[1] Эгамиз шундай дейди: “Эй Бенямин насли, Жонингизни қутқаринглар! Қуддусдан қочиб чиқинглар! Тахува шаҳрида бурғу чалинглар! Байт–Хакерем шаҳрида олов ёқиб, белги кўрсатинглар. Ана, шимолдан бир фалокат келяпти, Даҳшатли бир ҳалокат яқинлашяпти.
[2] Қиз Қуддус гўзал ва латофатлидир, Аммо Мен уни йўқ қилиб ташлайман.
[3] Шаҳар атрофига жойлашиб олган чўпонлардай, Душманлар Қуддусни қамал қилади. Ҳар бири ўз лашкари учун жой танлайди.
[4] Улар шундай деб айтишади: «Қуддусга қарши жангга тайёрланинглар! Бўла қолинглар, кундуз куни уларга ҳужум қиламиз! Шўримиз қурсин! Кун ҳам ботяпти, Оқшом соялари бўй чўзиб қолди.
[5] Энди тунда ҳужум қиламиз, Шаҳардаги қалъаларни вайрон этамиз!»”
[6] Сарвари Олам душман лашкарига шундай демоқда: “Дарахтларини кесинглар, Қуддус деворига қиялатиб тупроқ уйинглар. Бу шаҳар жазоланиши керак, Шаҳар зўравонликка тўлиб–тошган.
[7] Булоқдан сув қайнаб чиққани сингари, Қуддусдан қабиҳликлар қайнаб чиқяпти. Зўравонлигу бузғунчилик садолари эшитиляпти. У ерда кўрганим хасталигу яралар.
[8] Эй Қуддус, эсингни йиғиб олгин, Йўқса, Мен сендан юз ўгираман. Сени ташландиқ бир жойга айлантираман, Юртингни ҳувиллатиб қўяман.
[9] Душманларингга айтаман, Улар сени шип–шийдам қиладилар, Бир шингил узуми қолмаган токка ўхшатиб қўядилар.” Сарвари Оламнинг каломи шудир.
[10] Эй Эгам! Кимга гапирай, кимни огоҳлантирай?! Ким менинг гапларимга қулоқ солади?! Қара, уларнинг қулоқлари ёпиқ, Улар ҳеч нарсани эшитмайди. Сенинг сўзингдан улар хафа бўлади, Уни эшитишни хуш кўрмайди.
[11] Аммо ичим Сенинг ғазабингга тўлган эди, Жаҳлимни тийишдан чарчадим. Эгамиз менга шундай деди: “Ғазабимни кўчадаги болаларга сочгин, Тўдалашиб турган йигитларга сочгин. Ғазабим эркагу аёлларга тушади, Мункиллаган қариялар ҳам ундан қочиб қутулмайди.
[12] Уйлари, далалари ва хотинлари Бошқа бировларга берилади. Мен бу юрт аҳолисига қарши қўл кўтараман, — деб айтмоқда Эгамиз. —
[13] Улар кичкинасидан тортиб, каттасигача, Нафсини тиёлмай ҳаром йўл билан пул топишади. Пайғамбардан тортиб, руҳонийгача — Ҳаммаси товламачилик қилишади.
[14] Халқимнинг яраларини юзаки даволашади. Аҳвол оғир бир пайтда «ҳаммаси яхши», деб айтишади.
[15] Жирканч ишлари учун уяладиларми? Йўқ, уялмайдилар! Қизариш деган нарсани билмайдилар, Шунинг учун бошқалардай ҳалок бўладилар. Ҳа, уларни жазолаб, хонавайрон қиламан.” Эгамизнинг каломи шудир.
[16] Эгамиз Ўз халқига шундай деб айтмоқда: “Чорраҳаларда туриб қаранг, Қадимги йўллар ҳақида сўранг, Яхши йўл қаерда эканлигини билиб олинг. Ўша йўлдан юринг, Шунда кўнглингиз таскин топади. Аммо сизлар: «Йўқ, у йўлдан юрмаймиз», дедингизлар.
[17] Мен сизларга қўриқчилар қўйдим, «Қўриқчилар бурғусининг жанговар садосига қулоқ солинглар», Деб сизларга тайинладим. Сизлар эса: «Уларга қулоқ солмаймиз!» деб айтдингизлар.
[18] Шунинг учун, эй халқлар, эшитинг! Халқим не ҳолга тушишини билиб олинг.
[19] Эй замин, қулоқ сол! Мен бу халқнинг бошига кулфат келтираман, Ёмон ниятларининг оқибати шудир. Зотан, улар сўзларимга кирмадилар, Қонунларимни рад этдилар.
[20] Шава юртидан келтирилган зираворларни нима қиламан?! Олис юртдан олиб келинган хушбўй қамишни нимага ишлатаман?! Халқимнинг куйдириладиган назрларини Мен қабул қилмайман, Қурбонликларидан хушнуд бўлмайман.”
[21] Шу сабабдан Эгамиз демоқда: “Мен бу халқнинг оёғига тўғоноқ соламан, Улар қоқилиб йиқиладилар. Оталар фарзандлари билан бирга, Қўшнилар ёр–биродарлари билан бирга ҳалок бўладилар.”
[22] Эгамиз шундай демоқда: “Ана, шимолдаги юртдан оломон келмоқда, Дунёнинг четидан буюк бир халқ қўзғалмоқда.
[23] Камону найзалар билан қуроллангандир улар, Шафқат қилмайдиган золимдир у одамлар. Улар отларини елдиради, Тўлқинланган денгиздай гувиллаб келади. Эй қиз Қуддус, улар қаршингда саф тортадилар, Жанг қилишга шай бўлиб турадилар.”
[24] Одамлар шундай деди: “Улар ҳақидаги бу хабарни эшитдик, Мадоримиз қолмади. Дард тутган аёл каби, Азобу изтироб чекдик.
[25] Далаларга борманглар, Кўчаларда юрманглар! Душман қиличини тутган. Атрофни даҳшат қамраган.”
[26] Эй халқим, қизалоғим! Қанорга ўраниб, кулга белангин. Ёлғиз фарзанд учун аза тутгандек, Аччиқ–аччиқ йиғлагин. Ана, ҳалок этувчи келяпти, У тўсатдан бизга ҳужум қилади.
[27] Эгамиз шундай деди: “Эй Еремиё, халқимни текширгин, Темирни синагандай уларни синагин, Тутган йўлларини билиб олгин.
[28] Уларнинг ҳаммаси ўжар ва бебошдир, Бировларга туҳмат қилиб юрадилар. Бағирлари мис ва темир каби қаттиқ, Ҳаммаси бузғунчилик қиладилар.
[29] Ана, босқонга тўхтовсиз дам берилмоқда, Ўчоқдаги олов ловуллаб ёнмоқда. Аммо бундай олов ҳам уларни тозалай олмади, Улар фосиқлигича қолди.
[30] Уларни «сифатсиз кумуш» деб атайдилар, Ахир, Мен уларни рад этдим.”