Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:02

[1] Леви руҳонийлари, бутун Леви қабиласи қаторида, Исроилда улуш ҳам, мулк ҳам олмайдилар. Улар Эгамизга келтирилган назр ва қурбонликлардан ейдилар.

[2] Биродарлари орасида уларнинг улуши бўлмайди. Эгамиз Леви қабиласига: “Мен Ўзим сизларнинг улушингиз бўламан”, деб ваъда берган эди.

[3] Қурбонлик қилинган мол ёки қўйнинг елка, жағ ва ичак–човоқлари руҳонийларга берилсин.

[4] Ғаллангизнинг илк ҳосилини, энг биринчи тайёрлаган шаробингизни ва зайтун мойингизни, қўйларингизнинг биринчи қирқилган юнгини руҳонийларга беринглар.

[5] Чунки Эгангиз Худо, Леви қабиласи ва уларнинг авлодлари ҳар доим Менга хизмат қилишсин, деб уларни қабилаларингиз орасидан танлаб олди.

[6] Агар бирор леви Исроилдаги ўзи яшаб турган шаҳардан Эгамиз танлаган жойга ўз хоҳиши билан борса,

[7] у ерда Эгамизга хизмат қилган леви биродарлари сингари, Эгаси Худо номидан хизмат қила олади.

[8] Оиласининг мулкини сотишдан келган даромади бўлса ҳам, бошқа левилар қатори бир хил улуш есин.

[9] Эгангиз Худо берадиган юртга кирганингизда, у ер халқларининг жирканч одатларини ўрганманглар.

[10] Ўғли ёки қизини оловда қурбон қиладиган, фолбин, башоратгўй, ромчи, сеҳргар,

[11] иссиқ–совуқ қиладиган, арвоҳ чақирувчи, ўликлардан маслаҳат сўрайдиганлар орангизда бўлмасин.

[12] Эгамиз бундайлардан жирканади. Мана шу жирканч одатлари учун Эгангиз Худо ўша халқларни сизнинг олдингиздан ҳайдаб чиқаряпти.

[13] Эгангиз Худога бутунлай содиқ қолинг.

[14] Сизлар юртини олаётган ўша халқлар башоратгўйлар ва фолбинларнинг гапига қулоқ соладилар. Сизларнинг бундай қилишингизга эса Эгангиз Худо рухсат бермайди.

[15] Эгангиз Худо сизлар учун ўз халқингиз орасидан менга ўхшаган бир пайғамбар чиқаради. Унга қулоқ солинглар.

[16] Сиз Синай тоғида йиғилган кунингизда Эгангиз Худодан ўзингиз уни тилаб олгандингиз, зотан, сиз шундай деган эдингиз: “Эгамиз Худонинг овозини энди эшитмайлик, мана шу буюк оловни ҳам бошқа кўрмайлик, акс ҳолда, ўламиз.”

[17] Ўшанда Эгамиз менга шундай деди: “Уларнинг айтганлари тўғри.

[18] Улар учун ўз халқи орасидан сенга ўхшаган бир пайғамбар чиқараман, Мен унга нима айтишни ўргатаман. Ўша пайғамбар берган амрларимнинг ҳаммасини уларга айтади.

[19] У Менинг номимдан гапиради, унга қулоқ солмаган одамни Мен Ўзим жазолайман.

[20] Аммо бирор пайғамбар Мен буюрмаган сўзни Менинг номимдан гапиришга журъат қилса ёки бошқа худолар номидан гапирса, у пайғамбар ўлиши керак.”

[21] Кўнглингизда: “Бу сўзлар Эгамизданми ёки йўқми, биз қандай қилиб биламиз?” деб ўйлашингиз мумкин.

[22] Агар бирор пайғамбар Эгамизнинг номидан гапирса–ю, ўша воқеа юз бермаса, демак, бу сўзни Эгамиз айтмаган бўлади. Пайғамбар ўзича гапирган, ундан қўрқманглар.

Қонунлар (Тавротнинг бешинчи китоби) — Chapters