[1] Шундан кейин Исо Жалила ҳудудини кеза бошлади. У Яҳудияни кезишни хоҳламаган эди, чунки у ердаги яҳудийлар Уни ўлдиришга қасд қилган эдилар.
[2] Яҳудийларнинг Чайла байрами яқинлашаётган эди.
[3] Укалари Исога шундай дейишди: — Бу ердан чиқиб Яҳудияга боринг. Қилаётган ишларингизни шогирдларингиз ҳам кўришсин.
[4] Эл назарига тушаман деган биронта одам яширинча иш қилмайди–ку! Бундай ишларни қилар экансиз, Ўзингизни дунёга танитинг!
[5] Ҳатто укалари ҳам Унга ишонмас эдилар.
[6] Исо укаларига шундай деди: — Менинг вақт–соатим ҳали келгани йўқ. Лекин сизлар учун ҳар вақт қулайдир.
[7] Дунё сизлардан нафратлана олмайди, лекин Мендан нафратланади. Чунки Мен унинг қилмишлари ёмон эканлигини юзига соламан.
[8] Майли, сизлар байрамга боринглар. Мен ҳозирча бу байрамга бормайман, чунки Менинг вақтим ҳали келгани йўқ.
[9] Шу сўзларни айтиб, Исо Жалилада қолди.
[10] Исонинг укалари байрамга кетганларидан кейин, Исонинг Ўзи ҳам ҳеч кимга билдирмай, яширинча байрамга борди.
[11] Яҳудийлар эса Исони байрамда қидирар, “У қаёқда?” деб сўрар эдилар.
[12] Омма орасида Исо тўғрисида ҳар хил гап–сўзлар ёйилган эди. Баъзилар: “У яхши одам”, десалар, бошқалар: “Йўқ, У халқни йўлдан оздиряпти”, дейишарди.
[13] Бироқ яҳудийлардан қўрққанлари учун У ҳақда ҳеч ким очиқ гапирмас эди.
[14] Байрамнинг ярми ўтганда, Исо Маъбадга кириб, таълим бера бошлади.
[15] Уни эшитган яҳудийлар ҳайрон қолиб дейишди: — Бу Одам ўқимаган бўлса, қаердан шунча нарсани билади?!
[16] Исо уларга жавобан деди: — Мен ўргатаётган таълимот Ўзимники эмас, балки Мени Юборганникидир.
[17] Ким Худонинг иродасини бажаришни истаса, бу таълимот Худоданми ёки Ўзимданми, билиб олади.
[18] Ким ўз номидан гапирса, ўзига шуҳрат излайди. Ким уни юборганга шуҳрат изласа, ҳақиқатни сўзлайди, унинг дилида ҳийла бўлмайди.
[19] Қонунни сизларга Мусо берди, шундай эмасми? Аммо бирортангиз қонунни бажармайсиз. Нега Мени ўлдирмоқчисизлар?
[20] — Сени жин урибди! Ким Сени ўлдирмоқчи экан? — деди халойиқ.
[21] Исо эса Ўз сўзида давом этди: — Мен Шаббат куни битта мўъжиза қилганим учун ҳаммаларингиз ҳайрон қоляпсизлар.
[22] Ўзларингиз эса, Мусонинг қонунига амал қилайлик деб, Шаббат куни ўғил болани суннат қиласизлар–ку! Аслида, суннат одати Мусодан эмас, Иброҳим давридан қолган.
[23] Мусонинг қонуни бузилмасин деб, сизлар ҳатто Шаббат куни ҳам ўғил болани суннат қилсангизлар, нега Мендан ғазабланасизлар?! Шаббат куни одамни бутунлай соғайтирганим учунми?!
[24] Юзаки ҳукм қилманглар, ҳукмингиз адолатли бўлсин.
[25] Баъзи Қуддусликлар шундай дейишарди: — Йўлбошчиларимиз ўлдирмоқчи бўлган Одам шу эмасми?
[26] Мана, У ҳамманинг олдида сўзлаяпти, Унга қарши ҳеч ким ҳеч нарса демаяпти. Наҳотки йўлбошчиларимиз Уни Масиҳ деб тан олишган бўлса?!
[27] Аммо бу Одамнинг қаерданлигини ҳаммамиз биламиз, Масиҳ келганда эса, Унинг қаерданлигини ҳеч ким билмайди.
