[1] Бобил шоҳи Навухадназар Йўшиё ўғли Зидқиёни Ёҳайиқим ўғли Ёҳайихиннинг ўрнига Яҳудо шоҳи қилиб тайинлади.
[2] Аммо на шоҳ, на аъёнлари, на юртдаги халқ Эгамизнинг Еремиё орқали айтган сўзларига қулоқ солар эдилар.
[3] Шоҳ Зидқиё Шаламиё ўғли Ёҳухал билан Масиё ўғли руҳоний Зафаниёни Еремиё пайғамбарнинг олдига юборар экан, шу гапларни айттириб юборди: “Илтимос, биз учун Эгамиз Худога илтижо қил.”
[4] Еремиё шу вақтгача қамоққа олинмаганлиги учун халқ орасида бемалол юрар эди.
[5] Шу орада фиръавн лашкари Мисрдан чиқди. Қуддусни қамал қилиб турган Бобилликлар бу хабарни эшитишгач, Қуддусдан чекиндилар.
[6] Шунда Эгамиз сўзини Еремиёга аён қилди.
[7] Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай демоқда: “Худонинг сўзини билмоқчи бўлиб, икковингизни олдимга юборган Яҳудо шоҳига шундай деб айтинг: сизларга ёрдам бермоқчи бўлиб келаётган фиръавн лашкари ўз юрти — Мисрга қайтиб кетади.
[8] Бобилликлар эса Қуддусга қайтиб келиб, шаҳарга қарши жанг қиладилар. Улар шаҳарни қўлга олиб, ёндириб юборадилар.”
[9] Эгамиз яна шундай демоқда: “Бобилликлар энди қайтиб келишмайди, деб ўзларингизни алдаманглар, чунки улар албатта қайтиб келишади.
[10] Борди–ю, сизлар Бобилликларнинг бутун лашкарини мағлуб қилганингизда ҳам, уларнинг чодирларида қолган ярадорлар келиб, шаҳрингизга ўт қўйган бўларди.”
[11] Фиръавн лашкари яқинлашиб келаётгани учун Бобилликлар Қуддусдан чекиндилар.
[12] Шунда Еремиё Бенямин ҳудудидаги халқ орасида ўзига тегишли ер улушини кўриш учун Қуддус шаҳридан кетмоқчи бўлди.
[13] У Қуддуснинг Бенямин дарвозасига етиб келгач, соқчилар бошлиғи Йириё: — Сен Бобилликларнинг олдига қочиб кетмоқчисан, — деб уни қамоққа олди. Йириё Шаламиёнинг ўғли, Ханониёнинг невараси эди.
[14] — Ёлғон! — деди Еремиё, — мен Бобилликларнинг олдига қочмоқчи эмасман. Аммо Йириё Еремиёнинг гапига қулоқ солишни истамади, уни ҳибсга олиб, аъёнларнинг олдига олиб борди.
[15] Аъёнлар Еремиёдан ғазабланиб, уни калтаклашди. Сўнг котиб Йўнатаннинг зиндонга айлантирилган уйига қамаб қўйишди.
[16] Шундай қилиб, Еремиё узоқ вақт зиндон ҳужраларидан бирида ётди.
[17] Орадан вақт ўтди. Шоҳ Зидқиё Еремиёни саройига чақиртириб: — Эгамиздан бирон хабар борми? — деб яширинча сўради. — Ҳа, бор, — деди Еремиё. — Сиз Бобил шоҳининг қўлига тушасиз.
[18] Нега улар мени зиндонга ташлашди? Мен аъёнларингизга ва бу халққа қарши нима гуноҳ қилибман?! — деди яна у.
[19] — “Бобил шоҳи сизга ҳужум қилмайди, юртимизга у тажовуз қилмайди”, деб башорат қилган пайғамбарларингиз қани?!
[20] Ёлвораман, олампаноҳим, илтижоимни рад этманг, мени котиб Йўнатаннинг уйига қайтариб юборманг. У ерда адойи тамом бўламан.
[21] Шоҳ Зидқиё, Еремиёни соқчилар ҳовлисига қамаб қўйинглар, шаҳарда нон қолмагунча, ҳар куни унга новвой растасидан биттадан нон олиб беринглар, деб буюрди. Шундай қилиб, Еремиё соқчилар ҳовлисида қолди.