[1] Эгамиз шундай демоқда: “Чўпонлар яйловимдаги қўйларни тарқатиб юборяптилар, уларни йўқ қиляптилар. Бундай чўпонларнинг ҳолига вой!
[2] Эй халқимни боққан чўпонлар, сизлар қўйларимни ўз ҳолига ташлаб қўйдингизлар. Уларни тарқатиб, узоқларга қочириб юбордингизлар. Бу ёвуз қилмишларингиз учун Мен сизларни ўз ҳолингизга қўймай жазолайман, — деб айтмоқда Исроил халқининг Худоси — Эгамиз. —
[3] Мен қўйларимни ҳар хил юртларга ҳайдаб юборган эдим. Энди Ўзим уларни йиғиб оламан, ўзларининг яйловига олиб келаман. Улар баракали бўлиб, кўпаядилар.
[4] Мен улар устидан бошқа чўпонларни тайинлайман. Чўпонлар қўйларимни боқадилар. Шунда қўйларим ҳеч нарсадан қўрқмайди, саросимага тушмайди. Уларнинг биронтаси ҳам йўқолмайди.” Эгамизнинг каломи шудир.
[5] Эгамиз демоқда: “Шундай кунлар келадики, Мен Довуд наслидан солиҳ бир новдани етиштираман. Бу Шоҳ донолик билан ҳукмронлик қилади. Адолат ва тўғрилик билан иш тутади.
[6] Унинг ҳукмронлиги даврида Яҳудо халқи бехатар яшайди, Исроил халқи осойишта ҳаёт кечиради. Ўша Шоҳни «Эгамиз — нажоткоримиз» деб аташади.”
[7] Эгамиз демоқда: “Шундай кунлар келадики, одамлар онт ичганда: «Исроил халқини Мисрдан олиб чиққан Эгамиз шоҳид», деб айтмайдиган бўлади.
[8] Бунинг ўрнига улар: «Исроил наслини шимолдаги юртдан ва сургун қилинган бошқа барча юртлардан олиб чиққан Эгамиз шоҳид», деб онт ичадиган бўлади. Улар ўз юртларида яшашади.”
[9] Пайғамбарлар ҳақида ўйлаб, Юрак–бағрим эзилиб кетди, Вужудим титраб кетмоқда. Эгамиз туфайли, Унинг айтган муқаддас сўзи туфайли Мен маст одамга ўхшаб қолдим, Шаробга бўккан кишидай бўлиб қолдим.
[10] Эвоҳ, юрт зинокорларга тўлиб кетди, Лаънат туфайли ер қақраб қолди, Даштдаги яйловлар қуриб ётибди. Пайғамбарлар қабиҳлик қилишга шошилади, Кучини ҳақсизлик йўлида ишлатишади.
[11] Эгамиз шундай демоқда: “Пайғамбару руҳонийлар бетавфиқдирлар, Ҳатто Менинг уйимда ҳам қабиҳлик қилганларини кўрдим.
[12] Шу сабабдан юрган йўллари сирпанчиқ бўлади, Улар зулматга ғарқ бўлишади. Ҳаммаси йиқилиб қолади. Жазо оладиган йили Бошларига кулфат келтираман, — деб айтмоқда Эгамиз. —
[13] Самария пайғамбарлари орасида Жирканч бир ишни кўрдим: Улар Баал номидан башорат қилишди, Халқимни йўлдан оздиришди.
[14] Аммо Қуддус пайғамбарлари орасида Бундан ҳам баттарроғини кўрдим: Улар зино қилиб, ёлғон ичида яшашади, Ёвузларнинг ишини қўллаб туришади, Шунинг учун ҳеч ким ёмон йўлидан қайтмаяпти. Назаримда уларнинг ҳаммаси Садўм одамларидай бўлиб қолган, Қуддус аҳолиси Ғамўра аҳолисига ўхшаб қолган.”
[15] Сарвари Олам пайғамбарлар ҳақида шундай демоқда: “Мен уларга аччиқ ўтдан едираман, Заҳарли сувдан ичираман, Зеро, Қуддус пайғамбарлари дастидан Юртимда бетавфиқлар кўпайиб кетди.”
[16] Сарвари Олам шундай демоқда: “Сизларга башорат қилаётган пайғамбарларнинг гапларига қулоқ солманглар. Улар қўйнингизни пуч ёнғоққа тўлдиряпти. Улар Менинг оғзимдан чиққан сўзларни эмас, ўз дил орзуларини айтишяпти.
[17] Менинг сўзимдан нафратланган одамларга улар ҳадеб: «Ҳаммаси яхши бўлади», дейишади. Юрагидаги ўжарликларга итоат қилганларга: «Бошингизга бало–қазо келмайди», дейишади.”
