Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:59

[1] Эгамиз Еремиёга шу сўзини аён қилди:

[2] “Қани бўл, кулолнинг уйига бор. Ўша ерда сенга бир гап айтаман.”

[3] Мен кулолнинг уйига бордим. Кулол чарх уриб, ишлаётган эди.

[4] У лойдан ясаётган идиш бузилди, шундан кейин у ўзи хоҳлаган шаклдаги бошқа бир идишни ясади.

[5] Эгамиз Ўз сўзини менга аён қилиб деди:

[6] “Эй Исроил халқи, наҳотки бу кулол қилган ишни Мен сизларга қила олмасам?! Сизлар Менинг қўлимда кулол қўлидаги лойга ўхшайсизлар.

[7] Мен бирон халқни ёки шоҳликни қўпориб ташлашимни, йўқ қилиб вайрон қилишимни эълон этишим мумкин.

[8] Аммо ўша халқ ёвуз қилмишларидан қайтса, Мен ҳам уларнинг бошларига фалокат келтириш ниятимдан қайтаман.

[9] Шундай пайтлар ҳам бўладики, Мен бирон халқ ёки шоҳликка: «Сизларни қайта бунёд этиб, мустаҳкам қиламан», деб айтаман.

[10] Аммо ўша халқ Менинг олдимда қабиҳлик қилса ёки айтганларимга қулоқ солмаса, Мен ниятимдан қайтаман, уларга қилмоқчи бўлган яхшилигимни қилмайман.

[11] Шундай экан, Яҳудо халқи билан Қуддус аҳолисига айт: «Эгамиз шундай демоқда: мана, Мен бошингизга соладиган кулфатни тайёрлаяпман, сизларга қарши режалар тузяпман. Бўлди энди, ҳар бирингиз ёмон йўлингиздан қайтинглар. Турмуш тарзингизни ўзгартиринглар. Эски қилмишларингиздан воз кечинглар.»

[12] Аммо улар: «Гапирганинг бефойда!» дейишади. «Биз барибир хоҳлаганимиздай яшаймиз, ёвуз юракларимизнинг ўжарликларига итоат қилаверамиз», деб айтишади.”

[13] Шунинг учун Эгамиз демоқда: “Халқлардан сўраб–суриштиринг–чи, Бунақасини ҳеч эшитганмикан?! Бокира қиз Исроил жирканч бир иш қилди.

[14] Лубнондаги қорлар ҳеч эриганми?! Азим чўққиларни ҳеч тарк этганми?! Унинг муздек сувлари ҳеч адо бўлганми?!

[15] Менинг халқим эса Мени тарк этди, Улар беҳуда бутларга тутатқи тутатдилар. Бутлари туфайли халқим қоқилди, Азалий йўлидан адашди. Тўғри йўлни тарк этиб, сўқмоқлардан юриб кетди.

[16] Шу сабабдан юрти ҳувиллаб қолади, Юртнинг аҳволидан одамлар қотиб қолади, Ўтган–кетганлар даҳшатга тушади, «Ё тавба» деб, ёқасини ушлашади.

[17] Шарқдан эсган шамол каби, Мен уларни душманлари олдида сочиб ташлайман. Бошларига кулфат тушган куни Уларга орқа ўгираман, Уларга назар солмайман.”

[18] Сўнг одамлар шундай дедилар: “Қани, Еремиёга қарши фитна уюштирайлик. Ахир, қонунни ўргатадиган руҳонийлар, маслаҳат берадиган донишмандлар ва Худонинг сўзини айтадиган пайғамбарлар ҳар доим бор. Еремиёга туҳмат қилайлик, унинг гапларига умуман эътибор бермайдиган бўлайлик.”

[19] Эй Эгам, мени тингла, Рақибларим гапларини эшит!

[20] Наҳотки яхшиликка ёмонлик қайтаришса?! Эсингдами, ҳузурингда туриб, Улар учун Сенга ёлворгандим, Улардан Сенинг қаҳрингни қайтаргандим. Улар эса менга чуқур қазидилар.

[21] Шундай экан, болаларини очликдан ўлдир, Ҳаммасини қилич измига топшир. Хотинлари болаларидан жудо бўлсин, Ҳаммаси бева бўлиб қолсин. Эркаклари ўлатдан қирилиб кетсин, Йигитлари жангда ҳалок бўлсин.

[22] Тўсатдан устига босқинчи юборганингда, Уйларидан дод–фарёдлар кўтарилсин! Ахир, улар мени тутиб олмоқчи бўлиб, чуқур қазидилар, Оёғимни сиртмоққа илинтирмоқчи бўлдилар.

[23] Мени ўлдириш учун фитна қилдилар, Буни Сен биласан, эй Эгам. Уларнинг гуноҳларини кечирма, Жиноятларидан ўтма. Ғазабланиб, жазоларини бергин, Улар Сенинг олдингда йиқилиб қолсинлар.

Еремиё пайғамбарнинг китоби — Chapters