Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:39

[1] Шундан кейин Эгамиз менга деди: “Иккита тош лавҳани кесиб ол. Улар олдингиларига ўхшаган бўлсин. Кейин тоққа Менинг олдимга чиқ. Яна ёғочдан бир Сандиқ яса.

[2] Мен ўша тош лавҳаларга сен синдирган лавҳалардаги амрларни ёзаман. Сен лавҳаларни Сандиққа солиб қўясан.”

[3] Шундай қилиб, мен акас ёғочидан Сандиқ ясадим, олдингисига ўхшаган иккита тош лавҳани кесиб олдим. Кейин иккала тошни кўтариб, тоққа чиқдим.

[4] Эгамиз тош лавҳаларга олдингидай ўнта амрни ёзди. Сизлар тоғда йиғилганингизда ўша амрлар Эгамиз олов ичидан сизга айтган сўзларнинг ўзгинаси эди. Эгамиз ўша лавҳаларни менга берди.

[5] Мен тоғдан қайтиб тушдим. Эгамизнинг амрига кўра, лавҳаларни Сандиққа солдим. Лавҳалар ҳали ҳам ўша Сандиқда турибди.

[6] (Исроил халқи Яқон уруғига қарашли қудуқлардан Мосарахга йўл олди. Ҳорун ўша ерда вафот этиб, дафн қилинди. Ўрнига ўғли Элазар руҳоний бўлди.

[7] Исроил халқи у ердан Гудгодахга, Гудгодахдан оқар сувлар ўлкаси Ётботога боришди.

[8] Эгамиз: “Менинг Аҳд сандиғимни кўтариб юрсин, Менинг ҳузуримда хизмат қилсин, Менинг исмим билан одамларни дуо қилсин”, деб ўшанда Леви қабиласини танлаб олган эди. Улар бугунгача ҳам шу хизматни адо этиб келмоқдалар.

[9] Шунинг учун Леви қабиласига биродарлари орасидан улуш ҳам, мулк ҳам берилмаган. Зотан, Леви қабиласининг улуши Эгамизнинг Ўзидир. Бу гапни Эгангиз Худонинг Ўзи айтди.)

[10] Мен яна олдингидай тоғда қирқ кечаю қирқ кундуз қолдим. Эгамиз бу сафар ҳам менинг илтижоимни эшитиб, сизларни ҳалок қилмайдиган бўлди.

[11] У менга шундай деди: “Қани, халқни бошла. Уларни Мен ота–боболарига қасам ичиб ваъда берган юртга олиб бор. Улар ўша юртга бориб, уни қўлга киритишсин.”

[12] Эй Исроил халқи! Эгангиз Худо сизлардан битта нарсани талаб қилади: Эгангиз Худодан қўрқинг, Унинг йўлидан юринг, Эгангиз Худони севинг, бутун қалбингиз билан, жону дилингиз билан Унга хизмат қилинг.

[13] Мен бугун сизларга бераётган Эгамизнинг амру фармонларига риоя қилинг, шунда бахтиёр бўласиз.

[14] Осмон ва фалак тоқи, ер юзи ва ундаги ҳамма нарса Эгангиз Худоникидир.

[15] Аммо Эгамиз фақатгина ота–боболарингизга қаттиқ муҳаббат қўйди. Мана бугун кўриб турганингиздай, уларнинг авлодини, сизларни барча халқлар орасидан танлаб олди.

[16] Юракларингизни суннат қилинглар, бундан кейин ўжар бўлманглар.

[17] Эгангиз Худо худоларнинг Худосидир, эгаларнинг Эгасидир, буюк қудратли, қўрқинчли Худодир. У тарафкашлик қилмайди, пора олмайди.

[18] Етим ва беваларга адолат қилади, мусофирга меҳрибонлик қилади, уларга нон ва кийим беради.

[19] Сизлар ҳам мусофирларга меҳрибон бўлинглар, ўзларингиз ҳам Мисрда мусофир эдингизлар.

[20] Эгангиз Худодан қўрқинглар. Ёлғиз Унга сажда қилинглар, Унга содиқ бўлиб, Унинг номи билан қасам ичинглар.

[21] Фақат Унга ҳамдлар айтинглар, чунки У сизларнинг Худойингиздир. Сизлар ўз кўзингиз билан Унинг буюк ва қўрқинчли аломатларини кўрдингиз.

[22] Мисрга борган ота–боболарингиз етмиш киши эди, холос. Энди эса Эгангиз Худо сизларни осмондаги юлдузлар каби сон–саноқсиз қилди.

Қонунлар (Тавротнинг бешинчи китоби) — Chapters