Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 11:18

[1] Эй само, қулоқ сол, мен гапираман. Эй замин, оғзимдан чиққан сўзларни эшит.

[2] Таълимотим ёмғир каби ёғсин, Сўзларим шудринг каби тушсин, Майсаларни сийпалайдиган ёмғир томчиларидай, Ўтлар устига ёғадиган мўл ёмғирдай бўлсин.

[3] Эгамизнинг номини улуғлайман! Худойимизнинг буюклигига ҳамдлар ўқинг!

[4] У суянган Қоям, Унинг ишлари комил, Ҳамма йўллари адолатлидир. Худо садоқатлидир, Унда ёлғон йўқ, У ҳақ ва одилдир.

[5] Аммо сизлар Унга содиқ қолмадингиз! Эй бузуқ ва эгри насл, Энди сизлар Унинг фарзандлари деб аталмайсиз, Бу сизларнинг иснодингиздир.

[6] Эгамизга шундай қайтарасизми, Эй аҳмоқ, нодон халқ?! У сизларни яратган Отангиз–ку! Сизга шакл берган Яратувчингиз–ку!

[7] Қадимги кунларни эсланг, Узоқ ўтмишни ўйланг. Отангиздан сўранг, у сизларга айтиб беради, Оқсоқоллардан сўранг, сизларга гапириб беришади.

[8] Худойи Таоло халқларга ерни бўлиб берганда, Одамзодни ер юзига тарқатганда, Халқларнинг чегараларини, Илоҳий зотлар сонига кўра, белгилаганди.

[9] Ёқуб наслини эса Эгамиз Ўзига улуш қилиб олди, Исроилни Ўз насибаси қилди.

[10] Эгамиз Исроилни саҳродан, Увиллайдиган даштдан топиб олди. Уни Ўз бағрига олди, Унга ғамхўрлик қилиб, Кўз қорачиғидай сақлади.

[11] Гўё бургут инидагиларни уйғотиб, Ўз полапонлари узра айлангандай, Қанотларини ёйиб, полапонларини кўтаргандай, Қанотлари устида уларни олиб юргандай,

[12] Эгамизнинг ёлғиз Ўзи Исроилни олиб юрди, Ёнида бошқа худо йўқ эди.

[13] Ернинг чўққиларига Исроилни ҳукмдор қилди, Даланинг ҳосили билан уни тўйдирди. Тошдан чиққан асал билан, Тошлоқ ерда ўсган зайтунларнинг мойи билан боқди.

[14] Сигир қатиғию эчки сути билан, Қўзичоқ ва қўй думбаси билан, Башан қўчқорию бузоқлари гўшти, Аъло буғдой билан боқди. Узумдан қилинган аъло шаробдан ичирди.

[15] Азизим Исроил семириб, ўжар бўлди. У семириб, шишиб кетди, охири бўкиб қолди. Ўзини яратган Худодан юз ўгириб, Ўз нажот Қоясини хор қилди.

[16] Бошқа худоларга сажда қилиб, Унинг рашкини келтирди. Жирканчли бутлар билан Унинг ғазабини қўзғатди.

[17] Худога эмас, жинларга қурбонлик келтирди. Бу худоларни ўзлари билмас эди, Бу худолар яқинда пайдо бўлган, Ота–боболари улардан қўрқмаган эди.

[18] Эвоҳ, эй Исроил, сени туққан Худони эсламадинг, Сени дунёга келтирган Қояни унутдинг.

[19] Эгамиз буларни кўриб, уларни рад этди, Ўз ўғил–қизлари Унинг ғазабини келтирганди.

[20] У шундай деди: “Бу халқдан юзимни ўгираман, Уларнинг аҳволи нима бўлишини кўраман. Ахир, улар эгри насл, садоқатсиз фарзандлардир.

[21] Улар Худо бўлмаган бутлар билан рашкимни келтирдилар, Бетайин худолари билан ғазабимни қўзғатдилар. Мен ҳам халқ бўлмаганлар билан уларнинг рашкини келтираман, Ақлсиз бир халқ билан ғазабини қўзғатаман.

[22] Менинг ғазабимдан олов чиқади, Ўликлар диёрининг энг чуқур жойигача ёндиради, Ерни, ҳосилини куйдиради, Тоғ пойдеворини кул қилади.

[23] Уларга кулфат кетидан кулфат келтираман, Ўқларимни битта қўймай уларга отаман:

[24] Очлик уларнинг силласини қуритади, Иситма ёндириб куйдиради, Офат жонларини олади. Ёввойи ҳайвонлар уларни тилка–пора қилади, Ерда судраладиган илонлар заҳрини сочади.

[25] Кўчаларда йигиту қизларни қилич ҳалок қилади, Уйларда эса чақалоғу оқ сочли кексаларни ваҳима ўлдиради.

