Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 8:19

[1] Еремиёга Эгамизнинг қуйидаги сўзи аён бўлди:

[2] “Уйимнинг дарвозаси олдига бор. Ўша ерда туриб, баланд овозда шундай деб айт: «Эй жамики Яҳудо халқи! Эй Эгамизга сажда қилиш учун мана бу дарвозадан кираётган халойиқ! Эгамизнинг гапларини эшитинглар.

[3] Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда: ёмон йўлингиздан қайтинглар. Турмуш тарзингизни ўзгартиринглар. Шундагина бу юртда яшашингизга ижозат бераман.

[4] ‘Эгамизнинг Маъбади шу ерда! Мана, Эгамизнинг Маъбади, шунинг учун ҳеч қандай хавф–хатар йўқ!’ деган ёлғон сўзларга ишонманг.

[5] Агар ҳақиқатан ёмон йўлингиздан қайтсангиз, турмуш тарзингизни ўзгартирсангиз, бир–бирингизга нисбатан адолатли бўлсангиз,

[6] мусофирларга, етим ва беваларга зулм қилмасангиз, бу юртда айбсиз одамнинг қонини тўкмасангиз, бошингизга фалокат келтирадиган бошқа худоларга эргашмасангиз,

[7] бу ерда қолишингизга ижозат бераман. Мен ота–боболарингизга абадий мулк қилиб берган бу юртда сизлар яшайверасизлар.

[8] Аммо сизлар ёлғон сўзларга ишоняпсизлар.

[9] Ўғрилик қиляпсизлар, одам ўлдиряпсизлар, зино қиляпсизлар, ёлғондакам қасам ичяпсизлар, Баалга назрлар атаб, ўзингиз билмаган худоларга эргашяпсизлар.

[10] Шундай экан, нима учун сизлар Менинг номим билан аталган уйимга келиб, ‘Биз хавф–хатардан холимиз!’ деб айтяпсизлар?! Бундай жирканч ишларни давом эттириш учунми?!

[11] Айтинглар–чи, Менинг номим билан аталган бу уй сизлар учун қароқчилар уяси бўлиб қолдими?! Қилган барча ишларингизни Мен Ўз кўзим билан кўриб турибман–ку! — деб айтмоқда Эгамиз. —

[12] Қани, Шилў шаҳрига боринглар! Мен улуғланишим учун илк бор ўша жойни танлаган эдим. Аммо халқим Исроилнинг қабиҳликлари туфайли ўша жойни не аҳволга солганимни кўриб қўйинглар.

[13] Бундай ёвуз ишларни қилаётганингизда, Мен сизларга қайта–қайта гапирдим. Аммо сизлар гапларимга қулоқ солмадингиз. Сизларга хитоб қилдим, аммо жавоб бермадингиз, — деб айтмоқда Эгамиз. —

[14] Шундай экан, Мен Шилўни не кўйга солган бўлсам, Ўз номим билан аталган уйимни ҳам ўша аҳволга соламан. Сизлар умид боғлаган бу уйимни ва ота–боболарингизга берган бу юртни Шилўнинг аҳволига тушираман.

[15] Қондошингиз Эфрайим халқини улоқтирганимдай, сизларни ҳам Ўз ҳузуримдан улоқтириб ташлайман.»”

[16] Эгамиз шундай деди: “Эй Еремиё, сен бу халқ учун ибодат қилма! Улар учун фарёд қилиб, илтижо қилма! Уларни деб, Менга ёлворма! Мен сенга қулоқ солмайман.

[17] Яҳудо шаҳарларида, Қуддус кўчаларида улар нималар қилаётганини кўрмаяпсанми?!

[18] Болалар ўтин йиғишади, оталари олов ёқишади, хотинлар эса хамир қориб, само қироличасига атаб нонлар ёпишади. Ғазабимни қўзғатиш учун бегона худоларга шароб назрини келтиришади.

