[1] Исо деди: “Сизларга чинини айтайин: ким қўй қўрасига эшикдан кирмай, бошқа йўлдан ошиб тушса, у ўғри ва босқинчидир.
[2] Эшикдан кирган одам эса қўйларнинг чўпонидир.
[3] Қоровул унга эшикни очиб беради. Қўйлар унинг овозига қулоқ солади. У эса ўз қўйларини номма–ном чақириб, ташқарига олиб чиқади.
[4] У ўз қўйларини қўрадан олиб чиққанда, уларнинг олдида бораверади. Қўйлар эса унга эргашади, чунки улар чўпоннинг овозини биладилар.
[5] Бегона кишига эса эргашмайдилар. Аксинча, бегонанинг овозини танимай, ундан қочадилар.”
[6] Исо бу матални айтиб берганда, тингловчилар У нима демоқчи эканлигини тушунмадилар.
[7] Шу сабабдан Исо яна деди: “Сизларга чинини айтай: Мен қўйлар учун эшикман.
[8] Мендан олдин келганларнинг ҳаммаси ўғри ва босқинчи эдилар. Лекин қўйлар уларга қулоқ солмадилар.
[9] Мен эшикман. Ким Мен орқали кирса, нажот топади. У кириб чиқиб, яйлов ҳам топади.
[10] Ўғри фақат ўғирлаш, бўғизлаш, барбод қилиш учун келади. Мен эса уларга ҳаёт, фаровон ҳаёт бериш учун келганман.
[11] Мен яхши чўпонман. Яхши чўпон қўйлари учун жонини фидо қилади.
[12] Ёлланган одам эса қўйларнинг на чўпони, на эгасидир. У бўрининг келганини кўргач, қўйларни ташлаб қочади. Бўри эса қўйларни талаб, тумтарақай қилади.
[13] Ёлланган одам шунчаки ёлланган бўлгани учун ва қўйлар ҳақида қайғурмагани учун қочади.
[14] Мен яхши чўпонман. Осмондаги Отам Мени ва Мен Отамни билганимдай, Мен қўйларимни биламан, улар ҳам Мени биладилар. Мен қўйларим учун жонимни фидо қиламан.
[16] Бу қўрада бўлмаган бошқа қўйларим ҳам бор. Уларни ҳам олиб келишим керак. Улар ҳам Менинг овозимга қулоқ солади, шунда бир сурув, бир чўпон бўлади.
[17] Мен жонимни қайтиб олишим учун уни фидо қиламан, шу боис Отам Мени яхши кўради.
[18] Ҳеч ким жонимни Мендан тортиб ололмайди. Мен Ўз ихтиёрим билан уни фидо қиламан. Жонимни беришга ва уни қайтариб олишга ҳокимиятим бор. Буни Менга Отам буюрган.”
[19] Исонинг бу сўзлари туфайли, яҳудийлар орасида яна келишмовчилик келиб чиқди.
[20] Ораларидан кўпчилик: — Уни жин урибди, У ақлдан озган! Нега Унга қулоқ соляпсизлар? — дер эдилар.
[21] Бошқалари эса: — Бу жин урганнинг сўзлари эмас. Жин кўр одамнинг кўзларини оча олармиди?! — деб айтишарди.
[22] Ўша вақтда Қуддусда Маъбадни бағишлаш байрами нишонланаётган эди. Қиш фасли эди.
[23] Исо Маъбадда Сулаймон айвони деган жойда айланиб юрар эди.
[24] Яҳудийлар Унинг атрофини ўраб олдилар. — Қачонгача бизни иккилантирасиз? Агар Масиҳ бўлсангиз, бизга очиғини айтинг, — дейишди.
[25] Исо уларга жавоб берди: — Мен сизларга айтдим, аммо сизлар ишонмаяпсизлар. Осмондаги Отам номидан қилаётган ишларим кимлигимни кўрсатиб турибди.
[26] Сизлар эса ишонмаяпсизлар, чунки сизлар Менинг қўйларимдан эмассизлар.
[27] Менинг қўйларим овозимга қулоқ солади. Мен уларни танийман, улар эса Менга эргашиб юришади.
[28] Мен уларга абадий ҳаёт бераман, улар ҳеч қачон ҳалок бўлмайдилар. Ҳеч ким уларни Менинг қўлимдан тортиб ололмайди.
[29] Уларни Менга берган Отам ҳаммадан буюкдир. Отамнинг қўлидан уларни тортиб олишга ҳеч кимнинг кучи етмайди.
[30] Мен ва Отам бирмиз.
[31] Яҳудийлар яна Исони тошбўрон қилмоқчи бўлдилар.
[32] — Мен сизларга Ота буюрган кўп хайрли ишларни кўрсатдим, уларнинг қайси бири учун Мени тошбўрон қилмоқчисизлар? — деб сўради Исо.
[33] Яҳудийлар Унга шундай дейишди: — Хайрли ишингиз учун эмас, куфрлигингиз учун Сизни тошбўрон қилмоқчимиз. Сиз одам бўла туриб Ўзингизни Худо деяпсиз!
[34] Исо шундай жавоб қайтарди: — Сизлар ўзларингиз доим ўқийдиган Муқаддас битикларда: “Айтдимки, ҳаммангиз худоларсиз”, деб ёзилган эмасми?!
[35] Ўзларингиз биласизлар: Муқаддас битикларни ўзгартириб бўлмайди. Худонинг каломини олган одамлар “худолар” деб аталган–ку!
[36] Мени эса Отам Ўзи учун ажратиб олиб, дунёга юборган. Мен “Худонинг Ўғлиман” деганим учун куфрлик қилган бўламанми?!
[37] Агар Мен Отамнинг ишларини қилмаётган бўлсам, Менга ишонмай қўя қолинглар.
[38] Борди–ю, Унинг ишларини қилаётган бўлсам, Менга ишонмасангиз ҳам, қилаётган ишларимга ишонинглар. Шунда Ота Менда ва Мен Отада эканимни билиб, англаб оласизлар.
[39] Улар яна Исони ушлаб олишга ҳаракат қилдилар, аммо Исо уларнинг чангалидан қутулиб қолди.
[40] Сўнг Исо Иордан дарёсининг шарқ томонига, илгари Яҳё одамларни чўмдириб юрган жойга қайтиб бориб, у ерда қолди.
[41] Унинг олдига кўп одамлар келишарди. Улар шундай деб айтишарди: “Яҳё ҳеч қандай мўъжизали аломат кўрсатмаган эди, лекин Яҳёнинг бу Одам ҳақида айтган ҳамма гапи тўғри чиқди.”
[42] Шундай қилиб, ўша ердаги кўп одамлар Исога ишондилар.