Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 11:22

[1] Исо Зайтун тоғи томон кетди.

[2] Саҳарда яна Маъбадга қайтди. Бутун халқ Унинг олдига йиғилиб келди, У эса ўтириб, одамларга таълим бера бошлади.

[3] Шу орада Таврот тафсирчилари билан фарзийлар бир аёлни олиб келишди. Улар бу аёлни зино қилаётганда ушлаб олишган эди. Аёлни ҳамманинг олдига турғизиб,

[4] шундай дейишди: — Устоз, бу аёл зино қилаётганда ушланди.

[5] Мусо қонунда бундай аёлларни тошбўрон қилишни буюрган. Сиз нима дейсиз?

[6] Бу савол билан улар Исони тузоққа илинтириб, айблашга асос топмоқчи эдилар. Исо эса энгашиб бармоғи билан ерга ёза бошлади.

[7] Улар бу саволни қайта–қайта сўрайверганлари учун, Исо ўрнидан туриб деди: — Сизнинг орангизда ким бегуноҳ бўлса, ўша биринчи бўлиб аёлга тош отсин.

[8] Сўнг яна энгашиб, ерга ёзишни давом эттирди.

[9] Улар бу гапни эшитиб, катталардан бошлаб ҳаммаси бирин–кетин кета бошлашди. Охирида ёлғиз Исо билан Унинг олдида турган аёл қолди.

[10] Исо ўрнидан туриб аёлга деди: — Эй аёл, бошқалар қани? Ҳеч ким сени маҳкум қилмадими?

[11] — Ҳеч ким, Ҳазрат! — деб жавоб берди аёл. Исо деди: — Мен ҳам сени маҳкум қилмайман. Бор, бундан кейин бошқа гуноҳ қилма.

[12] Исо яна халққа гапириб деди: — Мен оламнинг нуриман. Кимки Менга эргашса, ҳеч қачон зулматда юрмайди, балки ҳаёт нурига эга бўлади.

[13] Фарзийлар Исонинг бу гапига эътироз билдирдилар: — Сиз Ўзингизга Ўзингиз гувоҳлик беряпсиз. Бу гувоҳлигингиз ҳаққоний эмас.

[14] Исо шундай жавоб берди: — Мен Ўзимга Ўзим гувоҳлик берсам ҳам, гувоҳлигим ҳаққонийдир. Чунки Мен қаердан келиб, қаерга кетаётганимни биламан. Сизлар эса Менинг қаердан келиб, қаерга кетаётганимни билмайсизлар.

[15] Сизлар инсоний ўлчов билан ҳукм қиласизлар. Мен эса ҳеч кимни ҳукм қилмайман.

[16] Борди–ю, Мен ҳукм қилсам ҳам, ҳукмим ҳаққонийдир. Чунки Мен Ўзим эмас, балки Мени юборган осмондаги Отам билан бирга ҳукм қиламан.

[17] Ўзларингизнинг Тавротингизда: “Икки гувоҳнинг шаҳодати ҳаққонийдир”, деб ёзилган–ку.

[18] Шундай экан, битта гувоҳ Менман, иккинчиси Мени юборган Отадир.

[19] Шунда улар Исодан: — Отангиз қаерда? — деб сўрадилар. У бунга жавобан деди: — Сизлар Мени ҳам, Отамни ҳам танимайсизлар. Агар Мени таниганингизда эди, Отамни ҳам таниган бўлар эдингизлар.

[20] Бу сўзларни Исо Маъбадда таълим бераётиб, хайр–эҳсон қутисининг олдида айтди. Ҳеч ким Уни қўлга олмади, чунки Унинг вақт–соати ҳали келмаган эди.

[21] Исо уларга яна деди: — Мен кетяпман. Сизлар Мени қидирасизлар ва гуноҳкор бўлиб ўласизлар. Мен борадиган жойга сизлар бора олмайсизлар.

[22] — Наҳотки У Ўзини Ўзи ўлдирса? “Мен борадиган жойга сизлар бора олмайсизлар”, деб айтяпти–ку, — дейишди ўзаро яҳудийлар.

[23] Исо уларга шундай деди: — Сизлар бу дунёдансизлар, Мен эса юқориданман. Сизлар бу оламга мансубсизлар, Мен эса бу оламдан эмасман.

[24] Шунинг учун сизларга: “Гуноҳкор бўлиб ўласизлар”, деб айтдим. Ҳа, агар Ўша Мен эканлигимга ишонмасангизлар, гуноҳкор бўлиб ўласизлар.

[25] — Сиз кимсиз? — деб сўрашди Исодан. Исо шундай деди: — Кимлигимни сизларга бошидан айтиб келяпман–ку!

[26] Сизларни айблаб айтадиган гапим жуда кўп. Лекин Мени Юборган ҳақдир, Мен Ундан нима эшитган бўлсам, ўшани дунёга маълум қиламан.

[27] Улар эса Исо самовий Отаси ҳақида гапираётганини тушунмадилар.

[28] Исо сўзида давом этди: — Инсон Ўғлини юқорига кўтарганингизда, Ўша Мен эканлигимни билиб оласизлар. Ўшанда Мен Ўзимча ҳеч нарса қилмаганимни, фақат Отам ўргатган нарсаларни айтганимни тушуниб оласизлар.

[29] Мени Юборган доимо Мен билан биргадир. У Мени ёлғиз ташлаб кетмаган. Зеро, Мен ҳар доим Унга маъқул бўлган ишларни қиламан.

[30] Исонинг айтган гапларини эшитган кўп одамлар Унга имон келтирдилар.

[31] Шу вақт Исо Унга ишонган яҳудийларга деди: — Агар Менинг сўзларимга риоя қилсангизлар, ҳақиқий шогирдларим бўласизлар.