[19] Бу қилмишлари билан улар Менга эмас, ўзларига зарар келтирмоқда–ку! — деб айтмоқда Эгамиз. — Ўзларини шарманда қилишмоқда–ку!

[20] Шу сабабдан, Мен, Эгангиз Раббий, айтаманки, Мен қаҳру ғазабимни бу заминга, инсонлару ҳайвонларга, даладаги дарахтлару экинларга сочаман. Ғазабим сўнмас оловдай ёнади.”

[21] Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда: “Сизлар қурбонликларнинг гўштини ейсизлар, куйдириладиган қурбонликларингизнинг гўштини ҳам ўзларингиз еяверинглар.

[22] Мен ота–боболарингизни Мисрдан олиб чиққанимда уларга нафақат қурбонликлар ва куйдириладиган қурбонликларга оид амрлар берган эдим,

[23] балки уларга яна шундай амр берган эдим: «Менга итоат қилинг! Шунда Мен сизнинг Худойингиз, сизлар эса Менинг халқим бўласизлар. Фақат Мен кўрсатган йўлдан юринглар, шунда бахтиёр бўласизлар.»

[24] Аммо улар итоат қилишни ҳам, қулоқ солишни ҳам хоҳламадилар. Ёвуз юракларининг ўжарликларига итоат қилдилар. Олдинга юрмай, орқага кетдилар.

[25] Аждодларингиз Мисрдан чиққан кундан бошлаб шу кунга қадар, Мен пайғамбар қулларимни олдингизга кетма–кет жўнатдим.

[26] Аммо сизлар Менга қулоқ ҳам солмадингизлар, эътибор ҳам бермадингизлар. Ўжарликда ота–боболарингиздан ҳам ўтиб тушдингиз, қилган ишларингиз уларникидан ҳам ёвузроқ.”

[27] Эгамиз шундай деди: “Эй Еремиё, сен бориб, айтганларимнинг ҳаммасини уларга етказасан, лекин улар сенга қулоқ солишмайди. Уларга хитоб қиласан, аммо улар сенга жавоб беришмайди.

[28] Шунинг учун сен уларга шундай деб айт: «Сизнинг халқингиз Эгаси Худога итоат қилмади, Унинг гапига кирмади. Ҳақиқат қолмабди, оғзингиздан ҳақ сўз чиқмайдиган бўлди.

[29] Эй Қуддус аҳолиси, аза тутинг! Сочингизни қириб ташланг. Марсиянгиз яланг қирлар узра нола қилсин. Зеро, Эгамизнинг тоқати тоқ бўлди, У бу наслни рад этиб, ташлаб кетди.»”

[30] Эгамиз шундай демоқда: “Яҳудо халқи ўзининг Эгаси олдида қабиҳликлар қилди. Улар Менинг номим билан аталган уйимга макруҳ бутларини ўрнатдилар. Уйимни ҳаром қилдилар.

[31] Шуниси етмагандек, Хиннум сойлигидаги Тофатда саждагоҳлар қурдилар. У ерда ўз ўғилу қизларини оловда куйдирдилар. Аммо Мен уларга буни амр қилмаганман, бунақасини хаёлимга ҳам келтирмаганман.

[32] Қараб туринг! — деб айтмоқда Эгамиз. — Шундай кунлар келадики, одамлар бу жойни Тофат ёки Хиннум сойлиги деб атамайди. Бу жой «Қирғин водийси» деб ном олади. У ерда кўп мурдалар дафн қилинади, мурдалар кўплигидан қабрларга жой етмай қолади.

[33] Бу халқнинг жасадлари қушларга ва ёввойи ҳайвонларга ем бўлади, ҳеч ким уларни ҳайдамайди.

[34] Яҳудо шаҳарларида ва Қуддус кўчаларида шоду хуррамлик садолари бўлмайди, келин–куёвнинг овози эшитилмайди. Бу юрт ҳувиллаб қолади.”

Еремиё пайғамбарнинг китоби — Chapters