[1] Эгамиз менга шундай деди: “Бориб кулолдан бир сопол кўза сотиб ол. Сўнг ёнингга халқ оқсоқолларидан ва бош руҳонийлардан олиб,
[2] Синган кўзалар дарвозаси яқинидаги Хиннум сойлигига туш. Мен сенга айтадиган сўзларни оқсоқолларга сен ўша ерда айтасан.
[3] Сен уларга шундай деб айт: «Эй Яҳудо шоҳлари, Қуддус аҳолиси, Эгамизнинг сўзларини эшитинглар. Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда: Мен бу жойга шундай фалокат ёғдираманки, бу фалокатни эшитганларнинг бошидан ҳуши учади.
[4] Зотан, халқим Мени тарк этди, бу ерни ҳаром қилди. Улар ўзлари билмаган, ота–боболари ҳам, Яҳудо шоҳлари ҳам билмаган бегона худоларга қурбонликлар куйдирдилар. Бу ерни бегуноҳ одамларнинг қонига тўлдирдилар.
[5] Баалга атаб саждагоҳлар қурдилар. У ерда ўз ўғил–қизларини Баалга қурбонлик қилиб куйдирдилар. Мен уларга буни амр қилмаганман, бунақасини хаёлимга ҳам келтирмаганман.
[6] Қараб туринглар! — деб айтмоқда Эгамиз. — Шундай кунлар келадики, одамлар бу жойни Тофат ёки Хиннум сойлиги деб атамайди, балки бу жой ‘Қирғин водийси’ деб аталадиган бўлади.
[7] Мана шу жойда Мен Яҳудо ва Қуддуснинг режаларини барбод қиламан. Халқимни душманларга мағлуб қилиб бераман, уларда қасди борларнинг қўлига топшираман. Жасадларини қушларга, ёввойи ҳайвонларга ем қиламан.
[8] Мен бу шаҳарни шундай вайрон қиламанки, унинг олдидан ўтган–кетган ҳар бир киши шаҳарнинг аянчли аҳволидан даҳшатга тушиб, қотиб қолади.
[9] Душманлар шаҳарни қамал қилиб, одамларни қириб ташламоқчи бўладилар. Қамал пайтида азобда қолган халқ ўғил–қизларининг ва бир–бирининг этини ейдиган бўлади.»
[10] Эй Еремиё, ўзинг билан келганларнинг олдида кўзани синдир.
[11] Уларга шундай деб айт: «Сарвари Олам шундай демоқда: мана бу кўза чилпарчин бўлиб, тузатиб бўлмайдиган аҳволга тушгани каби, Мен бу халқни ва бу шаҳарни чилпарчин қиламан. Ўликлар Тофатда дафн қилинади, ўликлар кўплигидан қабрларга жой етмай қолади.
[12] Мен бу шаҳарни ва унинг аҳолисини шундай аҳволга соламанки, бу шаҳар Тофатга ўхшаган бўлиб қолади, — деб айтмоқда Эгамиз. —
[13] Қуддусдаги хонадонлар ва Яҳудо шоҳларининг саройлари, Тофат каби, ҳаром бўлади. Чунки у ерлардаги ҳамма уйларнинг томларида самовий жисмларга атаб қурбонликлар куйдирилган, бегона худоларга шароб назрлари келтирилган.»”
[14] Еремиё Эгамизнинг амри билан Тофатда башорат қилди, сўнг у ердан қайтиб келгач, Эгамизнинг уйи ҳовлисида туриб халққа деди:
[15] “Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда: энди Мен айтган сўзимга биноан бу шаҳар ва унинг атрофидаги қишлоқларга фалокат келтираман, чунки сизлар ўжарлик қилиб, сўзларимни эшитишни хоҳламадингизлар.”