[1] Эгангиз Худо, халққа ўргатгин, деб менга берган амрлар, фармонлар ва қонун–қоидалар шулардан иборатдир. Иорданни кечиб ўтиб, мулк қилиб оладиган юртда буларга риоя қилинглар.
[2] Мен сизларга берадиган фармон ва амрларга ўзларингиз, фарзандларингиз ва набираларингиз, ҳаммангиз риоя қилинглар. Бир умр Эгангиз Худодан қўрқинглар, шунда умрингиз узоқ бўлади.
[3] Эй Исроил халқи, қулоқ солинг, буларни битта қолдирмай бажаринг. Шунда ота–боболарингизнинг Худоси — Эгангиз берган ваъдага кўра, сут ва асал оқиб ётган юртда кўпаясизлар, бахтиёр бўласизлар.
[4] Эй Исроил, қулоқ сол! Эгамиз Худо танҳо Эгадир.
[5] Эгангиз Худони бутун қалбингиз билан, жону дилингиз билан, бутун вужудингиз билан севинглар.
[6] Бугун мен сизларга берган бу амрларни юрагингизда сақланглар.
[7] Буларни болаларингизга ҳам ўргатинглар. Уйда ўтирганда ҳам, йўлда юрганда ҳам, ётганингизда ҳам, турганингизда ҳам шулар ҳақида гапиринглар.
[8] Буларни қўлингизга белги қилиб боғланглар, пешанангизга нишона қилиб тақиб олинглар.
[9] Эшигингиз кесакисига, дарвозаларингизга ёзиб қўйинглар.
[10] Эгангиз Худо ота–боболарингиз Иброҳим, Исҳоқ, Ёқубга қасам ичиб, ваъда қилган ерга сизларни олиб киради. У сизларга ўзингиз қурмаган катта ва чиройли шаҳарларни беради.
[11] Ўзингиз тўлдирмаган, бойликларга тўла уйларни, ўзингиз қазимаган сардобаларни, сиз экмаган токлар ва зайтунзорларни беради. Ўшанда еб тўйганларингиздан кейин
[12] эҳтиёт бўлинглар! Сизларни Мисрдаги қулликдан олиб чиққан Эгамизни унутманглар.
[13] Эгангиз Худодан қўрқинглар. Фақат Унга хизмат қилинглар. Ёлғиз Унинг номи билан қасам ичинглар.
[14] Бегона худоларга, атрофингиздаги халқларнинг худоларига эргашманглар.
[15] Ахир, орангиздаги Эгангиз Худо сизнинг севгингизни бошқа худолар билан баҳам кўрмайдиган Худодир. У ғазабланиб, сизларни ер юзидан йўқотиб юборади.
[16] Массахда қилганингиздек, Эгангиз Худони синаманглар.
[17] Унинг амрларини, фармон ва шартларини битта қолдирмай бажаринглар.
[18] Эгамиз тўғри ва яхши деб билган ишларни қилинглар. Шунда Эгамиз ота–боболарингизга қасам ичиб, ваъда қилган ҳосилдор юртни сизлар мулк қилиб оласизлар, бахтиёр бўласизлар.
[19] Эгамиз, Ўзи айтганидек, юртингизда яшаган барча душманларингизни ҳайдаб чиқаради.
[20] Келажакда фарзандларингиз сизлардан: “Эгамиз Худо сизларга берган қонун–қоидалар, фармон ва шартларнинг маъноси нима?” деб сўрайди.
[21] Уларга шундай деб жавоб беринглар: “Биз Мисрда фиръавннинг қуллари эдик. Эгамиз Ўз қудрати билан бизни Мисрдан олиб чиқди.
[22] У бизнинг кўзимиз олдида Мисрга, фиръавн ва унинг бутун хонадонига буюк, қўрқинчли аломату мўъжизаларни кўрсатди.
[23] Ота–боболаримизга онт ичиб ваъда қилган юртга бизни олиб кириш учун, ўша юртни бизга бериш учун бизни Мисрдан олиб чиқди.
[24] Эгамиз Худо: «Мана шу фармонларнинг ҳаммасига риоя қилинглар, Мендан қўрқинглар, шунда бугунгидай тирик бўласиз, бахтли ҳаёт кечирасиз», деди.
[25] Эгамиз Худонинг олдида мана шу амрларни битта қолдирмай бажарсак, солиҳ бўламиз.”