Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 13:01

[1] Агар Эгангиз Худога итоат этиб, мен бугун айтаётган Унинг барча амрларини битта қолдирмай бажарсангиз, У сизларни ер юзидаги ҳамма халқлардан устун қилади.

[2] Эгангиз Худога итоат этсангиз, У сизларга барака беради, барака сиздан аримайди.

[3] Эгангиз сизга шаҳарда ҳам, далада ҳам барака беради.

[4] Ували–жували бўласизлар, ерингиз ҳосилдор, мол–қўйингиз баракали бўлади, сигирларингиз болалайди, қўйларингиз қўзилайди.

[5] Супрангиз ва буғдой солинган саватларингиз баракали бўлади.

[6] Уйда бўлганингизда ҳам, йўлга чиққанингизда ҳам Эгамиз сизга барака беради.

[7] Сизларга ҳужум қилган душманларингизни Эгамиз мағлуб қилади. Улар сизларга бир томондан ҳужум қилиб келади, аммо етти томонга тумтарақай қочади.

[8] Қилган ҳар бир ишингизни Эгангиз Худо сербарака қилади, омборларингизни тўлдиради. У сизларга бераётган юртда барака беради.

[9] Эгангиз Худонинг амрларига итоат этсангиз, Унинг йўлидан юрсангиз, Эгамиз сизларга қасам ичиб ваъда берганидай, сизларни Ўзининг муқаддас халқи қилади.

[10] Эгамизга тегишли эканингизни кўриб, ер юзидаги барча халқлар сизлардан қўрқадиган бўлади.

[11] Эгамиз ота–боболарингизга қасам ичиб, сизларга бераман, деб ваъда қилган юртда фаровонлик ато қилади. Ували–жували бўласизлар, молингиз кўпаяди, далангизнинг ҳосили баракали бўлади.

[12] Эгамиз Ўзининг осмондаги бой хазинасини очиб, вақтида ерингизга ёмғир ёғдиради, қиладиган ҳар бир ишингизга барака беради. Кўп халқларга қарз берасиз–у, ўзингиз қарз олмайсиз.

[13] Бугун Эгангиз Худонинг мен сизларга айтаётган амрларини битта қолдирмай бажарсангиз, Эгамиз сизларни дум эмас, бош қилади. Сизлар пастда эмас, баландда бўласиз.

[14] Бугун мен сизларга айтаётган амрлардан ўнгга ёки чапга чиқманг, бошқа худоларга эргашманг, уларга хизмат қилманг.

[15] Агар Эгангиз Худога қулоқ солмасангиз, бугун мен сизларга айтаётган Эгамизнинг ҳамма амри ва фармонларига риоя қилмасангиз, қуйидаги лаънатлар бошингизга келади:

[16] Шаҳарда ҳам, далада ҳам лаънати бўласиз.

[17] Супрангиз ва буғдой солинган саватларингиз лаънатланади.

[18] Фарзандга зор бўласиз, ерингиз ҳосил бермайди, мол–қўйингиз кўпаймайди.

[19] Уйда бўлганингизда ҳам, йўлга чиққанингизда ҳам лаънати бўласиз.

[20] Эгамизни тарк этиб, қабиҳликлар қилганингиз учун қилган ҳар бир ишингизда У сизларни лаънатга, бало–қазога дучор қилади. Ишингиз ўнгидан келмайди. Охири, Эгамиз устингизга кулфат ёғдириб, бир лаҳзада йўқ қилади.

[21] Мулк қилиб оладиган юртингизга Эгамиз ўлат юбориб, сизларни йўқ қилади.

[22] У сизларни иситма ва яллиғланиш билан кечадиган тузалмас касалликка дучор қилади. Жазирама иссиқ ва қурғоқчилик юбориб, ҳосилингизни қовжиратади, моғорлатади. Ўлгунингизча бу кулфатлар орқангиздан қувади.

[23] Тепангиздаги осмон бронза каби қаттиқ, остингиздаги ер темир каби заранг бўлади.

[24] Йўқ бўлиб кетгунингизча, Эгамиз устингизга ёмғир ўрнига чанг–тўзон ёғдиради.

[25] Эгамиз сизларни душманларингиз олдида тиз чўктиради. Уларга бир томондан ҳужум қиласизлар, аммо етти томонга тумтарақай қочасизлар. Ер юзидаги барча шоҳликлар аҳволингизни кўриб, даҳшатга тушади.

