[1] Душманларингизга қарши урушга борганингизда, отларни, араваларни, ўзингизникидан кўпроқ бўлган лашкарни кўрсаларингиз, улардан қўрқманглар. Чунки сизларни Мисрдан олиб чиққан Эгангиз Худо сизлар биландир.
[2] Жангга киришингиздан олдин, руҳоний лашкарнинг олдига чиқсин,
[3] уларга шундай десин: “Қулоқ сол, эй Исроил халқи! Бугун сизлар душманларингизга қарши жангга чиқяпсизлар. Дадил бўлинглар, қўрқманглар, душман олдида ваҳимага тушманглар.
[4] Эгамиз Худонинг Ўзи сизлар билан урушга боради! Сизлар учун душманларингизга қарши жанг қилади, сизларга ғалаба беради!”
[5] Назоратчилар лашкарга шундай деб айтсин: “Орангизда янги уй қуриб, ўша уйини ҳали Худога бағишлаб улгурмаган бирорта одам борми? Бор бўлса, уйига қайтсин. Агар у жангда ҳалок бўлса, бошқа одам унинг уйини бағишлайди.
[6] Узумзор экиб, ҳали мевасидан емаган одам борми? Агар бор бўлса, уйига қайтиб кетсин. У жангда ҳалок бўлса, бошқа одам унинг узумзори мевасидан биринчи бўлиб татийди.
[7] Бирор қизга унаштирилиб, ҳали уйланмаган йигит борми? Агар бор бўлса, уйига қайтиб кетсин. У жангда ҳалок бўлса, бошқа одам ўша қизга уйланади.”
[8] Назоратчилар яна шундай дейишсин: “Орангизда қўрқувдан юрагини олдириб қўйган одам борми? Бор бўлса, уйига қайтиб кетсин. Бўлмаса биродарлари ҳам унга ўхшаб чўчиб қолади.”
[9] Назоратчилар лашкарга шу гапларни айтиб бўлгандан кейин, лашкарбошилар бош бўлсин.
[10] Бирор шаҳарни олиш учун яқинлашганингизда, шаҳар аҳлига сулҳ таклиф қилинг.
[11] Улар сулҳга рози бўлиб, дарвозаларини очиб берса, шаҳарнинг бутун аҳолиси сизларга қарол бўлиб хизмат қилади.
[12] Агар шаҳар аҳли сулҳга рози бўлмай, сизлар билан жанг қилса, шаҳарни қамал қилинглар.
[13] Эгангиз Худо у шаҳарни сизнинг қўлингизга берганда, бутун эркак зотини қиличдан ўтказинглар.
[14] Фақат аёлларни, болаларни, молларни ва шаҳарда қолган ҳамма нарсани ўлжа қилиб олсангиз бўлади. Эгангиз Худо сизларнинг қўлингизга берган, душманлардан олган ўлжаларни ишлатишингиз мумкин.
[15] Сизлар эгалик қиладиган юртингиздан узоқда жойлашган шаҳарларни шундай қилинглар.
[16] Лекин Эгангиз Худо сизларга мулк қилиб бераётган юртдаги шаҳарларни қўлга олганингизда биронта жонни тирик қолдирманглар.
[17] Эгангиз Худо сизларга амр этганидай, Хет, Амор, Канъон, Париз, Хив, Ёбус халқларини тамомила қириб битиринглар.
[18] Токи улар ўзларининг худоларига қилган жирканч одатларини сизларга ўргатмасин. Акс ҳолда, сизлар Эгангиз Худога қарши гуноҳ қилган бўласизлар.
[19] Агар бирор шаҳарни қўлга киритиш учун узоқ вақт қамал қилиб турсаларингиз, у ердаги мевали дарахтларни кесманглар. Ўша дарахтларнинг мевасини ейишингиз мумкин, дарахтларнинг ўзини эса кесиб ташламанглар. Ахир, даладаги дарахтлар одам эмас–ку, қуршовдан қочиб чиқса!
[20] Мева бермайдиган дарахтларни эса кесишингиз мумкин. Шаҳар қуламагунча қамал иншоотларини қуришда ўша дарахтлардан фойдалансангиз бўлади.