[1] Шоҳ Зидқиё Еремиё пайғамбарнинг олдига Малкиё ўғли Пешхур ва Масиё ўғли руҳоний Зафаниёни юборди. Шунда Эгамиз Ўз сўзини Еремиёга аён қилди. Пешхур билан Зафаниё Еремиёга шундай дедилар:
[2] “Ўтинамиз, биз учун Эгамизга ёлвор, чунки Бобил шоҳи Навухадназар бизга ҳужум қиляпти. Балки Эгамиз аввалгидек мўъжизалар кўрсатиб, Навухадназарни орқага чекинтирар.”
[3] Еремиё уларга шундай жавоб берди:
[4] “Бориб, Зидқиёга Исроил халқининг Худоси — Эгамизнинг шу сўзларини айтинглар: «Сизлар қўлингизга қурол олиб, сизларни қамал қилган Бобил шоҳига ва Бобилликларга қарши жанг қиляпсизлар. Аммо қўлингиздаги қуролларингизни Мен Бобилликларга эмас, балки ўзларингизга қарши ишлатаман. Мана шу шаҳар — Қуддус марказида қуролларингизни уйиб ташлайман.
[5] Мен Ўзим сизларга қарши чиқаман. Ўз қудрату ажойиботларим билан, қаҳру ғазабим билан сизларга қарши жанг қиламан.
[6] Бу шаҳар аҳолисини йўқ қиламан. Одамлару ҳайвонлар ўлатдан нобуд бўладилар.
[7] Шундан кейин Мен Яҳудо шоҳи Зидқиёни, унинг аъёнларини, шаҳарда урушдан, қаҳатчиликдан ва ўлатдан омон қолган ҳамма одамларни Бобил шоҳи Навухадназарнинг қўлига бераман, — деб айтмоқда Эгамиз. — Уларда қасди борларга топшираман, душман қўлига бераман. Душманлар шаҳар аҳолисини шафқатсизларча қириб ташлайдилар. Биронта одамни ҳам аямайдилар, уларга ачинмайдилар, раҳм қилмайдилар.»
[8] Сизлар бу халққа бориб айтинглар: «Эгамиз демоқда: Мен сизларга икки йўлни — ҳаёт ва ўлим йўлини бердим.
[9] Шаҳарда қолганлар қилич, қаҳатчилик ва ўлатдан нобуд бўладилар. Шаҳардан чиқиб, Бобилликларга таслим бўлганлар эса тирик қоладилар. Бу одамлар ҳеч бўлмаса ўз жонларини сақлаб қоладилар.
[10] Мен бу шаҳарга яхшилик эмас, кулфат келтиришга қарор қилдим, — деб айтмоқда Эгамиз. — Бу шаҳарни Бобил шоҳига таслим қилиб бераман. Навухадназар шаҳарга ўт қўяди.»
[11] Яҳудо шоҳининг хонадонига ҳам бориб шундай айтинглар: «Эгамизнинг сўзини эшит,
[12] эй Довуд сулоласи! Эгамиз шундай демоқда: Ҳар куни эрталабдан адолат қилинглар, Жабрдийдаларни зўравонлар қўлидан қутқаринглар. Акс ҳолда, қилган ёвузликларингиз туфайли Менинг ғазабим аланга олади, Бу ғазабимни сўндиришга ҳеч кимнинг қурби етмайди.
[13] Эй водийдаги қоя устида қурилган Қуддус, Мен сенга қаршиман! — деб айтмоқда Эгамиз. — Сизлар айтасиз: ‘Ким ҳам бизга қарши чиқа оларди?! Ким ҳам қўрғонларимизга кира оларди?!’
[14] Мен қилмишингизга яраша жазоингизни бераман, — деб айтмоқда Эгамиз. — Шоҳнинг саройига ўт қўяман, Олов атрофдаги ҳамма нарсани ёндиради.»”