[1] Икки киши жанжаллашганда, улар ҳакамлар олдига келсин. Ҳакамлар даъвога қараб, улардан бирини ҳақ, иккинчисини ноҳақ деб эълон қилсин.
[2] Агар ноҳақ деб топилган киши калтакланишга лойиқ бўлса, ҳакам айбдорни ётқизсин. Ўз олдида айбига кўра, унга дарра урдирсин.
[3] Айбдорга қирқ даррадан ортиғи урилмасин. Акс ҳолда, биродарингиз кўзингиз олдида хўрланади.
[4] Ғалла янчаётган ҳўкизнинг оғзини тўсманг.
[5] Агар бирга яшаётган ака–укаларнинг биттаси ўлса–ю, унинг ўғли бўлмаса, марҳумнинг хотини бегонага турмушга чиқмасин. Марҳумнинг акаси ёки укаси бевани ўзига хотин қилиб олсин. Унинг олдида қайнағалик вазифасини бажарсин.
[6] Ўша аёл туққан тўнғич ўғил марҳум ака ёки уканинг номини олиб юради. Шунда марҳумнинг номи Исроилдан ўчиб кетмайди.
[7] Агар ўша одам марҳум акаси ёки укасининг бевасига уйланишни хоҳламаса, бева аёл шаҳар дарвозасига бориб, оқсоқолларга айтсин: “Қайнағам туғишганининг номини Исроил халқи орасида тиклашни рад қиляпти, мен учун қайнағалик вазифасини бажаришни истамаяпти.”
[8] Шунда шаҳар оқсоқоллари ўша одамни чақириб, у билан суҳбатлашсин. Агар ўша одам: “Мен бу аёлга уйланишни хоҳламайман”, деб туриб олса,
[9] бева аёл қайнағасининг ёнига борсин. Шаҳар оқсоқоллари олдида унинг чориғини ечсин, сўнг унинг юзига тупуриб, айтсин: “Биродарининг наслини тиклашни хоҳламаган одамга шундай қилинади.”
[10] Исроил халқи орасида у одамнинг хонадони “чориғи ечилган” деб ном олади.
[11] Икки киши бир–бири билан уришаётганда, улардан бирининг хотини келиб, эрини қутқариш мақсадида нариги эркакнинг нозик жойидан ушласа,
[12] ўша аёлнинг қўли кесиб ташлансин. Унга раҳм қилманглар.
[13] Қадоқ тошларингиз тўғри бўлсин, бири оғир, бири енгил бўлмасин.
[14] Уйингиздаги ўлчов косаларнинг ҳажми тўғри бўлсин, бири катта, бири кичик бўлмасин.
[15] Тошларингиз ҳалол ва тўғри бўлсин, ўлчовларингиз ҳам ҳалол ва тўғри бўлсин. Шунда Эгангиз Худо сизларга берадиган юртда умрингиз узоқ бўлади.
[16] Ғирромлик қиладиганларнинг ҳаммасидан Эгангиз Худо жирканади.
[17] Мисрдан чиқаётганингизда йўлда Омолек халқи сизларга нима қилганини эсингиздан чиқарманг.
[18] Сизлар чарчаб, ҳолсизланиб қолганингизда, улар Худодан қўрқмай сизларга ҳужум қилган эдилар. Орқангизда келаётган ҳамма ҳолдан тойганларни ўлдирган эдилар.
[19] Эгангиз Худо сизларга юртни мулк қилиб берганда, душманларингизни енгиб, ҳар тарафдан осойишталик ато қилганда, Омолек халқини ҳалок қилиб, уларнинг номини ер юзидан ўчиринглар. Бундай қилишни унутманглар!