[1] Еремиёга Эгамизнинг қурғоқчилик ҳақидаги сўзи аён бўлди:
[2] “Яҳудо аза тутмоқда, Шаҳарлари адойи тамом бўлди. Одамлар қайғуга ботган, Бағирларини ерга бериб ётибди, Қуддусдан фарёд кўтарилмоқда.
[3] Асилзодалар хизматкорларини сувга юбордилар. Хизматкорлар сардобаларга борган эдилар, Аммо сув топа олмадилар. Идишлари бўм–бўш қайтиб келдилар. Улар тушкунликка тушдилар, Шарманда бўлиб қолдилар, Уятдан юзларини беркитиб олдилар.
[4] Ёмғир ёғмагани учун ер ёрилиб кетди, Деҳқонлар умидсизликка тушди, Юзларини беркитиб олишди.
[5] Ҳатто чўлдаги она оҳу ҳам, Ўт–ўлан бўлмагани учун, Янги туғилган оҳучаларини ташлаб кетмоқда.
[6] Қулонлар яланг қирларда туриб, Чиябўрилар каби ҳансираяпти, Ўт йўқлигидан қулонларнинг кўзлари киртайиб қолган.”
[7] Гуноҳларимиз бизга қарши гувоҳлик берса–да, Ўз номинг ҳақи–ҳурмати бизга раҳм қил, эй Эгам. Ахир, биз Сенга кўп хиёнат қилдик, Сенга қарши гуноҳ ишлар қилдик.
[8] Эй Исроилнинг ёлғиз умиди, Кулфат вақтида Қутқарувчиси! Нечун юртимизда мусофирга ўхшайсан? Бир кечагина тунайдиган сайёҳга ўхшайсан?
[9] Нега саросимага тушган одамга ўхшайсан? Нега ёрдам бера олмайдиган жангчига ўхшайсан? Эй Эгам, Сен бизнинг орамиздасан–ку! Биз Сеникимиз. Бизни тарк этма!
[10] Эгамиз бу халқ ҳақида шундай демоқда: “Улар ўзларини сира тия олмайдилар, Дайдиб юришни ҳақиқатан яхши кўрадилар. Шунинг учун Мен улардан рози эмасман, Энди қабиҳликларини ёдга оламан, Гуноҳлари учун уларни жазолайман.”
[11] Сўнг Эгам менга тайинлаб деди: — Бу халқ учун ибодат қилма.
[12] Улар рўза тутишса ҳам, Мен уларнинг илтижоларига қулоқ солмайман. Менга атаб қурбонликлар куйдиришса ҳам, дон назрларини олиб келишса ҳам қабул қилмайман. Аксинча, уларни қаҳатчилик, уруш ва ўлат орқали қириб ташлайман.
[13] Мен эса шундай дедим: — Ё Эгам Раббий, пайғамбарлар бу халққа, уруш ва қаҳатчилик бўлмайди, сизлар бу юртда чинакамига осойишта ҳаёт кечирасизлар, деб айтишмоқда–ку.
[14] Эгамиз менга шундай жавоб берди: “Пайғамбарлар Менинг номимдан ёлғон гапиришмоқда. Мен уларни юбормаганман, уларга гапиришни буюрмаганман. Улар сизларга уйдирмаларни ўзларича башорат қилишяпти, беҳуда фол очиб, хаёлларига келган ёлғонларни гапиришяпти.
[15] Ўша пайғамбарлар Менинг номимдан гапиришса ҳам, уларни Мен жўнатмаганман. Улар: «Юртда уруш ва қаҳатчилик бўлмайди», деб айтаётган эканлар, аммо Мен айтаманки, ўша пайғамбарлар уруш ва қаҳатчиликдан нобуд бўлишади.
[16] Уларнинг гапларини тинглаётган одамлар ҳам уруш ва қаҳатчиликдан ўлади. Жасадлари Қуддус кўчаларида қолиб кетади. Уларнинг, хотинларининг, ўғил–қизларининг жасадларини кўмадиган одам бўлмайди. Қилган қабиҳликларини Мен ўзларининг бошларига соламан.
[17] Сен уларга шундай деб айт: «Кечаю кундуз кўзларимдан ёш оқяпти, Ўзимни тўхтата олмаяпман. Зеро, бокира қизим — Менинг халқим, Қаттиқ зарба еди, оғир яраланди.
[18] Далага чиқаман, Эвоҳ, ана, қиличдан ҳалок бўлганлар ётибди. Шаҳарга кираман, Ана, очарчиликдан ўлганлар ётибди. Пайғамбару руҳонийлар эса пул дардида Одамларга бемаъни маслаҳатлар бериб юрибдилар.»”
[19] Эй Эгамиз, наҳотки Яҳудони бутунлай рад этган бўлсанг?! Наҳотки Қуддусдан ҳазар қилсанг?! Нечун бизни оғир яраладинг? Шифо топа олмаяпмиз–ку! Биз тинчликни изладик, аммо яхшилик келмади, Шифо топмоқчи эдик, аммо ваҳимага дучор бўлдик.
[20] Эй Эгамиз, Сенга қарши гуноҳ қилдик! Қабиҳликларимизга иқрор бўлдик, Ҳа, ота–боболаримизнинг айбларини тан оламиз.
[21] Номинг ҳақи–ҳурмати бизни рад этма, Улуғвор тахтинг турган жойни хор қилма. Биз билан тузган аҳдингни ёдингда тут, Ўтинамиз, аҳдингни бузма.
[22] Халқларнинг бетайин бутлари ёмғир ёғдира олармиди?! Ёғингарчилик осмоннинг хоҳиши билан бўлармиди?! Буларни қилишга қодир Сен эмасми, эй Эгамиз Худо?! Биз умидимизни Сенга боғлаганмиз, Зотан, буларнинг ҳаммасини қила оладиган Сенсан.