[1] Исо шогирдларига деди: “Мен ҳақиқий токман, осмондаги Отам эса боғбондир.
[2] Ҳосил бермайдиган ҳар бир новдамни У кесиб ташлайди. Ҳосил берадиган ҳар бир новдани эса, яна кўпроқ ҳосил берсин деб, хомток қилиб тозалайди.
[3] Мен сизга айтган сўзим орқали сизлар аллақачон тозаланиб бўлгансизлар.
[4] Мен билан алоқада бўлинглар, шунда Мен сизлар билан алоқада бўламан. Токка уланмаган новда ўз–ўзидан ҳосил беролмайди. Шу сингари, сизлар ҳам Мен билан алоқада бўлмасангизлар, ҳосил беролмайсизлар.
[5] Мен — ток, сизлар эса новдасизлар. Агар Менда бўлсангизлар ва Мен сизларда бўлсам, кўп ҳосил берасизлар. Менсиз ҳеч нарса қилолмайсизлар.
[6] Ким Мен билан алоқани узса, новда каби, ташлаб юборилади ва қурийди. Бундай новдаларни эса йиғиб, ўтга ташлаб ёндиришади.
[7] Агар сиз Мен билан алоқада бўлиб, сўзларимни қалбингизга жо қилсангизлар, истаганингизни сўранглар, сизга берилади.
[8] Сизлар кўп ҳосил бериб, Менинг шогирдларим эканлигингизни исботлайсиз. Бу орқали Отам улуғланади.
[9] Осмондаги Отам Мени қандай севган бўлса, Мен ҳам сизларни шундай севдим. Севгимга содиқ қолинглар.
[10] Мен Отамнинг амрларига амал қилиб, Унинг севгисига содиқ қолганман. Худди шу сингари, сизлар ҳам, Менинг амрларимга амал қилсангизлар, севгимга содиқ қоласизлар.
[11] Менинг шодлигим қалбингизни тўлдирсин деб, сизларга бу сўзларни айтдим.
[12] Менинг амрим шу: Мен сизларни қандай севган бўлсам, сизлар ҳам бир–бирингизни шундай севинглар.
[13] Ким ўз жонини дўстлари учун фидо қилса, бундан ортиқ севги йўқ.
[14] Агар сизлар амрларимни бажо келтирсангизлар, Менинг дўстларим бўласизлар.
[15] Мен сизларни энди қул деб атамайман. Қул хўжайини нима қилишини билмайди. Сизларни дўстларим дейман, чунки Отамдан эшитган ҳамма нарсани сизларга айтдим.
[16] Сизлар Мени эмас, Мен сизларни танладим. Мен сизларни: «Бориб ҳосил берсин, ҳосили боқий бўлсин», деб танладим. Шунда Менинг номимдан Отадан нима сўрасангизлар, У сизларга беради.
[17] Хуллас, сизларга амрим шу: бир–бирингизни севинглар!
[18] Агар дунё сизлардан нафратланаётган бўлса, билингки, сизлардан илгари Мендан нафратланган.
[19] Сизлар бу дунёга тегишли бўлганингизда эди, дунё сизларни ўзиники каби севар эди. Сизлар эса бу дунёга тегишли эмассизлар. Мен сизларни бу дунёдан танлаб олдим. Ана шу сабабдан дунё сизлардан нафратланади.
[20] Қул ўз хўжайинидан устун эмас деган сўзимни эсланглар. Агар Мени қувғин қилган бўлсалар, сизларни ҳам қувғин қиладилар. Агар Менинг сўзларимга риоя қилган бўлсалар, сизларникига ҳам риоя қиладилар.
[21] Одамлар буларни сизларга Менинг номим туфайли қиладилар. Ахир, улар Мени Юборганни танимайдилар.
[22] Агар Мен келиб, уларга гапирмаганимда эди, улар Менга ишонмаганлари учун гуноҳда айбланмас эдилар. Энди бўлса гуноҳларини оқлаш учун баҳона топа олмайдилар.
[23] Мендан нафратланган одам осмондаги Отамдан ҳам нафратланади.
[24] Агар Мен улар орасида бошқа ҳеч ким қилмаган мўъжизаларни қилмаганимда эди, улар гуноҳда айбланмас эдилар. Энди бўлса мўъжизаларимни кўрдилар–у, Мендан ҳам, Отамдан ҳам нафратландилар.
[25] Бу эса Тавротдаги: «Мендан сабабсиз нафрат этганлар» деган сўзлар бажо бўлиши учун содир бўлди.
[26] Мен сизларга Отамдан юборадиган Ҳомий, яъни Отамдан чиқадиган Ҳақиқат Руҳи келганда Мен тўғримда гувоҳлик беради.
[27] Сизлар ҳам гувоҳлик берасизлар, чунки бошданоқ Мен билан бирга бўлгансизлар.