Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 6:30

[1] Эгангиз Худо сизларни эгалик қиладиган юртингизга олиб киради. Ўшанда У олдингиздан Хет, Гиргош, Амор, Канъон, Париз, Хив, Ёбус каби еттита халқни ҳайдайди. Улар сизлардан кўра, кўпроқ ва қудратлироқдир.

[2] Эгангиз Худо бу халқларни сизларнинг қўлингизга топширганда, сизлар уларни мағлуб этасизлар. Шунда уларнинг ҳаммасини тамомила қириб битиринглар. Улар билан иттифоқ тузманглар, уларга раҳм–шафқат қилманглар.

[3] Улар билан қуда–андачилик қилманглар, уларга қиз узатманглар, ўғилларингизга уларнинг қизларидан олиб берманглар.

[4] Акс ҳолда, улар фарзандларингизни Эгамиздан қайтаради. Фарзандларингиз бошқа худоларга хизмат қиладиган бўлади. Ўшанда Эгамиз ғазабланиб, сизларни бир лаҳзада ҳалок қилади.

[5] Аксинча, ўша халқларни сизлар шундай қилинглар: уларнинг қурбонгоҳларини бузинглар, бутсимон тошларини парчалаб ташланглар, Ашерага аталган устунларни кесинглар, бутларини ёндиринглар.

[6] Сизлар Эгангиз Худонинг муқаддас халқисиз. У сизларни ер юзидаги жамики халқлар орасидан Ўз халқи, Ўз хазинаси қилиб танлаб олди.

[7] Эгамиз сизларни бошқа халқлардан кўп бўлганингиз учун севиб танламади. Сизлар бошқа ҳамма халқлардан оз эдингиз.

[8] Эгамиз сизларни севгани учун ва ота–боболарингизга берган ваъдасини адо этиш учун сизларни танлади. Шу боис У сизларни Миср фиръавни ҳукмронлигидан, Мисрдаги қулликдан Ўз қудрати билан олиб чиқиб, озод қилди.

[9] Шундай қилиб, Эгангиз Худо ҳақиқий Худо эканини билиб қўйинглар. У содиқ Худодир! Уни севадиган, Унинг амрларини бажарадиганларнинг мингинчи авлодигача аҳдини содиқ сақлайди.

[10] Худодан нафратланганларнинг эса қилмишларига яраша бошларига кулфат ёғдиради. Ҳа, Эгамиз Ундан нафратланганларга жавоб беришда кечикмайди.

[11] Шунинг учун бугун мен сизларга бераётган амрларни, фармонлар ва қонун–қоидаларни битта қолдирмай бажаринглар.

[12] Агар мана шу қонун–қоидаларга итоат этиб, уларни битта қолдирмай бажарсангиз, Эгангиз Худо ҳам ота–боболарингизга онт ичиб, ваъда қилган аҳдини сизлар билан содиқ сақлайди.

[13] У сизларга меҳр қўяди, ота–боболарингизга бераман, деб онт ичган юртда сизларга барака бериб, кўпайтиради. Ували–жували бўласизлар, ерингиз ҳосилдор, донингиз, шаробингиз ва мойингиз сероб бўлади, мол–қўйингиз баракали бўлади, сигирларингиз болалайди, қўйларингиз қўзилайди.

[14] Сизлар барча халқлар орасида баракага энг бой халқ бўласизлар, орангизда фарзандсиз эркак ҳам, аёл ҳам бўлмайди, молларингиз орасида қисири бўлмайди.

[15] Эгамиз сизларни ҳар қандай касалликдан сақлайди. Мисрда ўзларингиз кўрган ҳар хил қўрқинчли хасталиклар сизларнинг бошингизга келмайди. Ўша хасталикларни Эгамиз сизларнинг ғанимларингизга юқтиради.

[16] Эгангиз Худо сизларнинг қўлингизга топширадиган барча халқларни қириб юборинглар, уларга раҳм қилманглар, уларнинг худоларига сиғинманглар. Акс ҳолда, уларнинг худолари сизларга тузоқ бўлади.

[17] Хаёлингизда: “Бу халқлар биздан жуда кучли–ку, қандай қилиб уларни ҳайдаймиз?” деб ўйлашингиз мумкин,

[18] аммо улардан қўрқманглар. Эгангиз Худо фиръавнни, бутун Мисрни нима қилганини эсингизда тутинглар.

[19] Эгангиз Худо Ўз қудрати ва ажойиботлари билан сизларни у ердан олиб чиқди, буюк синовлар, аломату мўъжизалар кўрсатди. Буларни ўз кўзингиз билан кўрдингиз. Сиз қўрқаётган ҳамма халқларни Эгангиз Худо худди ўша аҳволга солади.

[20] Ҳатто сизлардан яшириниб тирик қолганларни У ваҳимага солиб, қувиб юборади.

[21] Улардан қўрқманглар. Орангиздаги Эгангиз Худо буюк ва ҳайбатли Худодир.

[22] У ўша халқларни сизларнинг олдингиздан оз–оздан ҳайдайди. Сизлар уларни бирданига ҳалок қилолмайсизлар. Бўлмаса атрофингизда ёввойи ҳайвонлар кўпайиб кетади.

[23] Эгангиз Худо ўша халқларни сизларнинг қўлингизга беради, уларнинг ҳаммасини қаттиқ саросимага солиб, ҳалок қилади.

[24] Шоҳларини ҳам сизларнинг қўлингизга беради. Сизлар уларнинг номларини ер юзидан ўчирасизлар. Ҳеч ким сизларга бас келолмайди, уларнинг ҳаммасини ҳалок қиласизлар.

[25] Худоларининг тасвирларини оловда ёндиринглар, уларни қоплаган олтину кумушларга кўз олайтирманглар, ўша нарсаларни олманглар, токи улар сизларга тузоқ бўлмасин. Бу бутлар Эгангиз Худога жирканчдир.

[26] Бу жирканчли нарсаларни уйингизга олиб кирманг, акс ҳолда, ўшалар сингари йўқ қилинасиз. Ўша нарсалардан нафратланинглар, жирканинглар, чунки улар лаънатлангандир.

Қонунлар (Тавротнинг бешинчи китоби) — Chapters