Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 5:45

[1] Эй Исроил халқи, Эгамиз сизларга айтаётган сўзларга қулоқ солинг.

[2] Эгамиз шундай демоқда: “Бошқа халқларга тақлид қилманглар, Бошқа халқлар сингари, Осмондаги аломатлардан қўрқманглар.

[3] Халқларнинг удумлари беҳуда! Улар ўрмондан дарахт кесади, Ҳунарманд болтаси билан унга шакл бериб,

[4] Кумушу олтин билан безатади. Йиқилиб кетмасин дея, мих билан маҳкамлайди,

[5] Бутлари полиздаги қўриқчиларга ўхшайди. Улар гапира олмайди. Уларни кўтариб юриш керак бўлади, Ўзлари юра олмайди. Улардан қўрқманглар, Уларнинг қўлидан ҳеч қандай ёмонлик келмайди, Яхшилик ҳам қила олмайди.”

[6] Эй Эгамиз, Сенга ўхшаши йўқ! Сен буюкдирсан, Сенинг номинг улуғ ва қудратлидир.

[7] Эй элларнинг Шоҳи, Сендан қўрқмайдиган бирор зот борми?! Сен бунга лойиқдирсан. Халқларнинг донишмандлари орасида, Уларнинг шоҳлари орасида Сенга ўхшаши йўқ.

[8] Донишмандларию шоҳлари аҳмоқ ва бефаросат. Улар бетайин ёғоч бутларидан маслаҳат олишади.

[9] Бутларини ясаш учун кумушни Таршишдан, Олтинни Уфаздан келтиришади. Бутларни ҳунарманду заргарлар ясаган. Кўк ва сафсар либослар билан безаган, Ҳаммаси — моҳир усталарнинг ишидир.

[10] Аммо Эгамиз ҳақ Худодир. У барҳаёт Худо ва абадий Шоҳдир. Ғазабланганда ер силкинади, Унинг қаҳрига халқлар дош бера олмайди.

[11] Эгамиз шундай деди: “Бошқа халқларга айт: «Бу худолар еру осмонни яратмаган. Улар ер юзидан ва осмон остидан йўқ бўлиб кетади.»”

[12] Эгамиз қудрати ила ерни яратди, Донолиги ила дунёни бунёд этди, Идроки ила осмон гумбазини ўрнатди.

[13] Унинг овозидан осмондаги сувлар гулдурайди, У дунёнинг тўрт бурчидан булутларни олиб келади. Ёмғир ёғдирганда чақмоқ чақтиради, Омборларидаги шамоллардан эстиради.

[14] Унинг олдида ҳамма одамлар аҳмоқ ва нодондир. Заргарлар ясаган бутлари туфайли шарманда бўлишади. Ясаган санамлари сохтадир, уларнинг жони йўқ.

[15] Бу бетайин бутлар алдамчидир. Уларни жазолаганим заҳоти йўқ бўлишади.

[16] Ёқубнинг Худоси эса ундай эмас. Бутун борлиқни У яратган, Исроил қабиласини Ўзига мулк қилган. Унинг номи Сарвари Оламдир.

[17] Эй қуршовда яшаётганлар! Бор–будингизни йиғиштириб олинг.

[18] Зеро, Эгамиз шундай демоқда: “Мен сизларни Исроил юртидан улоқтириб ташлайман, Бошингизга кулфат ёғдираман, Токи сизлар буни сезинглар.”

[19] Шўрим қурсин! Шунчалик азобларга қолдим! Оғир яраланган эканман. Аммо ўзимга ўзим: “Бошимда шу дард бор экан, Унга чидашим керак”, дедим.

[20] Чодирим йиқитилган, иплари узиб ташланган. Фарзандларим кетди, улар йўқ бўлди. Энди чодиримни ким тикади?! Чодиримнинг пардаларини ким осади?!

[21] Ахир, чўпонлар аҳмоқ, Улар Эгамиздан маслаҳат олмадилар. Шунинг учун ҳам ишлари ўнгидан келмади, Қўйлари ҳар ёққа тарқалиб кетди.

[22] Эшитинглар! Бир хабар келмоқда! Ана, шимолдан шовқин–сурон кўтарилмоқда! Лашкарлар Яҳудо шаҳарларини хароб қилар эмиш, Чиябўрилар яшайдиган маконга айлантирар эмиш.

[23] Эй Эгам, биламан, Одам зоти ўз тақдирини ўзи белгилай олмайди, Ўз қадами ўзининг ихтиёрида эмас.

[24] Эй Эгам, мени жаҳл устида жазоламагин. Адолатинг ила ҳақ йўлга солгин, Акс ҳолда, мени йўқ қилиб юборасан.

[25] Сени тан олмайдиган халқлар устига қаҳрингни соч, Сенга сажда қилмайдиган эллар устига соч, Ахир, улар Ёқуб наслининг бошини едилар. Ҳаммасини ҳалок этиб, йўқ қилдилар, Юртини харобазорга айлантирдилар.

Еремиё пайғамбарнинг китоби — Chapters