[1] Эгамиз менга шундай деди: “Яҳудо шоҳи саройига бориб, у ерда ушбу сўзларни жар солиб айт:
[2] «Эй Довуд тахтида ўтирган Яҳудо шоҳи, эшит. Аъёнларинг ва мана бу саройга кирган одамларинг ҳам сен билан бирга Эгамизнинг сўзини эшитсин.»
[3] Кейин уларга айт, Эгамиз шундай демоқда: «Адолат ва тўғрилик билан иш тутинг. Жабрдийдаларни зўравонларнинг қўлидан қутқаринг. Мусофирларга, етим ва беваларга ноҳақлик қилманг, уларни эзманг. Бу ерда бегуноҳ одамнинг қонини тўкманг.
[4] Борди–ю, сизлар ҳақиқатан ҳам буларга риоя қилсангизлар, Қуддус тахтида доим Довуд наслидан бўлган шоҳ ўтиради. Жанг араваларию отлар минган шоҳлар сарой дарвозаларидан киришади. Аъёнлар ва халқ ҳам улар билан бирга киради.
[5] Борди–ю, бу амрларимга риоя қилмасангизлар, Мен Ўз номим ҳақи онт ичиб айтаманки, бу сарой вайрон бўлади.» Эгамизнинг каломи шудир.
[6] Ахир, Эгамиз Яҳудо шоҳининг саройи ҳақида шундай демоқда: «Сен Мен учун гўзал Гилад ўлкасига ўхшайсан, Бамисоли Лубноннинг юксак чўққиларисан. Лекин қасам ичиб айтаманки, сен саҳрога ўхшаб қоласан, Ҳувиллаган бир шаҳарга айланиб қоласан.
[7] Сенга қарши босқинчиларни жўнатаман, Қуролланган одамларни юбораман. Улар сара садрларингни кесадилар, Ёғочларингни оловга ташлайдилар.»
[8] Кўплаб халқлар бу шаҳар олдидан ўтаётиб, бир–бирларидан: «Нега Эгамиз бундай буюк шаҳарни шу кўйга солган экан–а?» деб сўрайдилар.
[9] Уларга шундай жавоб беришади: «Шаҳар аҳолиси ўзларининг Эгаси Худо билан тузган аҳдини бузди. Бошқа худоларга сажда қилиб, хизмат қиладиган бўлди.»”
[10] Ўлган шоҳингиз учун йиғламанг, У учун аза тутманг. Ундан кўра, сургун бўлган шаҳзодангиз учун қайғуринг, У учун аччиқ–аччиқ кўз ёш тўкинг. Ахир, у энди қайтиб келмайди, Она юртини бошқа кўрмайди.
[11] Шоҳ Йўшиёдан кейин Яҳудо тахтига Йўшиёнинг ўғли Ёҳухоз ўтирган эди. Шоҳ Ёҳухоз сургун қилингандан кейин, Эгамиз у ҳақда шундай деди: “У бу ерга ҳеч қачон қайтиб келмайди.
[12] Сургун қилинган ерда оламдан ўтади, бу юртни бошқа кўрмайди.”
[13] Эгамиз шундай дейди: “Уйини ноҳақлик билан қурганнинг ҳолига вой! Юқори хоналарини адолатсизлик билан бино қилганнинг ҳолига вой! Бундай одам биродарини текинга ишлатади, Унинг меҳнат ҳақини бермайди.
[14] У шундай дейди: «Мана, ўзим учун катта сарой қурдим, Юқори қаватдаги хоналарни кенг қилдирдим.» У уйига катта ойналар қўйдирмоқда, Деворларини садр ёғочи билан қопламоқда, Уларни қирмизи рангга бўямоқда.
[15] Сен ўзинг учун кўп садр ёғочини йиғдинг, Бу билан сен яхши шоҳ бўлиб қолмадинг! Сенинг отанг ҳам хоҳлаганича еб–ичган, Аммо доим ҳақиқату адолатни ўрнатган. Шу сабабдан унинг иши юришган.
[16] У фақиру бечорани ҳимоя қилган, Шунинг учун фаровон ҳаёт кечирган. Худони билиш дегани шу эмасми?! — деб айтмоқда Эгамиз. —
[17] Сен эса фақат ноҳақ фойдани кўзлайсан. Бегуноҳ одамнинг қонини тўкасан, Зўравонлик ва зулм ўтказасан.”
[18] Шу сабабдан Яҳудо шоҳи Йўшиё ўғли Ёҳайиқим ҳақида Эгамиз шундай демоқда: “Унга ҳеч ким аза тутмайди, «Вой, жигарим! Вой, жигарим!» деб йиғламайди. «Хўжайиним! Олампаноҳим!» деб ҳеч ким қайғурмайди.
[19] Уни ўлган эшакнинг аҳволига соладилар, Қуддус дарвозаларидан судраб чиқиб, отиб юборадилар.”
[20] Эгамиз шундай дейди: “Эй Қуддус, Лубнонга чиқиб фарёд қилгин, Башан ўлкасига бориб, хитоб этгин. Аборим тоғларида туриб, овозинг борича бақиргин, Чунки ҳамма ўйнашларинг йўқ бўлди.
[21] Фароғатда яшаганингда, сенга гапирдим, Сен эса «Гапингга қулоқ солмайман!» деб айтдинг. Ҳа, ёшлигингдан шу йўлни тутгансан, Гапимга сен кирмагансан.
[22] Шамол ҳамма чўпонларингни супуриб кетади, Ўйнашларинг сургун бўлади. Сен эса қабиҳ ишларинг туфайли уятда қоласан, Шармандаи шармисор бўласан.
[23] Сен «Лубнон» саройида яшаб юрибсан, Садр дарахтлари орасида ин қургансан, Аммо туғаётган аёл каби дард чекасан, Азобдан инграйсан.”
[24] Ёҳайиқим ўғли Ёҳайихин ҳақида Эгамиз шундай демоқда: “Эй Яҳудо шоҳи Ёҳайихин! Борди–ю, сен Менинг ўнг қўлимдаги муҳр узугим бўлганингда эди, Мен барҳаёт Худо бўлганим ҳақи онт ичиб айтаманки, сени улоқтириб ташлаган бўлар эдим.
[25] Сен кимдан қўрқсанг, сени ўшанинг қўлига бераман, сенда қасди борларнинг қўлига топшираман. Сени шоҳ Навухадназарнинг ва Бобилликларнинг қўлига бераман.
[26] Сени ва сени туққан онангни бегона бир юртга, киндик қонинг тўкилмаган бир ерга улоқтириб юбораман. Сизлар ўша ерда ўласизлар.
[27] Сизлар бу юртга қайтиб келишни орзу қиласизлар, аммо қайтиб келмайсизлар.”
[28] Ёҳайихин ташлаб юбориладиган синиқ хумдай бўлиб қолади, Ҳеч кимга керак бўлмайдиган сопол идишга ўхшаб қолади. У болалари билан сургун бўлади! Ўзи билмаган юртга улоқтириб ташланади!
[29] Эй юрт, юрт, юрт! Эгамизнинг сўзини эшит!
[30] Эгамиз шундай демоқда: “Бу одамнинг фарзандларини насабномага киритманг, Уни ҳаётда омади йўқ, деб қайд қилиб қўйинг. Унинг зурриётидан бирортаси муваффақият қозонмас, Бирортаси Довуд тахтига чиқа олмас. Яҳудода улар ҳеч қачон ҳукмронлик қилмайдилар.”