Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 8:32

[1] Фисиҳ байрамидан олти кун олдин Исо Лазарнинг қишлоғи Байтанияга борди. Исо ўша Лазарни ўликдан тирилтирган эди.

[2] Ўша ерда Исога зиёфат ҳозирладилар. Марта хизмат қилиб юрган эди, Лазар эса Исо ва меҳмонлар билан бирга дастурхон олдида ёнбошлаган эди.

[3] Шу пайт Марям бир шиша тоза, қимматбаҳо сунбул мойини олиб келиб, Исонинг оёқларига суртди, сўнг сочлари билан артди. Уй атир мойнинг хушбўй ҳидига тўлиб кетди.

[4] Исонинг шогирдларидан бири, Унга хиёнат қиладиган Яҳудо Ишқариёт деди:

[5] — Бу мойни уч юз кумуш тангага сотиб, камбағалларга бўлиб берса бўлмасмиди?!

[6] У шу гапни камбағалларга қайғургани учун эмас, балки ўғри бўлгани учун айтди. Пул қутиси Яҳудонинг назоратида эди, қутига солинадиган пулдан у ўғирлаб турарди.

[7] Исо шундай деди: — Марямни тинч қўйинглар! Зотан, у Мени дафн кунимга тайёрлади.

[8] Камбағаллар ҳар доим сизлар билан бирга бўлади. Мен эса ҳар доим ҳам сизлар билан бирга бўлмайман.

[9] Бир талай яҳудийлар Исонинг Байтанияда эканлигини билиб келишди. Улар нафақат Исони, балки Исо ўликдан тирилтирган Лазарни ҳам кўришни истардилар.

[10] Бош руҳонийлар Лазарни ҳам ўлдиришни режалаштирган эдилар.

[11] Чунки кўп яҳудийлар Лазар туфайли Исо томонига ўтиб, Унга имон келтираётган эдилар.

[12] Эртаси куни байрамга борган бир талай халойиқ Исонинг Қуддусга келаётганини эшитиб қолди.

[13] Улар пальма дарахти шохларидан олишди, Уни қарши олгани чиқиб, шундай деб ҳайқиришарди: “Тасанно! Эгамиз номидан келаётган Инсон барака топсин! Исроилнинг шоҳи муборак бўлсин!”

[14] Исо бир хўтикни топиб, унга минди, худди Муқаддас битикларда ёзилгандай:

[15] “Эй Қуддус халқи, қўрқма! Мана, Шоҳингиз хўтикни миниб келяпти.”

[16] Исонинг шогирдлари аввал буни тушунмадилар. Исо улуғлангандан кейингина улар бу сўзларнинг У ҳақда ёзилганини ва халқ худди ёзилганидек қилганини эсладилар.

[17] Исо Лазарни қабрдан чақириб тирилтирганига гувоҳ бўлган оломон Исога эргашиб, бу ҳақда ҳаммага айтарди.

[18] Исонинг қилган бу мўъжизали аломати ҳақида эшитган кўп одамлар Уни кутиб олгани чиққан эдилар.

[19] Фарзийлар эса бир–бирига: — Қаранглар, қўлимиздан ҳеч нарса келмади. Бутун дунё Унинг ортидан бормоқда! — дейишарди.

[20] Худога сажда қилиш учун байрамга келганлар орасида баъзи ғайрияҳудийлар бор эди.

[21] Улар Филипнинг олдига бориб (Филип Жалиланинг Байтсайда шаҳридан эди) шундай деб айтишди: — Тақсир, биз Исони кўрмоқчимиз.

[22] Филип бориб, бу ҳақда Эндрусга айтди. Сўнг иккалови Исонинг олдига бориб, Унга айтишди.

[23] Исо уларга шундай жавоб берди: — Инсон Ўғли улуғланадиган вақт–соати келди.

[24] Сизларга чинини айтайин: агар буғдойнинг дони ерга тушиб ўлмаса, у бир донлигича қолади. Агарда ўлса, кўп ҳосил беради.

[25] Ким ўз жонини севса, уни йўқотади. Ким бу дунёда ўз жонидан воз кечса, уни абадий ҳаёт учун сақлаб қолади.

[26] Ким Менга хизмат қилмоқчи бўлса, орқамдан юрсин. Мен қаерда бўлсам, хизматчим ҳам ўша ерда бўлсин. Менга хизмат қилган одамни осмондаги Отам ҳурмат қилади.

