Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 14:51

[1] Эгамиз шундай демоқда: “Мен Бобилга ва унинг аҳолисига қарши, Ҳалокат келтирадиган шамол қўзғатаман.

[2] Бобилга ажнабийларни жўнатаман. Улар буғдойни совургандай, Бобилни совуриб ташлайдилар. Унинг бор–йўғини шилиб оладилар. Кулфат куни унга ҳар ёқдан ёпириладилар.

[3] Бобил камонкашларининг совут кийишига, Ўқ узишларига имкон берманг. Бобил йигитларига раҳм қилманг! Лашкарини тамомила қириб битиринг.

[4] Улар Бобил юртида чопиб ташланадилар, Кўчаларида оғир яраланиб ётадилар.”

[5] Исроил ва Яҳудо халқлари Сарвари Олам олдида гуноҳ қилган бўлсалар ҳам, Худоси уларни тарк этмади. Исроил халқининг Муқаддас Худоси улардан юз ўгирмади.

[6] Бобилдан қочиб чиқинглар! Жонингизни қутқариб қолинглар! Бобилнинг гуноҳи туфайли қирилиб кетманглар, Зотан, Эгамиз Бобилдан ўч олмоқда, Қилган қилмишларига яраша жазосини бермоқда.

[7] Бобил Эгамизнинг қўлидаги олтин косадай эди, Бобил бутун дунёни маст қилди. Дунё халқлари косадаги шаробдан ичди, Ҳаммаси ақлдан озди.

[8] Бобил бирданига қулайди, вайрон бўлади. У учун фарёд қилинг! Яраларига малҳам суртинг, Зора тузалиб қолса!

[9] Бобилда яшаган ажнабийлар айтишади: “Бобилни тузатмоқчи эдик, аммо у тузалмади. Энди уни ташлаб кетайлик, Ҳар биримиз юртимизга қайтиб кетайлик. Ахир, Бобилнинг жазоси бошидан ошди, Кўкдаги булутларгача етиб борди.”

[10] Исроил халқи дейди: “Эгамиз бизни оқлади. Юринглар, Қуддусга борайлик, Эгамиз Худонинг буюк ишларини У ерда эълон қилайлик.”

[11] Эгамиз Ўз Маъбади учун Бобилликлардан ўч олмоқчи бўлди. У бутун Бобил юртини вайрон қилишни режалаштириб қўйган эди. Режасини амалга ошириш учун Мидия шоҳларини Бобилга қарши қўзғатиб, шундай деган эди: “Ўткирланг ўқларни! Тўлдиринг ўқдонларни!”

[12] Бобилга қарши байроқ кўтаринг. Қўриқчилар сафини кучайтиринг, Соқчилар қўйинг. Пистирма қўйишга тайёр туринг. Эгамиз режаларини амалга оширади, Бобилга қарши айтганларини бажаради.

[13] Эй сероб сувлар бўйидаги шаҳар, Бой хазинага эга бўлган шаҳар! Сенинг кунинг битди. Ҳаётинг ипи узилди.

[14] Сарвари Олам Ўз номи билан қасамёд қилиб деди: “Чигирткадай гала–гала душманни сенга қарши юбораман. Улар юртинг узра ғолибона ҳайқиради.”

[15] Эгамиз қудрати ила ерни яратди, Донолиги ила дунёни бунёд этди, Идроки ила осмон гумбазини ўрнатди.

[16] Унинг овозидан осмондаги сувлар гулдурайди, У дунёнинг тўрт бурчидан булутларни олиб келади. Ёмғир ёғдирганда чақмоқ чақтиради, Омборларидаги шамоллардан эстиради.

[17] Унинг олдида ҳамма одамлар аҳмоқ ва нодондир. Заргарлар ясаган бутлари туфайли шарманда бўлишади. Ясаган санамлари сохтадир, уларнинг жони йўқ.

[18] Бу бетайин бутлар алдамчидир. Уларни жазолаганим заҳоти йўқ бўлишади.

[19] Ёқубнинг Худоси эса ундай эмас. Бутун борлиқни У яратган, Исроил қабиласини Ўзига мулк қилган. Унинг номи Сарвари Оламдир.

[20] Эгамиз шундай дейди: “Эй Бобил, сен Менинг болғам, уруш қуролимсан. Сен билан эздим Мен халқларни, Сен билан парчаладим шоҳликларни.

[21] Сен билан пачақладим отлару чавандозларни, Мажақладим жанг араваларию аравакашларни.

[22] Сен билан эздим эркагу аёлларни, Сен билан урдим ёшу қариларни, Сен билан ўлдирдим йигиту қизларни,

[23] Сен билан эздим чўпонлару уларнинг сурувларини, Сен билан урдим деҳқонлару уларнинг ҳўкизларини, Сен билан ўлдирдим ҳокимлару аъёнларни.”

