[1] Айни ўша йили, яъни Яҳудо шоҳи Зидқиё ҳукмронлигининг илк даврида, тўртинчи йили бешинчи ойида Ханониё пайғамбар Эгамиз уйидаги руҳонийлар ва халқ олдида менга гапирди. Ханониё Гивонлик Аззурнинг ўғли эди. У менга шундай деди:
[2] — Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам демоқда: “Бобил шоҳи солган бўйинтуруқни Мен синдириб ташладим.
[3] Шоҳ Навухадназар уйимдан Бобилга олиб кетган ҳамма ашёларни Мен икки йил ичида бу ерга қайтариб олиб келаман.
[4] Бундан ташқари, Бобилга сургун бўлган Яҳудо шоҳи Ёҳайиқим ўғли Ёҳайихинни ва у билан бирга ҳамма асирларни қайтариб олиб келаман. Мен Бобил бўйинтуруғини синдириб ташлайман.” Эгамизнинг каломи шудир.
[5] Шунда мен Эгамиз уйида ҳозир бўлган руҳонийлар ва халқ олдида Ханониёга
[6] шундай дедим: — Омин! Илойим, айтганингиздай бўлсин. Башорат қилган сўзларингизни Эгамизнинг Ўзи бажо айласин. Ўз уйининг ашёларию асирларни Бобилдан қайтариб, бу ерга олиб келсин.
[7] Энди эса мен сизга ва халққа айтмоқчи бўлган мана бу гапларимни эшитинг.
[8] Сиздан ва мендан олдин ўтган пайғамбарлар кўп юртлару буюк шоҳликларга қарши уруш, очарчилик ва ўлатни башорат қилган эдилар.
[9] Тинчликни башорат қилган пайғамбарнинг башорати бажо бўлганидан кейингина, халқ уни “ҳақиқатан ҳам Эгамизнинг элчиси” деб тан олар эди.
[10] Сўнг Ханониё пайғамбар Еремиёнинг гарданидаги бўйинтуруқни олиб синдирди–да,
[11] тўпланиб турган халойиққа мурожаат қилиб деди: — Эгамиз айтмоқда: “Худди шундай қилиб, Мен икки йил ичида Бобил шоҳи Навухадназарнинг халқларга солган бўйинтуруғини олиб, синдириб ташлайман.” Бу гаплардан кейин Еремиё ўз йўлига кетди.
[12] Ханониё пайғамбар Еремиё пайғамбарнинг гарданидаги бўйинтуруқни синдиргандан кейин, кўп ўтмай Эгамиз Еремиёга Ўз сўзини аён қилиб деди:
[13] “Ханониёнинг олдига бориб, шундай деб айт: «Эгамиз айтмоқда: сен ёғоч бўйинтуруқни синдирдинг, аммо ўшанинг ўрнига Мен темир бўйинтуруқ ясайман.
[14] Зеро, Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда: Мен бу халқларнинг гарданига темир бўйинтуруқ соламан. Уларнинг ҳаммаси Бобил шоҳи Навухадназарга хизмат қилишади. Ҳа, уларнинг ҳаммаси Навухадназарга бош эгади. Мен ҳатто ёввойи ҳайвонларни ҳам Навухадназарнинг ихтиёрига топшираман.»”
[15] Еремиё пайғамбар Ханониё пайғамбарга деди: — Менга қара, Ханониё, Эгамиз сени юбормаган. Сен эса бу халқни ёлғон гапларингга ишонтириб қўйдинг.
[16] Шу қилганинг учун Эгамиз шундай демоқда: “Мен сени ер юзидан даф қиламан. Сен ўз башоратларинг билан халқни Эгангга қарши қўзғатганинг учун шу йилиёқ ўласан.”
[17] Ўша йилнинг еттинчи ойида Ханониё оламдан ўтди.