[28] Исо Маъбадда таълим берар экан, баланд овозда шундай деди: — Ҳа, сизлар Менинг кимлигимни ҳам, қаерданлигимни ҳам биласизлар. Лекин Мен Ўзимча келганим йўқ. Мени Юборган бор, сизлар эса Уни танимайсизлар. У ҳақдир.
[29] Мен Уни биламан, чунки Мен Унинг олдидан келганман, У Мени юборган.
[30] Бу гапи учун Исони қўлга олмоқчи бўлдилар. Бироқ ҳеч ким Унга қўл теккизмади, чунки Унинг вақт–соати ҳали келмаган эди.
[31] Шу билан бирга, халқ орасидаги кўп одамлар Унга имон келтирди. Улар: — Масиҳ келса ҳам, барибир бунчалик кўп мўъжизали аломатлар кўрсата олмайди! — дейишарди.
[32] Одамлар Исо тўғрисида шундай деб пичирлашаётганини фарзийлар эшитиб қолишди. Шунда бош руҳонийлар билан фарзийлар Исони қўлга олиш учун Маъбад миршабларини юборишди.
[33] Исо деди: — Мен сизлар билан қисқа бир муддат бўлиб, яна Мени Юборганнинг олдига қайтиб бораман.
[34] Сизлар Мени излайсизлар–у, лекин тополмайсизлар. Мен борадиган жойга сизлар боролмайсизлар.
[35] Буни эшитган яҳудийлар ўзаро шундай деб айтишарди: — У қаерга бормоқчики, биз Уни топа олмасак? Балки У бошқа юртларда яшайдиган яҳудийлар орасига бормоқчидир? Ғайрияҳудийларга ҳам таълим бермоқчидир?
[36] “Сизлар Мени излайсиз–у, лекин тополмайсизлар, Мен борадиган жойга сизлар боролмайсизлар” деган гаплари билан нима айтмоқчи экан?
[37] Чайла байрамининг охирги, улуғ кунида Исо туриб, баланд овозда хитоб қилди: — Ким чанқаган бўлса, Менинг олдимга келиб ичсин.
[38] Шунда Муқаддас битикларда айтилганидек, Менга ишонган одамнинг ичидан ҳаётбахш сув дарё бўлиб оқиб чиқади.
[39] Исо шундай деганда, Муқаддас Руҳни назарда тутган эди. Унга ишонганлар Руҳни қабул қилиб олишлари керак эди. Лекин Руҳ ҳануз берилмаган эди, чунки Исо ҳали улуғланмаган эди.
[40] Оломон ичидан баъзилари бу сўзларни эшитиб шундай дедилар: — Ҳақиқатан ҳам бу Одам биз кутган пайғамбар экан.
[41] Бошқалари: — Бу Масиҳ, — дейишса, яна бошқалари шундай дейишарди: — Масиҳ Жалиладан келмайди–ку!
[42] Муқаддас битикларда, Масиҳ Довуднинг уруғидан келиб чиқади, У Довуд яшаган Байтлаҳм қишлоғида туғилади, деб айтилмаганми?!
[43] Шу тариқа Исо туфайли халқ иккига бўлинди.
[44] Баъзилар Уни қўлга олмоқчи бўлишди, аммо ҳеч ким Унга қўл теккизмади.
[45] Шу пайт Маъбад миршаблари бош руҳонийларнинг ва фарзийларнинг олдига қайтиб келишди. — Нега Уни олиб келмадингизлар? — деб сўрашди улардан.
[46] — Ҳеч ким ҳеч қачон бу Одамдай гапирмаган, — деди миршаблар.
[47] — Мабодо У сизларни ҳам йўлдан урмадими? — дейишди фарзийлар.
[48] — Бош руҳонийлар билан фарзийлар орасида Унга ишонган биронта одам ҳам йўқ!
[49] Тавротни билмаган ўша қаланғи–қасанғилар эса шундоқ ҳам лаънат остида қолган!
[50] Шунда фарзийлардан бири, илгари Исонинг олдига борган Никодим шундай савол берди:
[51] — Қонунимизга кўра, наҳотки биз одамни эшитмай туриб, унинг айбини топмасдан уни ҳукм қила олсак?!
[52] — Сен ҳам Жалиладан бўлсанг керак–а? Муқаддас битикларни ўрганиб чиқ, Жалиладан пайғамбар чиқмаслиги аниқ, — дейишди унга.
[53] Шундан кейин ҳаммалари уй–уйларига тарқалиб кетдилар.