[24] Эгамиз шундай демоқда: “Қуддусга қилган барча ёвузликлари учун Бобилликларни ва бутун Бобил юртини сизнинг кўзингиз олдида жазолайман.

[25] Эй Бобил, сен тоғдай бўлиб, Бутун дунёни вайрон қилдинг. Шу боис Мен сенга қаршиман! — деб айтмоқда Эгамиз. — Мен сенга қарши қўл кўтараман, Сени қоялардан пастга думалатиб юбораман, Куйиб хароб бўлган тоққа айлантираман.

[26] Сендан на тамал тоши, На пойдевор учун тош олинади. Сен то абад ташландиқ бўлиб қоласан.” Эгамизнинг каломи шудир.

[27] Байроқни кўтаринг! Халқларга бурғу чалинг! Халқларни Бобилга қарши урушга тайёрланг. Арарат, Миннах ва Ашканоз шоҳликларини Унга қарши тўпланг. Бобилга қарши жанг қиладиган лашкарбошини тайинланг, Чигиртка галасидай кўп отлар келтиринг.

[28] Халқларни Бобилга қарши урушга тайёрланг. Мидия шоҳларини, уларнинг ҳокиму аъёнларини, Уларнинг қўли остидаги ҳамма юртларни Бобилга қарши сафарбар қилинг.

[29] Бутун дунё дағ–дағ титрамоқда, Зеро, Эгамиз Ўз режасини амалга оширмоқда. Бобил вайрон бўлади, Эвоҳ, кимсасиз ҳувиллаб қолади.

[30] Бобил сипоҳлари жангдан воз кечишади, Қалъаларида писиб ётишади. Уларнинг мадори қолмайди, Аёллардай заиф бўлиб қолишади. Бобилнинг душмани шаҳар биноларига ўт қўяди, Шаҳар дарвозаларини бузади.

[31] Чопар кетидан чопар югурар, Хабарчи кетидан хабарчи келар. Бобил шоҳига шундай хабар етказмоқчи улар: “Шаҳрингиз қулади,

[32] Дарёнинг кечув жойлари қўлга олинди, Тўқайларга ўт қўйилди, Сипоҳлар саросимага тушди.”

[33] Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда: “Қиз Бобил хирмондаги буғдойга ўхшайди. Тез орада ўрим вақти етиб келади, Ҳадемай у янчилади.”

[34] Қуддус аҳолиси шундай деди: “Бобил шоҳи Навухадназар бизни ғажиди, эзди, Бизни бўм–бўш идишдай қилиб қўйди. У аждарҳодай бизни ямлади, Лаззатли нарсаларимиз билан қорнини тўйғизди, Кейин эса бизни тупуриб ташлади.”

[35] Қуддус аҳолиси айтсин: “Мажақланган танам учун Бобилдан ўч олинсин”, дея. Сион аҳолиси айтсин: “Тўкилган қоним учун Бобилликлар жазолансин”, дея.

[36] Эгамиз шундай демоқда: “Мен даъвоингизни эшитиб, Сизни ҳимоя қиламан. Сизлар учун ўч оламан. Бобилнинг булоғини қуритаман, Дарёларини сувсиз қолдираман.

[37] Бобилни бир уюм тошга айлантираман, Чиябўриларнинг макони қиламан. Бобилнинг аҳволидан одамлар даҳшатга тушади, Уни кўрганлар қотиб қолади. У ерда бирон кимса яшамайди.

[38] Бобилликлар шер каби ўкиришади, Шер болаларидай бўкиришади.

[39] Айни қизишган пайтларида Уларга ўткир ичимликдан ичираман. Уларни масту шодон қиламан. Сўнг улар абадий уйқуга кетишади, Ҳеч қачон уйғонишмайди, — деб айтмоқда Эгамиз. —

[40] Мен уларни қўзичоқ, қўчқор ва такалардай Қассоб олдига олиб бораман.

[41] Эҳа, Бобил шаҳри қулади–я! Бутун дунё ғурури мағлуб бўлди–я! Унинг қисматидан халқлар даҳшатга тушди!

[42] Денгиз сувлари Бобилни босди, Шовқин тўлқинлар уни қоплаб олди.

[43] Ана, шаҳарлари хароб бўлди, Улар чўлу саҳрога айланди. Энди у ерда ҳеч ким яшамайди, Инсон қадами у ерга етиб бормайди.

[44] Бобил худоси Бэлни Мен жазолайман, Ютганларини оғзидан чиқараман. Энди халқлар унинг олдига оқиб бормайди, Бобил деворлари қулаб тушади.