[32] Сизлар ҳақиқатни билиб оласизлар, ҳақиқат эса сизларни озод қилади.

[33] Улар шундай деб жавоб беришди: — Биз Иброҳим наслимиз. Ҳеч қачон ҳеч кимга қул бўлмаганмиз. Қандай қилиб Сиз, “Озод бўласизлар”, деб айтяпсиз?

[34] Исо деди: — Сизларга чинини айтайин: гуноҳ қилувчи ҳар бир киши гуноҳнинг қулидир.

[35] Қул ҳеч қачон хонадон аъзоси бўла олмайди, ўғил эса абадулабад ўз хонадонининг аъзосидир.

[36] Шундай экан, агар Ўғил сизларни озод қилса, ҳақиқатан озод бўласизлар.

[37] Иброҳим насли эканлигингизни биламан. Бироқ Менинг жонимга қасд қилмоқчисизлар. Чунки Менинг сўзим қалбингиздан жой топмаган.

[38] Мен Отанинг ҳузурида нима кўрган бўлсам, ўшани сизларга айтяпман. Сизлар эса ўз отангиздан ўрганганингизни қиляпсизлар.

[39] Улар Исога шундай жавоб бердилар: — Бизнинг отамиз Иброҳимдир. Исо шундай деди: — Агар Иброҳимнинг фарзандлари бўлганингизда эди, Иброҳимнинг қилган ишларини қилган бўлар эдингизлар.

[40] Мен сизларга Худодан эшитган ҳақиқатни сўзлаб бердим, холос. Шундай бўлса–да, сизлар Мени ўлдирмоқчисизлар. Иброҳим бундай иш қилмаган.

[41] Сизлар Иброҳимнинг эмас, ўз отангизнинг ишларини қиляпсизлар. — Ие, биз зинодан туғилмаганмиз. Бизнинг биттаю битта Отамиз — Худонинг Ўзи–ку! — деб жавоб беришди Исога.

[42] Исо уларга шундай деди: — Агар Отангиз Худо бўлганда эди, Мени яхши кўрган бўлар эдингиз, чунки Мен Худодан келиб, энди шу ерда турибман. Мен Ўзимча келганим йўқ, Мени У юборди.

[43] Нега айтганларимни англамаяпсизлар?! Бунга сабаб — сўзларимни ҳазм қила олмаганингиз.

[44] Сизларнинг отангиз Худо эмас, иблисдир. Сизлар ўз отангизнинг нафсу эҳтиросларини бажо қилишни хоҳлайсизлар. Азалданоқ иблис қотил эди. У ҳеч қачон ҳақиқат тарафдори бўлмаган, чунки унда ҳақиқат йўқ. У ёлғон сўзлаганда, ўзига хос сўзлайди. Чунки у ёлғончи, ёлғоннинг отасидир.

[45] Аммо Мен ҳақиқатни гапирганим учун Менга ишонмаяпсизлар.

[46] Қайси бирингиз Мени бирон гуноҳда айблай оласиз? Агарда ҳақиқатни гапираётган бўлсам, нега Менга ишонмаяпсизлар?

[47] Ким Худога тегишли бўлса, Худонинг сўзларига қулоқ солади. Сизлар эса Худога бегона бўлганингиз учун қулоқ солмаяпсизлар.

[48] Бунга жавобан яҳудийлар шундай дедилар: — Сиз Самарияликсиз–ку, Сизни жин урибди, деб тўғри айтган эканмиз!

[49] Исо деди: — Мени жин ургани йўқ. Мен осмондаги Отамни ҳурмат қиламан. Сизлар эса Мени беобрў қиляпсизлар.

[50] Мен Ўзимга обрў орттирмоқчи эмасман. Лекин обрўйимни кўтарадиган бор, Унинг Ўзи ҳукм қилади.

[51] Сизларга чинини айтайин: ким Менинг сўзимга риоя қилса, ҳеч қачон ўлим кўрмайди.

[52] Шунда яҳудийлар дедилар: — Сизни жин урганини энди аниқ билиб олдик! Иброҳим ўлди, пайғамбарлар ҳам ўлиб кетишган. Сиз эса: “Ким Менинг сўзимга риоя қилса, ҳеч қачон ўлмайди”, деяпсиз–а?!

[53] Наҳотки Сиз вафот этган отамиз Иброҳимдан ҳам устун бўлсангиз?! Пайғамбарлар ҳам ўлиб кетишган–ку! Сиз Ўзингизни ким деб ҳисоблайсиз ўзи?!

[54] Исо шундай жавоб берди: — Агар Мен Ўзимни Ўзим мақтасам, мақтовларим беҳудадир. Отамнинг Ўзи Мени мақтайди. Сизлар Уни Худойимиз деб атайсизлар,

[55] аслида эса Уни танимайсизлар. Мен эса Уни биламан. Агар, Уни билмайман, десам, сизларга ўхшаган ёлғончи бўламан. Мен Уни биламан ва Унинг сўзига риоя қиламан.

[56] Отангиз Иброҳим келган кунимни кутиб, хурсанд бўлган эди. Ўша кунни кўриб, қаттиқ қувонди.

[57] — Сиз ҳали эллик ёшга тўлмаган бўлсангиз, қандай қилиб Иброҳимни кўргансиз?! — дейишди яҳудийлар Унга.

[58] Исо уларга шундай жавоб берди: — Сизларга чинини айтайин: Иброҳим туғилмасдан олдин Мен бор бўлганман.

[59] Шунда Исони тошбўрон қилмоқчи бўлдилар. Исо эса яширинча Маъбаддан чиқиб кетди.

Юҳанно баён этган муқаддас Хушхабар — Chapters