Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 3:50

[1] Яҳудо шоҳи Зидқиё ҳукмронлигининг тўққизинчи йили ўнинчи ойида Бобил шоҳи Навухадназар ўзининг жамики лашкари билан Қуддусга келиб, шаҳарни қамал қилди.

[2] Зидқиё ҳукмронлигининг ўн биринчи йили тўртинчи ойининг тўққизинчи кунида Бобилликлар Қуддус деворини ёриб, шаҳарга кирдилар.

[3] Шаҳар қўлга олингач, Бобил шоҳининг ҳамма аъёнлари шаҳарнинг Ўрта дарвозасидаги маҳкамаларда қўмондонлик қароргоҳини жойлаштирдилар. Аъёнларнинг орасида Наргал–Шаразар, Самгарнаву, бош маслаҳатчи Сарсаҳим ва амалдор Наргал–Шаразар бор эдилар.

[4] Яҳудо шоҳи Зидқиё ва унинг жамики лашкари уларни кўрдилар–у, қочдилар. Улар ярим кечаси шоҳнинг боғи орқали ўтиб, икки девор орасидаги дарвозадан чиқдилар–да, Иордан водийсига қараб кетдилар.

[5] Аммо Бобил сипоҳлари уларнинг орқасидан қувиб, Ерихо текислигида Зидқиёга етиб олдилар. Улар Зидқиёни қўлга олиб, Хомат юртидаги Ривло шаҳрига — Бобил шоҳи Навухадназарнинг ҳузурига олиб боришди. Шоҳ Навухадназар Зидқиёни ҳукм қилди,

[6] Ривлода Зидқиёнинг ўғилларини кўзи олдида ўлдирди, сўнг ҳамма Яҳудо аъёнларини қатл қилди.

[7] Зидқиёнинг эса кўзларини ўйиб, Бобилга олиб кетиш учун кишанлади.

[8] Бобилликлар шоҳ саройига ва одамларнинг уйларига ўт қўйиб, Қуддус деворларини йиқитдилар.

[9] Қўриқчилар сардори Набизарадон шаҳарда қолган бутун халқни, Бобил шоҳи томонга ўтган қочоқларни Бобилга асир қилиб олиб кетди.

[10] У Яҳудо юртида ҳеч вақоси бўлмаган қашшоқ одамларнигина қолдирди. Ўша одамларга дала ва узумзорларни берди.

[11] Шоҳ Навухадназар қўриқчилар сардори Набизарадон орқали Еремиёга оид қуйидаги амрни берди:

[12] “Еремиёни қарамоғингизга олиб, унга яхши қаранглар. Асло зарар етказманглар, сизлардан нима сўраса бажаринглар.”

[13] Қўриқчилар сардори Набизарадон, бош назоратчи Навушазбон, шоҳ маслаҳатчиси Наргал–Шаразар ва Бобил шоҳининг ҳамма бош амалдорлари одам юбориб, унга:

[14] “Еремиёни қўриқчилар ҳовлисидан олиб кел”, деб буюрдилар. Уни эсон–омон уйига элтиб қўйиш учун Гадалиёга топширдилар. Гадалиё Охихамнинг ўғли, Шофонинг невараси эди. Шундай қилиб, Еремиё ўз халқининг орасида қолди.

[15] Еремиё соқчилар ҳовлисида қамоқда ўтирганда, унга Эгамизнинг сўзи аён бўлган эди:

[16] “Ҳабашистонлик Обидмалекнинг олдига бориб, шундай деб айт: «Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам айтмоқда: Мен айтган сўзларимни бажо қиламан. Бу шаҳарга яхшилик эмас, ёмонлик келтираман. Сен ўзинг бунинг гувоҳи бўласан.

[17] Лекин ўша куни Мен сени қутқариб қоламан, — деб айтмоқда Эгамиз. — Ўзинг қўрқадиган одамларнинг қўлига сени бермайман.

[18] Сени, албатта, қутқараман, жангда ҳалок бўлмайсан. Менга умид боғлаганинг учун жонинг омон бўлади, — деб айтмоқда Эгамиз.»”

Еремиё пайғамбарнинг китоби — Chapters