[1] Агар бирор киши уйланса–ю, кейинчалик хотинидан бирорта уятли қилиқ топиб, уни ёқтирмай қолса, унинг қўлига талоқ хати ёзиб бериб, уйидан чиқариб юбориши мумкин.
[2] Аёл эрининг уйидан кетиб, бошқа эрга тегса–ю,
[3] бу эри ҳам уни ёқтирмай қолса, аёлнинг қўлига талоқ хати ёзиб бериб, уйидан чиқариб юборса ёки аёлнинг кейинги эри ўлиб қолса,
[4] биринчи эри аёлга қайтадан уйланиши мумкин эмас. Чунки у аёл ҳаром бўлди. Бундай қилмишдан Эгамиз жирканади. Эгангиз Худо сизларга мулк қилиб бераётган юртни булғаманг.
[5] Янги уйланган одам урушга бормасин, шунга ўхшаш мажбурият унга юкланмасин. У бир йил давомида эркин бўлиб, хотинини уйда бахтли қилсин.
[6] Ҳеч ким тегирмонни ёки тегирмон тошини гаровга олмасин. Шундай қилса, у ҳаётни гаровга олгандай бўлади.
[7] Агар бирортаси Исроил халқидан бўлган биродарини ўғирлаб, уни қул қилиб олгани ёки сотгани маълум бўлса, бундай ўғри ўлдирилсин. Шу тариқа орангиздан ёмонликни йўқ қилинглар.
[8] Тери касаллигидан эҳтиёт бўлинглар. Мен леви руҳонийларига берган амрларимни битта қолдирмай бажаринглар.
[9] Мисрдан чиққанларингиздан кейин, Эгангиз Худо йўлда Марямни нима қилганини эсингизда тутинглар.
[10] Бировга бирор нарсани қарзга берганингизда, гаров олгани унинг уйига кирманг.
[11] Ташқарида кутиб туринг. Сиз қарз бераётган одамнинг ўзи сизга гаровни кўчага олиб чиқиб берсин.
[12] Агар у камбағал бўлса, унинг кийимини гаровга олиб, ухлагани ётманг.
[13] Қуёш ботаётганда ундан олган гаровни қайтариб беринг. У ўзининг кийимини кийиб ухласин, сизни дуо қилсин. Бу билан сиз Эгангиз Худонинг назарида тўғри иш қилган бўласиз.
[14] Камбағал, муҳтож мардикорнинг иш ҳақини ушлаб қолманг. У Исроил халқидан бўладими ёки шаҳрингизга келган мусофир бўладими, бундай қилманг.
[15] У камбағалдир, тирикчилиги мана шу иш ҳақига боғлиқ. Шунинг учун ҳар куни, қуёш ботмасдан олдин унга ҳақини беринг. Акс ҳолда, биродарингиз Эгамизга сиздан нолийди, натижада сиз гуноҳ орттириб оласиз.
[16] Оталар фарзандларининг гуноҳи учун ўлдирилмасин. Фарзандлар оталарининг гуноҳи учун ўлдирилмасин. Ҳар ким ўз гуноҳи учун ўзи ўлим жазосини олсин.
[17] Мусофир ва етимга ноҳақлик қилманг, беванинг кийимини гаровга олманг.
[18] Ўзларингиз ҳам Мисрда қул бўлганингизни, Эгангиз Худо сизларни озод қилиб, у ердан олиб чиққанини ёдингизда тутинг. Шунинг учун ҳам мен сизларга шундай қилинглар, деб буюряпман.
[19] Далангиз ҳосилини ўрганингизда, бирон боғлам эсингиздан чиқиб қолса, шу боғламни олиб келгани қайтиб борманг. Ўша боғлам мусофирларга, етим ва беваларга қолсин. Шунда Эгангиз Худо қиладиган ҳар бир ишингизга барака беради.
[20] Зайтун дарахтингиз мевасини қоқиб олганингиздан кейин, қолган–қутганига тегманг. Уларни мусофирларга, етим ва беваларга қолдиринг.
[21] Узумзорингиз ҳосилини йиққанингизда, токларда қолиб кетган узум бошларини йиғиб олманг. Уларни мусофир, етим ва беваларга қолдиринг.
[22] Мисрда қул бўлганингизни эсингиздан чиқарманг. Шунинг учун ҳам мен сизларга шундай қилинглар, деб буюряпман.