[1] Эгамиз шундай демоқда: “Эй Исроил, қани энди қайтсанг, Қани энди, Менга қайтиб келсанг! Ҳузуримдан жирканч бутларингни улоқтириб ташласанг, Қани энди, Менинг йўлимдан озмай юрсанг.
[2] Қани энди, ҳақиқат, адолат ва тўғрилик ила «Эгамиз шоҳид!» дея қасам ичсанг. Шунда халқлар Мен орқали барака топади, Улар Мен билан фахрланади.”
[3] Эгамиз Яҳудо халқига ва Қуддус аҳолисига шундай деб айтмоқда: “Ерингизни шудгор қилинг, Тиканлар орасига уруғ сепманг.
[4] Эй Яҳудо халқи ва Қуддус аҳолиси, Ўзингизни Мен, Эгангизга бағишланг, Юрагингизни суннат қилинг. Акс ҳолда, ёвуз қилмишингиз учун Алангали ғазабимни устингизга ёғдираман. Бу ғазабимни ҳеч ким сўндира олмайди.
[5] Яҳудода эълон қилинг, Қуддусда жар солинг: «Бутун юрт бўйлаб бурғу чалинсин.» Баланд овозда ҳайқиринг: «Қани, тўпланинглар! Мустаҳкам шаҳарларга қочиб борайлик!»
[6] Қуддусга қочиб бориш учун ишора беринг, Имилламай, тезроқ қочинг! Мен шимолдан кулфат келтирмоқдаман, Даҳшатли ҳалокат олиб келмоқдаман.
[7] Ана, халқларни ҳалок этувчи йўлга тушди, У шер каби чакалакзордан чиқди. Юртингизни хароб қилгани уясини ташлаб келди. Эвоҳ, энди шаҳарларингиз вайрон бўлади, Ҳаммаси ҳувиллаб қолади.
[8] Марсия айтиб, фарёд қилинглар, Қанорга ўраниб олинглар. Ахир, Эгангизнинг алангали ғазаби Сизни четлаб ўтмади.”
[9] Эгамиз шундай демоқда: “Ўша куни шоҳ билан аъёнларнинг юраги орқага тортиб кетади. Руҳонийлар билан пайғамбарлар даҳшатга тушади.”
[10] Шунда мен дедим: “Ё Эгам Раббий, Сен Қуддус аҳолисини ёмон лақиллатдинг! Қилич уларнинг бўғзида турган бир пайтда, Сен уларга тинчлик ваъда қилдинг.”
[11] Ўша пайт келганда Эгамиз Қуддус аҳолисига шундай деб айтади: “Саҳродаги яланг қирлардан чиққан гармсел халқим томон эсмоқда. У донни хашакдан тозалайдиган майин шабада эмас,
[12] балки Мен юборган кучли бир гармселдир. Мен сизларга қарши Ўз ҳукмимни эълон қилмоқдаман.”
[13] Қаранг! Душман булутдай кўтарилмоқда. Уларнинг жанг аравалари қуюн кабидир, Отлари бургутдан ҳам чаққондир. Эвоҳ, шўримиз қурсин! Хонавайрон бўлдик!
[14] Эй Қуддус, нажот топишинг учун юрагингни покла. Қачонгача юрагингда ёвуз ният сақлайсан?!
[15] Ана, Дан шаҳридан хабарчининг овози эшитилмоқда, Эфрайим қирларидан бир шум хабар келмоқда.
[16] Эгамиз шундай дейди: “Халқларга буни айтинглар, Қуддусда шундай эълон қилинглар: «Олис юртдан босқинчилар келмоқда, Улар Яҳудо шаҳарларига қарши ҳайқирмоқда.
[17] Босқинчилар дала қўриқчиларига ўхшаб, Қуддусни қуршаб олишади.» Зотан, Қуддус аҳли Менга қарши бош кўтарди, — деб айтмоқда Эгамиз. —
[18] Тутган йўлингиз, қилган қилмишингиз дастидан Бу кулфат бошингизга келди–ку! Жазоингиз шудир. Оҳ, нақадар аччиқ бўлмаса бу кулфат! Нақадар юракни эзади–я!”
[19] Вой жоним, адойи тамом бўлдим! Вой юрагим! Қинидан чиққудай бўляпти! Сукут сақлаб тура олмайман, Эшитяпман бурғу садоларини, Эшитяпман урушга даъватларни.
[20] Кулфат кетидан кулфат келди, Бутун юрт хонавайрон бўлди. Бир зумда чодирларим бузилиб кетди, Масканим пардалари йўқ бўлди.
[21] Қачонгача ёв байроғи кўзим олдида ҳилпираб тураверади?! Қачонгача бурғу овози қулоғимга чалинаверади?!
[22] Эгамиз шундай жавоб берди: “Ахир, Менинг халқим бефаросат, Улар Мени танишмайди. Улар нодон, ақлсиз фарзандлардир. Ёмонлик қилишга уста, Яхшилик қилиш эса қўлларидан келмайди.”
[23] Мен ерга қарадим, ер айқаш–уйқаш эди, Кўзимни осмонга тикдим, осмонда нур кўринмасди.
[24] Тоғларга қарадим, тоғлар силкинаётган эди, Ҳамма қирлар ларзага келган эди.
[25] Қарадим, аммо инсон зоти кўринмади, Ҳатто кўкдаги қушлар ҳам учиб кетган эди.
[26] Қарадим, ҳосилдор ерлар чўлга айланган эди, Ҳамма шаҳарлар вайрон бўлган эди. Бунга сабаб Эгамизнинг қаттиқ қаҳри эди.
[27] Зеро, Эгамиз шундай деган эди: “Бутун юрт вайрон бўлади, Лекин юртни бутунлай йўқ қилиб юбормайман.
[28] Бутун дунё аза тутади, Осмон ҳам қоп–қора бўлиб кетади. Буни Мен айтдим, шахтимдан қайтмайман. Қарор қилдим, қароримни ўзгартирмайман.”
[29] Отлиқ ва камонкашлар ҳайқириғидан Ҳар бир шаҳар аҳолиси қочиб қолади. Улар чакалакзорлар оралаб югуришади, Қояларга чиқиб, ораларига яшириниб олишади. Ҳамма шаҳарлар ҳувиллаб қолади, У ерларда яшайдиган одам бўлмайди.
[30] Сен эса, эй харобазорга айланган шаҳар, Нега устингга қирмизи либос кийиб олдинг, Олтин тақинчоқлар билан безандинг? Нега кўзларингни бўяб олдинг? Бекорга безаниб олибсан! Ўйнашларинг сендан нафратланади, Жонингга қасд қилмоқчи улар.
[31] Ана, кимдир тўлғоқ тутган аёлдай бақирмоқда, Кимдир илк бор туғаётган аёлдай инграмоқда. Қиз Қуддус энтикиб қичқирмоқда, Қўлларини чўзиб шундай демоқда: “Шўрим қурсин! Қотилларим олдида мадорим қолмади.”