[18] Хўш, Эгамизнинг кенгашида улардан қайси бири қатнашибди?! Худонинг сўзини қайси бири эшитибди?! Қайси бири эътибор билан Уни тинглабди?!
[19] Ана, бўрон кўтарилди! Бу Эгамизнинг ғазабидир. Унинг ғазаби қуюн гирдоби бўлиб, Фосиқларнинг бошига тушди.
[20] Эгамиз кўнглидаги ниятини бажармагунча, Уни охирига етказмагунча, Ғазабидан тушмайди. Кейинчалик буни англаб оласизлар.
[21] Эгамиз шундай деди: “Бу пайғамбарларни Мен юбормадим, Улар ўзлари югуриб бордилар. Уларга Мен гапирмадим, Улар эса башорат қилдилар.
[22] Агар ўша пайғамбарлар кенгашимда бўлганларида эди, Сўзларимни халқимга етказган бўлардилар. Халқимни ёмон йўлдан, Ёвуз қилмишлардан қайтарган бўлардилар.”
[23] Эгамиз шундай демоқда: “Мен ҳамма ёқдаман — яқинда ҳам, узоқда ҳам ўша Худоман.
[24] Ким Мендан яширина олади?! Еру кўкни тўлдириб турган Мен эмасми?! — деб айтмоқда Эгамиз. —
[25] Менинг номимдан ёлғон башорат қилган пайғамбарларнинг: «Мен бир туш кўрдим! Худо менга бир туш берди!» деганларини эшитдим.
[26] Қачонгача бу давом этади?! Улар юракларидаги ҳийлаю найрангларини, ёлғон башоратларини бас қилишадими, йўқми?!
[27] Уларнинг ота–боболари Мени унутиб, Баалга сажда қилган эдилар. Шу сингари, бу сохта пайғамбарлар «Халқ Эгамизни унутсин», дея бир–бирларига тушларини айтишади.
[28] Майли, туш кўрган пайғамбар тушини айтсин, сўзимни эшитган эса уни садоқат билан эълон қилсин. Ахир, сомон билан буғдойнинг фарқи бор–ку! — деб айтмоқда Эгамиз. —
[29] Менинг сўзим оловдай куйдиради. Қояни ёрадиган болғадай зарба беради.” Эгамизнинг каломи шудир.
[30] Эгамиз шундай демоқда: “Бу пайғамбарлар «Эгамизнинг сўзи» деб бир–биридан гап ўғирлайди. Мен уларга қаршиман.
[31] Ҳа, Мен ўша пайғамбарларга қаршиман, — деб айтмоқда Эгамиз. — Улар ўзларича валдираб юрадилар, яна «бу Эгамизнинг сўзлари», деб айтадилар.
[32] Уйдирма тушларини айтган пайғамбарларга қаршиман! Улар ёлғонларию телбалиги билан халқимни йўлдан оздиришмоқда. Уларни Мен тайинламаганман, халқимнинг олдига Мен юбормаганман. Халқимга уларнинг заррача ҳам фойдаси йўқ.” Эгамизнинг каломи шудир.
[33] Эгамиз менга деди: “Эй Еремиё, агар халқимдан бўлган бирорта одам, пайғамбар ёки руҳоний сендан: «Бу сафар Эгамиз бизга нима юкламоқчи?» деб сўраса, сен шундай деб жавоб бер: «Сизлар ўзларингиз Эгамизга юк бўлдингизлар. Энди У сизларни улоқтириб ташлайди.»
[34] Борди–ю, бирон одам, пайғамбар ёки руҳоний: «Эгамизнинг сўзи бизга юк бўлди», деб айтадиган бўлса, Мен ундай одамни бутун хонадони билан жазолайман.
[35] Сизлар бир–бирингиздан: «Эгамиз нима деб жавоб берди?» ёки «Эгамиз нима деб айтди?» деб сўранглар.
[36] Аммо: «Эгамиз бизга нима юкламоқчи?» деб бошқа сўраманглар. Зеро, одамлар бу иборани ишлатиб, ўз сўзларини ишонарли қилмоқчи бўладилар, барҳаёт Худо, Сарвари Олам — Худойингизнинг сўзларини бузиб айтадилар.
[37] Сизлар эса пайғамбарнинг олдига борганингизда, ундан: «Эгамиз сизга нима деб жавоб берди?» ёки «Эгамиз сизга нима деди?» деб сўранглар.
[38] Борди–ю, сизлар гапимга кирмай: «Эгамиз бизга нима юкламоқчи?» деб яна сўрасангизлар,
[39] Мен сизларни юк кўтаргандай кўтариб, Ўз ҳузуримдан улоқтириб ташлайман. Ота–боболарингизга Ўзим берган шаҳарни ҳам шу кўйга соламан.
[40] Абадий иснод ва шармандаликка дучор қиламан. Бундай шармандаликни унутиб бўлмайди.”