[26] Ҳа, Мен уларни сочиб ташлаган бўлардим, Одамлар орасидан уларнинг хотирасини ўчириб юборган бўлардим,

[27] Аммо душманнинг мазахидан ҳайиқдим, Ғанимлар нотўғри тушунмасин, дедим. «Исроилни Эгаси эмас, биз мағлуб қилдик», деб Ўйламасин дедим.”

[28] Исроил ақлини йўқотган, идроксиз халқдир.

[29] Агар уларда ақл бўлса эди, тушунарди, Оқибати нима бўлишини биларди.

[30] Ана, Эгаси Исроилни тарк этди, Суянган Қояси уларни душманга бериб қўйди. Акс ҳолда, бир киши Исроилнинг мингтасини таъқиб қила олармиди?! Икки киши Исроилнинг ўн мингтасини ҳайдай олармиди?!

[31] Ҳатто душманлари тан олади, Исроил халқининг Худоси Қудратли Қоя эканлигини.

[32] Исроилнинг душманлари узум токига ўхшар, Садўм ва Ғамўра далаларида ўсар, Узумзорларининг меваси заҳарли, Узумлари оғу сингари аччиқдир.

[33] Уларнинг шароби аждарҳо заҳри, Илонларнинг қўрқинчли оғусидир.

[34] Эгамиз шундай дейди: “Мен Исроил душманларини Нималар қилишни дилимда тутаман, Ўшаларни хазинамда сақлайман.

[35] Уларнинг оёқлари чалишганда Мен Ўзим қасос ва ўч оламан. Уларнинг ҳалокат куни яқиндир, Уларнинг қисмати ҳал бўлади.”

[36] Эгамизнинг халқи кучдан қолганда, Эркину эрксизлар нобуд бўлганда, Эгамиз Ўз халқини оқлайди, Ўз қулларига раҳм–шафқат қилади.

[37] Шунда Эгамиз Ўз халқидан сўрайди: “Ишонган худоларингиз қани?! Сиз паноҳ олган қоянгиз қани?!

[38] Сизлар ўшаларга қурбонлик ёғидан едирдингиз, Назр шаробидан ичирдингиз. Энди улар келиб, сизларга ёрдам берсин! Ўшалар сизга қалқон бўлиб кўрсин!

[39] Билиб қўйинг, Мен ягонаман! Мендан бошқа Худо йўқдир. Ўлдирадиган Менман, Ҳаёт берадиган ҳам Менман, Жароҳат етказадиган Менман, Шифо берадиган ҳам Менман. Менинг қўлимдан ҳеч ким қутула олмайди.

[40] Мен барҳаёт Худо бўлганим ҳақи, Қўлимни осмонга кўтариб, онт ичиб айтаманки,

[41] Мен ялтироқ қиличимни чархлайман, Адолат ўрната бошлайман. Душманларимдан қасос оламан, Мендан нафратланганларга қайтараман.

[42] Ҳалок бўлганлар ва асирларнинг қони билан Ўқларимни маст қиламан, Ёв лашкарбошиларининг каллалари билан Қиличимни этга тўйдираман.”

[43] Эй эллар, Унинг халқи билан бирга шодланинг, У қулларининг ўлими учун ўч олади. Душманларидан қасос олиб, Юрти ва халқини гуноҳдан поклайди.

[44] Мусо Нун ўғли Ёшуа билан бирга бу қўшиқнинг барча сўзларини овоз чиқариб, халққа айтиб берди.

[45] Мусо мана шу сўзларнинг ҳаммасини бутун Исроил халқига айтиб бергандан кейин,

[46] уларга шундай деди: — Бугун мен сизларни огоҳлантириб, айтган сўзларнинг ҳаммасини юрагингизда сақланг. Болаларингизга ҳам буюринг, мана шу қонуннинг сўзларини битта қолдирмай бажаришсин.

[47] Бу шунчаки қуруқ сўзлар эмас, балки сизларнинг ҳаётингиздир. Мана шу сўзлар туфайли сизлар мулк қилиб оладиган Иорданнинг нариги томонидаги юртда узоқ яшайсизлар.

[48] Эгамиз ўша куни Мусога шундай деди:

[49] — Аборим тизмасидаги Наво тоғига чиқ. Бу тоғ Ерихо шаҳри рўпарасидаги Мўаб юртида жойлашган. У ердан Мен Исроил халқига мулк қилиб бераётган Канъон юртига қара.

[50] Аканг Ҳорун Хўр тоғида оламдан ўтгандай, сен ҳам ўзинг чиқадиган тоғда оламдан ўтасан.

[51] Икковингиз Исроил халқининг олдида Менга садоқатсизлик қилган эдингиз. Сизлар Зин чўлида, Марива сувлари бўйидаги Кадеш ёнида Исроил халқига муқаддаслигимни намоён қилмаган эдингиз.

[52] Шунинг учун сен ўша юртни узоқдан кўрасан. Мен Исроил халқига бераётган ўша ерга сен кирмайсан.

Қонунлар (Тавротнинг бешинчи китоби) — Chapters