Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:26

[1] Жинсий аъзоси кесиб ташланган ёки мояги эзилган одамга Эгамиз жамоаси йиғинида иштирок қилиш ман этилади.

[2] Ноқонуний туғилган бола Эгамиз жамоасига киролмайди, унинг ўнинчи авлодигача бирорта авлоди ҳам Эгамиз жамоасига киролмайди.

[3] Оммонликлар ва Мўабликлар Эгамиз жамоасига киролмайди, уларнинг ўнинчи авлодигача бирорта авлоди Эгамиз жамоасига асло киролмайди.

[4] Чунки Мисрдан чиқиб келаётганингизда улар йўлда сизларни нон ва сув билан кутиб олмадилар. Улар Орам–Нахрайимдаги Патўр шаҳридан Бавўр ўғли Баломни сизларни лаънатлаш учун ёллади.

[5] Лекин Эгангиз Худо Баломга қулоқ солишни хоҳламади. Эгангиз Худо сизларни севгани учун Баломнинг лаънатини баракага айлантирди.

[6] Тирик экансиз, уларнинг тинчлигини, фаровонлигини ҳеч қачон кўзламанглар.

[7] Эдомликлардан эса ҳазар қилманглар, чунки улар сизларнинг қариндошларингиздир. Мисрликлардан ҳам ҳазар қилманглар, чунки сизлар уларнинг юртида мусофир бўлган эдингизлар.

[8] Улардан туғилган учинчи авлод болалари Эгамиз жамоасига кирса бўлади.

[9] Душманларингиз билан жанг қилишга борганингизда, ҳар қандай ҳаромликдан сақланинг.

[10] Агар орангиздан бирортаси, кечаси маний оққани туфайли ҳаром бўлиб қолса, у қароргоҳдан чиқиб кетсин. У қароргоҳда қолиши мумкин эмас.

[11] Кеч кираётганда ювиниб, қуёш ботгандан кейин қароргоҳга кириши мумкин.

[12] Қароргоҳнинг ташқарисида ҳожат чиқаришингиз учун жой бўлсин.

[13] Қурол–аслаҳангиз орасида куракчангиз ҳам бўлсин, эҳтиёжингизни қондириш учун чуқурча ковлаб, кейин уни кўмиб қўйинг.

[14] Қароргоҳингизни пок сақланг, чунки Эгангиз Худо сизларга нажот бериш ва душманларингиз устидан ғалаба қозонишингиз учун сизлар билан қароргоҳдадир. Агар У орангизда уятли ишларни кўрса, сизлардан юз ўгиради.

[15] Ўз эгасидан қочиб, Исроилдан паноҳ сўраб келган қулни яна қайтариб эгасига бериб юборманглар.

[16] У сизларнинг орангизда, ўзи ёқтирган жойда, танлаган шаҳарларингизнинг бирида яшайверсин. Унга зулм қилманглар.

[17] Исроил аёллари орасида саждагоҳ фоҳишалари бўлмасин. Исроил эркаклари орасида саждагоҳ фоҳишлари бўлмасин.

[18] Эгангиз Худо бузуқ аёлу эркаклардан жирканади. Уларнинг иш ҳақини Эгангиз Худонинг уйига олиб кирманглар. Ўшани аталган назр сифатида келтирманглар.

[19] Исроил халқидан бўлган биродарингизга кумушни, нонни ёки ҳар қандай бошқа нарсани қарзга берганингизда, фоиз талаб қилманглар.

[20] Бошқа халқдан бўлгандан фоиз талаб қилсангиз бўлади, лекин биродарингиздан фоиз талаб қилманглар. Шунда Эгангиз Худо сизга мулк қилиб берадиган юртда ҳар бир ишингизга барака беради.

[21] Эгангиз Худога назр атаган бўлсангиз, уни кечиктирмасдан келтиринг. Эгангиз Худо ваъдангизни бажаришни сиздан талаб қилади. Келтирмасангиз, ўзингизга гуноҳ орттириб оласиз.

[22] Назр атамасангиз гуноҳ бўлмайди.

[23] Аммо ўз хоҳишингиз билан Эгангиз Худога онт ичиб назр атасангиз, оғзингиздан чиққан ваъдангизни албатта бажаринг.

[24] Бировнинг узумзорига кирганингизда, тўйгунингизча узумдан есангиз бўлади, лекин идишингизга териб олманг.

[25] Бировнинг даласига кирганингизда қўлингиз билан бошоқ узсангиз бўлади, лекин экинига ўроқ солманг.

Қонунлар (Тавротнинг бешинчи китоби) — Chapters