Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:04

[1] Бугун мен сизларга бераётган амрларни битта қолдирмай бажаринглар, шунда яшайсизлар, кўпаясизлар. Эгамиз ота–боболарингизга қасам ичиб, бераман, деб ваъда қилган юртга кирасизлар. Ўша юртни мулк қилиб оласизлар.

[2] Эгангиз Худо қирқ йил давомида сизни саҳродан олиб юрди, ўша узоқ сафарни ёдингизда тутинглар. Эгамиз юрагингизда нима борлигини, Унинг амрларини бажаришингизни ёки бажармаслигингизни билиши учун сизларни қийинчиликларга дучор қилиб, синади.

[3] У сизларни оч қолдирди, сўнг ўзларингиз кўрмаган, ота–боболарингиз ҳам кўрмаган манна билан қорнингизни тўйдирди. У сизларга инсон фақат нон билан эмас, балки Эгамизнинг оғзидан чиққан ҳар бир сўз билан ҳаёт эканини ўргатиш учун шундай қилди.

[4] Мана шу қирқ йил давомида кийимларингиз эскириб кетмади, оёғингиз ҳам шишмади.

[5] Энди шуни билингларки, инсон фарзандини қандай тарбияласа, Эгангиз Худо ҳам сизларни шундай тарбиялайди.

[6] Эгангиз Худонинг амрларига риоя қилинглар. У кўрсатган йўлдан юринглар. Ундан қўрқинглар.

[7] У сизларни ҳосилдор юртга олиб боради, у ерда ирмоқлар, булоқлар, водий ва қирларда ер остидан чиқадиган сувлар бор.

[8] Буғдой, арпа, узум, анжир, анор, зайтун мойи ва асал ўша юртда мўлдир.

[9] У ерда тўйиб нон ейсизлар, ҳеч нарсага муҳтож бўлмайсизлар. У ер шундай бир юртки, қоялардан темир, қирларидан мис чиқарасизлар.

[10] Ўша ерда еб тўйганингизда, сизларга берган ҳосилдор юрт учун Эгангиз Худони олқишланглар.

[11] Ҳушёр бўлинглар, мен бугун сизларга айтаётган Эгамизнинг амрларини, фармонлар ва қонун–қоидаларини бажармай қўйманглар. Эгангиз Худони эсингиздан чиқарманглар.

[12] Еб, тўйганингизда, чиройли уйлар қуриб, жойлашганингизда,

[13] мол, қўйларингиз, олтин–кумушингиз ва барча мулкингиз кўпайганда,

[14] гердайиб кетманглар. Сизларни Мисрдаги қулликдан олиб чиққан Эгангиз Худони эсингиздан чиқарманглар.

[15] У сизларни заҳарли илонлар, чаёнларга тўла ўша баҳайбат ва қўрқинчли саҳродан, сувсиз, тақир жойлардан олиб ўтди. У ерда сизлар учун қоядан сув чиқарди.

[16] Ота–боболарингиз билмаган манна билан саҳрода қорнингизни тўйғизди. Оқибатда сизларга яхшилик келтириш учун сизларни қийинчиликларга дучор қилиб, синади.

[17] Хаёлингизда: “Ўз куч–қудратим билан мана шу бойликни топдим”, деманглар.

[18] Аммо Эгангиз Худони доимо ёдингизда тутинглар. Зеро, бойликни топишга куч берган Эгангиздир. Шундай қилиб, У ота–боболарингиз билан қасам ичиб, қилган аҳдини бугун бажармоқда.

[19] Бугун мен сизларни жиддий огоҳлантиряпман. Агар Эгангиз Худони унутиб бошқа худоларга эргашсангизлар, уларга хизмат қилиб, сиғинсангизлар, сизлар албатта йўқ бўласизлар.

[20] Эгангиз Худо бошқа халқларни олдингиздан йўқ қилгани каби, Унинг амрларига қулоқ солмаганингиз учун сизларни ҳам йўқ қилади.

Қонунлар (Тавротнинг бешинчи китоби) — Chapters