[26] Мурдаларингиз осмондаги қушларга, ердаги йиртқич ҳайвонларга ем бўлади, уларни ҳайдайдиган кимса бўлмайди.

[27] Эгамиз сизларни Мисрликларга тоштирган чипқонга, йиринг боғлайдиган яраларга, қўтир ва қичималарга мубтало қилади. Бу хасталикларга даво тополмайсиз.

[28] Эгамиз сизларни ақлдан оздириб, кўр ва овсар қилиб қўяди.

[29] Кўр одам қоронғида пайпасланиб юргандай, сизлар куппа–кундузи пайпасланиб юрасизлар. Ишларингиз юришмайди, хор бўласизлар, сизларни талон–тарож қиладилар, ҳеч ким сизларни қутқармайди.

[30] Бир қиз билан унаштириласиз, аммо у билан бошқаси ётади. Уй қурасиз–у, уйингизда яшамайсиз, узумзор экасиз–у, мевасидан емайсиз.

[31] Молингизни кўз олдингизда сўйишади, лекин гўштини емайсиз. Эшагингизни кўз олдингиздан ўғирлаб кетишади, қайтиб беришмайди. Қўйларингиз душманларингизга берилади. Сизларга ҳеч ким ёрдам бермайди.

[32] Ўғилларингиз, қизларингиз кўз олдингизда бошқа халқларга берилади. Улар томон талпинасиз–у, бирор нарса қилишга ожиз бўласиз.

[33] Ерингиз ҳосилидан, меҳнатингиз самарасидан бегона халқлар баҳраманд бўлади. Сизни эса ҳар куни эзишади, хор қилишади.

[34] Кўзларингиз билан кўрган воқеалардан жинни бўлиб қоласиз.

[35] Эгамиз оёқларингизга тузалмас яралар тоштиради. Бутун баданингизга бошдан–оёқ чипқон чиқади.

[36] Эгамиз сизларни ва устингиздан қўйган шоҳни ўзларингиз ҳам, ота–боболарингиз ҳам билмаган халқ олдига ҳайдаб боради. У ерда ёғоч ва тошдан ясалган бошқа худоларга хизмат қиласиз.

[37] Эгамиз сизларни ўша бегона халқларга олиб борганда, улар аҳволингиздан даҳшатга тушади. Сизлар уларга масхара, кулги бўласиз.

[38] Далага кўп уруғ экасиз, лекин кам ҳосил оласиз. Ҳосилингизни чигирткалар еб битиради.

[39] Узумзорлар барпо қиласиз, парваришлайсиз, лекин шаробидан ичмайсиз, узумини термайсиз. Уларга қурт тушади.

[40] Ерларингизда зайтун дарахтлари ўсади, лекин устингизга зайтун мойи суртмайсиз. Зайтун мевалари тўкилиб кетади.

[41] Ўғил–қизлар кўрасиз, лекин улар ўзингизга буюрмайди, уларни асир қилиб олиб кетишади.

[42] Ҳамма дарахтларингиздаги меваларни ва ерингиз ҳосилини чигирткалар еб, нобуд қилади.

[43] Орангиздаги мусофирлар янада кўтарилади, сизлар эса янада пасаясиз.

[44] Улар сизларга қарз беради, сизлар эса уларга қарз беролмайсиз. Улар бош бўлади, сизлар эса дум бўласиз.

[45] Эгангиз Худога итоат этмаганингиз учун, У сизларга айтган амрларни ва фармонларни бажармаганингиз учун, мана шу лаънатлар бошингизга келади, орқангиздан қувиб, сизларга етиб олиб ҳалок қилади.

[46] Бу лаънатлар то абад сизлар ва авлодларингиз учун Худо берган жазонинг исботи бўлади.

[47] Ҳамма нарса мўл–кўл бўлганда, сизлар Эгангиз Худога хурсандчилигу қувонч билан хизмат қилмадингиз.

[48] Шунинг учун Эгамиз юборган душманларга хизмат қиласиз, оч, ташна, яланғоч, муҳтож бўлиб қоласиз. Душманларингиз сизларга темир бўйинтуруқ солади, ҳаммангизни нобуд қилади.

[49] Эгамиз бошингизга узоқдан, ер юзининг у четидан бургутдай бир халқни юборади. Сизлар бу халқнинг тилини тушунмайсиз.

