[1] Кошкийди, бошим бир булоқ бўлса, Кўзларим ёшлар чашмаси бўлса. Халқим ҳалокатга учрагани учун, Кечаю кундуз йиғлаган бўлар эдим!
[2] Қанийди, саҳрода бир қўнолғам бўлса, Мен халқимни тарк этган бўлардим, Уларнинг орасидан чиқиб кетардим! Ахир, уларнинг ҳаммаси зинокор, хоинлар тўдасидир.
[3] Эгамиз шундай демоқда: “Халқим тилларини камон каби қайириб, Ёлғон сўзларни ўқдек отишади. Халқим ноҳақлик қилиб, юртда кучайиб бормоқда, Ёмонлик кетидан ёмонлик қилмоқда, Улар Мени тан олмайдилар.
[4] Қўшнингиздан эҳтиёт бўлинг, Қариндошингизга ишонманг. Ҳамма қариндошингиз ёлғончи, Ҳамма қўшнингиз туҳматчи.
[5] Қўшни қўшнисини алдайди, Биронтаси тўғри гап гапирмайди. Тили ёлғон гапиришга ўрганиб қолган. Ҳолдан тойгунча гуноҳ қилишади.
[6] Эй Еремиё, сен ёлғончилар орасида яшаяпсан, Улар ёлғонлари дастидан Мени тан олишни хоҳламаяптилар.” Эгамизнинг каломи шудир.
[7] Шу сабабдан Сарвари Олам демоқда: “Мен халқимни синовдан ўтказиб, поклайман. Уларни бошқа нима ҳам қилар эдим?!
[8] Уларнинг тили ҳалокат келтирадиган ўққа ўхшайди, Оғзидан фақат ёлғон сўзлар чиқади. Қўшниларига ширин гапиришади, Ичларида эса уларни тузоққа туширмоқчи бўлишади.
[9] Шундай экан, бу қилмишлари учун уларни жазоламайми?! Шундай бир халқдан ўч олмайми?!” Эгамизнинг каломи шудир.
[10] Мен тоғлар учун фарёд қилиб, йиғлайман, Даштдаги яйловлар учун марсия айтаман, Чунки яйловларнинг ҳаммаси қуриб қолган. У ердан ҳеч ким ўтмайди, Сигирларнинг маъраши эшитилмайди. Қушлару ҳайвонлар бу ерларни тарк этган.
[11] Эгамиз шундай деди: “Мен Қуддусни вайрон қиламан, Бу ерни чиябўриларнинг маконига айлантираман. Яҳудо шаҳарлари ҳувиллаб қолади, У ерда биронта ҳам одам қолмайди.”
[12] Мен Эгамиздан сўрадим: — Эй Эгам, нечун бу юрт шу қадар вайрон бўлиб кетди? Нечун саҳро каби ҳувиллаб қолди? У ерда биронта ҳам сайёҳ кўринмайди. Қайси фаросатли одамнинг бунга ақли етади?! Сен буларни ким орқали халққа етказасан?
[13] Эгамиз шундай жавоб берди: — Мен халқимга қонунлар берган эдим, лекин улар рад этдилар, Менга итоат этмадилар, қонунларимга риоя қилмадилар.
[14] Аксинча, юракларининг ўжарликларига итоат қилдилар, ота–боболари ўргатгандек Баалга сиғиндилар.
[15] Шунинг учун Мен бу халққа аччиқ ўтдан едириб, заҳарли сувдан ичираман, — деб айтмоқда Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам. —
[16] Ўзлари ва ота–боболари билмаган халқлар орасига Мен уларни тарқатиб юбораман. Уларнинг кетидан қилич жўнатиб, қирдириб ташлайман.
[17] Сарвари Олам шундай демоқда: “Энди қулоқ солинг! Йиғичи аёлларни чақириб келинг, Уларнинг энг моҳирлари келсин.”
[18] Халқ шундай деди: “Уларга айтинг, тезроқ келсин. Биз учун марсия айтишсин, Кўзимиздан ёшлар оқсин, Киприкларимиздан сувлар тўкилсин.
[19] Ана, Қуддусдан фарёд эшитилмоқда: «Хонавайрон бўлдик! Қандай шармандагарчилик! Юртимизни тарк этишга мажбурмиз, Уйларимиз вайрон бўлди.»”
[20] Эй аёллар, Эгамизнинг сўзини эшитинг, Унинг оғзидан чиққан ҳар бир сўзига қулоқ солинг. Қизларингизга марсия айтишни ўргатинг, Бир–бирингизга йиғи қўшиғини ёдлатинг.
[21] Ана, деразалардан ўлим ўрмалади, Қалъаларимизга кириб олди. Кўчалардаги болаларни йўқ қилиб ташлади, Майдонлардаги ёшларни қириб юборди.
[22] Эй аёллар, сизлар айтинг: “Эгамиз шундай демоқда: «Одамларнинг жасадлари ётади Даладаги гўнг каби Ўроқ солинган буғдой каби, Уларни ҳеч ким йиғиштириб олмайди.»”
[23] Эгамиз шундай деб айтмоқда: “Донолар донолиги билан мақтанмасин. Кучлилар кучи билан мақтанмасин. Бойлар бойлиги билан мақтанмасин.
[24] Ким мақтанмоқчи бўлса, Эгамизни биламан, деб мақтансин, Эгамизни тушунаман, деб мақтансин. Мен Эгангизман. Мен меҳр–шафқат кўрсатаман, ер юзида адолату ҳақиқат ила иш тутаман. Бундай қилишдан Мен завқланаман.” Эгамизнинг каломи шудир.
[25] Эгамиз демоқда: “Шундай кунлар келадики, бадани суннат қилинган, аммо юраги суннат қилинмаган одамларнинг ҳаммасини Мен жазолайман.
[26] Ҳа, Мен Мисрликларни, Эдом наслини, Оммон халқини, Мўабликларни, сочини олдириб юрадиган чўл қабилаларининг ҳаммасини ва улар билан бирга Ўз халқим Яҳудони жазолайман. Аслида, бу халқларнинг ҳаммаси суннатсиз, уларнинг юраги суннат қилинмаган.”