[1] Икки кундан кейин Жалиладаги Каъна қишлоғида никоҳ тўйи бўлди. Исонинг онаси ўша ерда эди.
[2] Исо билан шогирдлари ҳам тўйга таклиф қилинган эдилар.
[3] Шароб тугай деб қолганда, онаси Исога: — Уларда шароб қолмабди, — деди.
[4] — Бунинг Менга нима дахли бор?! Менинг вақт–соатим ҳали келгани йўқ, — деди Исо.
[5] Шунда онаси хизматкорларга: — У сизларга нима деса, шуни қилинглар, — деди.
[6] Ўша ерда яҳудийларнинг покланиш маросимларида ишлатиладиган олтита тош хум бор эди. Ҳар бир хум ичига ўн–ўн икки челак сув сиғарди.
[7] Исо хизматкорларга: — Хумларни сувга тўлдиринглар, — деди. Улар хумларни лиммо–лим қилиб сувга тўлдиришди.
[8] Исо уларга: — Энди хумдаги сувдан озгина олиб, тўйбошига олиб боринглар, — деди. Улар олиб боришди.
[9] Тўйбоши шаробга айланган сувни татиб кўрди. Бу шаробнинг қаердан келганлигини у билмас эди, фақат олиб келган хизматкорлар билишар эди. Тўйбоши куёвни чақиртириб,
[10] унга деди: — Дастурхонга аввал яхши шароб тортилади. Меҳмонлар ичиб тўйганларидан кейин, ёмонроғи тортилади. Сен эса яхши шаробни шу пайтгача сақлаб келибсан!
[11] Бу Исонинг қилган биринчи мўъжизаси эди. Исо бу мўъжизали аломатни Жалиладаги Каъна қишлоғида намойиш этиб, Ўзининг улуғворлигини зоҳир қилди. Шогирдлари Унга ишондилар.
[12] Шундан кейин Исо, онаси, укалари ва шогирдлари Кафарнаҳум шаҳрига бордилар ва у ерда бир неча кун турдилар.
[13] Яҳудийларнинг Фисиҳ байрами яқинлашиб қолгани учун Исо Қуддус шаҳрига борди.
[14] Маъбад ҳовлисига кирганда, у ерда мол–қўй, каптар сотаётганларни ва хонтахталар ёнида ўтирган саррофларни кўрди.
[15] Исо арқондан қамчи ясади–да, Маъбаддан ҳаммани мол–қўйлари билан бирга қувиб чиқарди. Саррофларнинг хонтахталарини ағдариб, пулларини сочиб юборди.
[16] Каптар сотувчиларга: — Буларни йўқотинглар бу ердан! Отамнинг уйини бозор қилманглар! — деди.
[17] Шунда Унинг шогирдлари Муқаддас битиклардаги: “Сенинг уйингга бўлган севгим ичимни ёндирар” деган сўзларни эсладилар.
[18] — Бундай қилишга нима ҳақинг бор?! Борди–ю, ҳақинг бўлса, биронта аломат кўрсатиб, буни исботла! — деб талаб қила бошлади яҳудийлар.
[19] Исо шундай жавоб берди: — Мана бу Маъбадни бузинглар, Мен уч кун ичида уни тиклайман.
[20] Бунга жавобан яҳудийлар дедилар: — Бу Маъбад қирқ олти йилдан бери қуриляпти, Сен эса уни уч кунда тикламоқчимисан–а?!
[21] Ҳолбуки, Исо Маъбад деб Ўзининг баданини назарда тутган эди.
[22] Исо ўлиб тирилгандан кейин, шогирдлари Унинг бу гапини эсладилар. Шунда Муқаддас битикларга ва Исонинг сўзларига ишондилар.
[23] Исо Қуддусда Фисиҳ байрамида бўлганда, кўп одамлар Унинг қилаётган мўъжизали аломатларини кўриб, Унга имон келтирдилар.
[24] Аммо Исо одамларнинг қанақалигини билгани учун Ўзини уларга ишонмас эди.
[25] Инсон ҳақида Унга бирон гап айтишнинг ҳожати йўқ эди. Чунки инсон дилида нима борлигини У билар эди.