[1] Мусо Мўаб текислигидан Наво тоғининг чўққисига чиқди. Наво тоғи Ерихо шаҳрининг шарқида жойлашган Фисгах тоғ тизмасининг энг баланд жойи эди. У ердан Мусога Эгамиз бутун ўлкани кўрсатди: шимолдаги Дан шаҳригача чўзилган бутун Гилад ўлкасини,
[2] ҳамма Нафтали ерларини, Эфрайим ва Манаше ерларини, Ўрта ер денгизигача чўзилган бутун Яҳудо ерларини,
[3] Нагав чўли ва текисликни. Бу текислик Зўвар шаҳридан то пальмалар шаҳри бўлмиш Ерихогача чўзилган эди.
[4] Эгамиз Мусога деди: — Мен Иброҳим, Исҳоқ, Ёқубга, сенинг авлодингга бераман, деб қасам ичиб айтган юрт мана шудир. Мана, бу юртни ўз кўзинг билан кўрдинг, лекин у юртга кирмайсан.
[5] Эгамиз айтганидай, Унинг қули Мусо ўша ерда, Мўаб юртида вафот этди.
[6] Эгамиз уни Мўабда, Байт–Пиёр шаҳрининг яқинидаги бир водийда дафн қилди. Мусо дафн қилинган жойни ҳозиргача ҳеч ким билмайди.
[7] Мусо вафот этганда 120 ёшда эди. Лекин кўзларининг нури ҳали сўнмаган эди, ғайрати йўқолмаган эди.
[8] Исроил халқи Мўаб текислигида Мусо учун ўттиз кун аза тутди. Мусо учун аза кунлари тамом бўлди.
[9] Мусо ўлимидан олдин Ёшуага қўл қўйиб, уни йўлбошчи қилиб тайинлаган эди. Нун ўғли Ёшуани Худо донолик руҳи билан тўлдирди. Исроил халқи Ёшуага бўйсунди, Эгамиз Мусога буюрганларнинг ҳаммасини улар қилди.
[10] Исроилда Мусога ўхшаган пайғамбар бошқа чиқмади. Эгамиз Мусо билан юзма–юз гаплашар эди.
[11] Эгамиз уни Миср юртида фиръавнга, унинг аъёнлари ва бутун халқига аломату мўъжизалар кўрсатиш учун юборган эди.
[12] Мусо бутун Исроил халқи олдида буюк қудрату ҳайбатли ишларни намоён қилганди.