[50] Бу халқ қўрқинчли, катталарни ҳурмат қилмайди, кичикларга раҳм–шафқат кўрсатмайди.

[51] Сизларни хонавайрон қилмагунча, молларингизни, ерингизнинг ҳосилини ейишади. Сизларга на донни, на шаробни, на зайтун мойини, на подангиздаги бузоқларни, на сурувингиздаги қўзиларни қолдиришади. Шунда сизлар йўқ бўлиб кетасизлар.

[52] Эгангиз Худо сизларга бераётган юртдаги ҳамма шаҳарларни улар қамал қилишади. Сиз суянган баланд ва мустаҳкам деворларни вайрон қилишади.

[53] Қамал пайтида душманларингиз бошингизга солган кулфат туфайли ўз фарзандларингизни, Эгангиз Худо сизларга берган ўғил–қизларингизнинг этини ейсизлар.

[54] Ораларингиздаги энг мулойим, энг диёнатли эркак ҳам туғишган акасидан, суюкли хотинидан, соғ қолган болаларидан этни қизғанади.

[55] Ўзи еяётган болаларининг этидан ҳеч кимга бермайди, бундан бошқа чораси ҳам бўлмайди. Чунки душманнинг қуршови ҳамма шаҳарларингизда сизни шу қадар танг аҳволга солиб қўяди.

[56] Ораларингиздаги энг мулойим, энг нозик аёл, нозиклигидан оёғини ерга қўйишни ҳам истамайдиган аёл, севикли эридан, ўғли ва қизидан этни қизғанади.

[57] Очликдан у, ҳатто, оёқлари орасидан чиққан йўлдошни ва ўзи туққан болаларни яширинча ейди. Душманнинг қуршови ҳамма шаҳарларингизда сизни шу қадар танг аҳволга солиб қўяди.

[58] Эгангиз Худонинг буюк ва ҳайбатли номидан қўрқмасангиз, шу китобда ёзилган қонуннинг ҳамма сўзларини бажармасангиз,

[59] Эгамиз ўзларингизни ва авлодларингизни оғир ва доимий кулфатларга, ёмон, тузалмайдиган хасталикларга гирифтор қилади.

[60] Сизларни ваҳимага туширадиган барча Миср хасталикларини бошингизга солади, улардан ҳеч қачон шифо топмайсиз.

[61] Сизлар йўқ бўлгунингизча, Эгамиз мана шу қонун китобида ёзилмаган бошқа хасталигу офатларни ҳам бошингизга келтираверади.

[62] Сизлар осмондаги юлдузлар каби кўп эдингизлар, аммо Эгангиз Худога қулоқ солмаганингиз учун саноқли бўлиб қоласизлар.

[63] Эгамиз сизларга яхшилик қилиб, сизларни кўпайтиргандан қанчалик мамнун бўлган бўлса, сизларни ҳалок қилиб йўқ қилгандан ҳам шунчалик мамнун бўлади. Мулк қилиб оладиган юртингиздан сизларни суғуриб, улоқтириб ташлайди.

[64] Эгамиз сизларни дунёнинг у четидан бу четигача ҳамма халқлар орасига тарқатиб юборади. У ерда ўзларингиз ҳам, ота–боболарингиз ҳам билмаган, тош ва ёғочдан ясалган бошқа худоларга хизмат қиласизлар.

[65] Лекин бу халқлар орасида ором тополмайсизлар, оёқ узатиб дам олишингиз учун жой бўлмайди. Эгамиз сизларга титроқ юрак, хира кўз, умидсиз руҳ беради.

[66] Ҳаётингиз қил устида тургандек бўлади, кечасию кундузи ўлимдан қўрқиб яшайсиз.

[67] Юрагингиздаги қўрқув ва кўзларингиз кўраётган воқеалар туфайли эрталаб: “Қанийди, кечқурун бўлса”, кечқурун эса: “Қанийди, эрталаб бўлса”, дейсизлар.

[68] Эгамиз сизларга, Мисрга қайтиб бормайсизлар, деб айтган бўлса–да, У сизларни кемаларда Мисрга қайтариб жўнатиб юборади. Ўша ерда, душманларимизга қул ва чўри бўлиб сотилсайдик, деб ҳаракат қиласизлар, лекин сизларни сотиб оладиган харидорлар бўлмайди.

Қонунлар (Тавротнинг бешинчи китоби) — Chapters