[45] Эй халқим, чиқиб кет у ердан! Қочиб қол Менинг қаҳримдан! Жонингни қутқаргин!

[46] Юртдаги миш–мишлар сизни қўрқитмасин, Юрагингизга ғулғула солмасин. Бир йил бир миш–миш бўлади, Кейинги йили бошқаси чиқади. Ҳа, юртдаги зўравонлик ҳақида миш–миш чиқади, Шоҳлар орасидаги уруш ҳақида миш–миш тарқалади.

[47] Мана, шундай кун келяптики, Мен Бобилнинг сохта худоларини жазолайман. Бутун Бобил юрти шарманда бўлади, Кўчаларида жасадлар ётади.

[48] Ҳа, Бобилга қарши шимолдан Қирғин келтирувчи келади. Шунда Бобилнинг ҳалокатидан Еру осмон шодланади, У ердаги барча мавжудот хурсанд бўлади, — деб айтмоқда Эгамиз. —

[49] Ахир, Бобил Исроил халқининг умрига зомин бўлди, Ер юзидаги кўп халқларнинг бошини еди, Ана энди унинг қилмишлари ўзининг бошига етди.”

[50] Эй қиличдан омон қолганлар! Ўйланмасдан қочинглар! Олис юртда Эгамизни эсланглар. Қуддус ҳақида ўйланглар.

[51] Сизлар айтасиз: “Шарманда бўлдик. Ҳақоратлар эшитдик. Юзимиз шувут. Ахир, Эгамиз уйининг муқаддас хоналарини Ажнабийлар оёқ ости қилди.”

[52] Эгамиз эса шундай демоқда: “Мана, шундай кунлар келяптики, Мен Бобилнинг сохта худоларини жазолайман. Бутун юрт узра Ярадорларнинг фарёдлари эшитилади.

[53] Бобил осмонга чиқиб олса ҳам, Баланд қалъасини мустаҳкам қилса ҳам, Мен унга қарши қирғин келтирувчини юбораман.” Эгамизнинг каломи шудир.

[54] Ана, Бобил халқидан доду фарёд кўтарилмоқда, Бобил юртидан вайрон–талқон садолари келмоқда.

[55] Эгамиз Бобилни вайрон қилади, Шанғиллаган товушини ўчиради. Душманлар шиддатли тўлқинлардай ўкиради, Қулоқни тешгудек қилиб бақиради.

[56] Қирғин келтирувчи Бобилга қарши чиқади, Сипоҳларини асирликка олади. Камонларини синдиради. Ахир, Эгамиз жазолайдиган Худодир, У роса Бобилнинг жазосини беради.

[57] Худо Шоҳдир, Сарвари Оламдир Унинг номи. У шундай демоқда: “Маст қиламан Бобил амалдорларию донишмандларини, Ҳокимларини, аъёнларию жангчиларини. Улар абадий уйқуга кетадилар, Ҳеч қачон уйғонмайдилар.”

[58] Сарвари Олам шундай демоқда: “Бобилнинг қалин деворлари ер билан яксон қилинади, Баланд дарвозалари ёндириб ташланади. Эллар беҳуда тинкасини қуритади. Халқларнинг тер тўкиб эришганлари оловга ем бўлади.”

[59] Яҳудо шоҳи Зидқиё ҳукмронлигининг тўртинчи йили. Шоҳ Зидқиё Бобилга бормоқчи бўлиб йўлга отланганда, Еремиё пайғамбар Нериёнинг ўғли, Махсиёнинг невараси Сараёга кўрсатмалар берди. Сараё бу сафарда жавобгар бир шахс эди.

[60] Еремиё ўрама қоғозга Бобилнинг бошига тушадиган барча кулфатларни батафсил баён қилиб ёздирган эди.

[61] У Сараёга шундай тайинлади: — Бобилга борганингдан кейин, ўрама қоғоздаги ҳамма сўзларни халққа баланд овозда ўқиб бер.

[62] Кейин эса шундай хитоб қил: “Эй Эгам, Сен Ўзинг бу жойни вайрон қиламан, дегансан. Бу ерда на одамлар, на ҳайвонлар яшайди, бу жой то абад ташландиқ бўлади, деб айтгансан.”

[63] Ўрама қоғозни ўқиб бўлганингдан кейин, унга бир тош боғлагин–да, Фурот дарёсининг ўртасига улоқтириб юбор.

[64] Кейин шундай деб айт: “Бобил ҳам шунга ўхшаб чўкиб кетади. Эгамиз Бобилга ёғдирадиган кулфатлар туфайли Бобил ҳеч қачон ўнгланмайди. Унинг бутун аҳолиси ўлади.” Еремиёнинг башоратлари тугади.

Еремиё пайғамбарнинг китоби — Chapters