муқаддас Руҳни қабул қилинглар, — деди.
[23] — Сизлар кимнинг гуноҳларини кечирсангизлар, у кечирилади. Кимнинг гуноҳларини кечирмасангизлар, у кечиримсиз қолаверади.
[24] Исо келганда ўн икки шогирддан бири Тўма, яъни Дидимус шогирдлар орасида йўқ эди.
[25] Бошқа шогирдлар унга: — Биз Раббимиз Исони кўрдик, — дейишди. Тўма уларга шундай деди: — Унинг қўлларидаги мих чандиқларини ўзим кўрмагунимча, мих чандиқларига бармоғимни теккизмагунимча, биқинига қўлим билан тегиб кўрмагунимча ишонмайман.
[26] Кейинги якшанба куни Исонинг шогирдлари яна уйда тўпланган эдилар. Бу сафар Тўма ҳам улар билан бирга эди. Уйнинг эшиклари қулф эди. Шунга қарамай Исо кирди, ўрталарида туриб: — Сизларга тинчлик бўлсин! — деди.
[27] Кейин Тўмага қараб: — Бармоғингни бу ёққа теккиз! Қўлларимни кўр. Қўлингни узатиб, биқинимга тегиб кўр. Иккиланишни бас қил, ишон! — деди.
[28] Тўма Исога: — Ё Раббим, Худойим! — деди.
[29] Исо унга шундай деди: — Сен Мени кўрганинг учун ишондинг. Мени кўрмай ишонганлар нақадар бахтлидир!
[30] Исонинг бу китоб таркибига киритилмаган яна кўп мўъжизали аломатларига шогирдлар гувоҳ бўлганлар.
[31] Китобга киритилган мўъжизалар эса сизлар учун ёзилган. Токи сизлар Исонинг Масиҳ, Худонинг Ўғли эканлигига ишониб, бу имонингиз туфайли ҳаётга эга бўлинглар.