[27] Энди эса юрагим сиқилиб кетяпти. Нима ҳам дер эдим?! “Эй Ота, бу вақт–соатдан Мени сақла”, деб айта олармидим?! Мен шу вақт–соат учун келганман–ку!

[28] Эй Ота, Ўз номингни улуғлагин! Исо шундай дейиши биланоқ осмондан: — Мен номимни улуғладим, бундан кейин ҳам улуғлайман, — деган садо келди.

[29] У ерда турган оломон бу садони эшитиб, момақалдироқ деб ўйлади. Бошқалар эса: — Унга фаришта гапирди! — дейишди.

[30] Бунга жавобан Исо деди: — Бу садо Мен учун эмас, сизлар учун бўлди.

[31] Энди бу дунё ҳукм қилинади, бу дунёнинг ёвуз ҳукмдори ҳайдаб чиқарилади.

[32] Мен ердан юқорига кўтарилганимда, ҳаммани Ўзимга жалб қиламан.

[33] Исо бу сўзларни қай йўл билан ўлишини билдириш учун айтди.

[34] Халқ бунга жавобан деди: — Биз Тавротдан, Масиҳ абадий яшайди, деб эшитганмиз. Қандай қилиб Сен, Инсон Ўғли юқорига кўтарилиши керак, деб айтяпсан? Инсон Ўғли ким ўзи?

[35] Исо уларга деди: — Нур яна қисқа бир муддат сизлар билан бўлади. Нур борида юринглар, тағин зулмат сизларни қамраб олмасин. Зулматда юрадиган киши қаерга кетаётганини билмайди.

[36] Нур ҳануз сизлар билан экан, нурга ишонинглар, шунда нур фарзандлари бўласизлар. Буларни айтиб бўлгач, Исо узоқлашиб, халқдан яширинди.

[37] Исо халқнинг кўз ўнгида шунча кўп мўъжизали аломатлар яратган бўлса ҳам, улар Исога ишонмас эдилар.

[38] Шу тариқа Ишаё пайғамбарнинг сўзи бажо бўлди: “Эй Эгамиз, бизнинг хабаримизга ким ишонди? Сенинг қудратли кучинг кимга аён бўлди?”

[39] Ҳақиқатан ҳам, улар ишона олмадилар. Негаки, Ишаё улар ҳақида яна шундай деб айтганди:

[40] “Эгамиз уларнинг кўзларини кўр қилди, Ақлларини ўтмас қилди. Токи кўзлари билан кўрмасинлар, Ақллари билан англамасинлар, Тағин Менга қайтиб, шифо топмасинлар.”

[41] Ишаё Масиҳнинг улуғворлигини кўргани учун бу сўзларни айтган эди.

[42] Шунга қарамай, кўп яҳудий йўлбошчилари ҳам Исога имон келтирдилар. Лекин улар фарзийлар туфайли буни очиқчасига тан олмас эдилар, чунки синагогадан ҳайдалишдан қўрқардилар.

[43] Ахир, улар Худонинг мақтовидан кўра, инсоннинг мақтовини яхши кўрардилар.

[44] Исо хитоб қилиб деди: — Менга ишонган одам Менга эмас, балки Мени Юборганга ишонган бўлади.

[45] Мени кўрган одам Мени Юборганни кўрган бўлади.

[46] Менга ишонган биронта одам зулматда қолмасин деб, Мен дунёга нур бўлиб келдим.

[47] Агар ким Менинг сўзларимни эшитиб, риоя қилмаса, Мен уни ҳукм қилмайман. Мен дунёни ҳукм қилиш учун эмас, нажот бериш учун келганман.

[48] Мени рад қилиб, сўзларимни қабул қилмаган одамни ҳукм қилувчи бор. Ундай одамни охиратда Мен эмас, айтган сўзим ҳукм қилади.

[49] Зотан, Мен Ўзимча гапирганим йўқ. Мени юборган самовий Ота нима айтишимни, қандай гапиришимни Менга амр этган.

[50] Унинг амри эса абадий ҳаёт беришини биламан. Хуллас, нима айтаётган бўлсам, Отам Менга айтгандай сизларга айтяпман.

Юҳанно баён этган муқаддас Хушхабар — Chapters