Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:07

[1] Нуқсони ёки камчилиги бор мол–қўйларни Эгангиз Худога қурбонлик қилманглар. Бу Эгангиз Худога жирканчдир.

[2] Эгангиз Худо сизга бераётган шаҳарларнинг бирида орангиздан бирорта эркак ёки аёл Эгангиз олдида қабиҳлик қилиб, Унинг аҳдини бузса,

[3] бегона худоларга хизмат қилса, ўша худоларга ёки қуёшга, ойга ва самовий жисмларга топинса, тақиқланган бу ишларни қилса,

[4] бу воқеадан сизлар хабардор бўлсангиз, эшитганларингизни яхшилаб текширинглар. Исроил халқи орасида ҳақиқатан ҳам бундай жирканч иш қилинган бўлса,

[5] ўша гуноҳкор эркак ёки аёлни шаҳар дарвозасидан ташқарига олиб чиқиб, тошбўрон қилиб ўлдиринглар.

[6] Одам фақат иккита ёки учта гувоҳнинг сўзи билан ўлимга ҳукм қилиниши мумкин, битта гувоҳнинг сўзи билан ўлдирилмасин.

[7] Гуноҳкорга биринчи бўлиб гувоҳлар тош отсин, кейин бутун халқ уни тошбўрон қилсин. Шундай қилиб, орангиздан ёмонликни йўқ қилинглар.

[8] Агар шаҳрингизда қон тўкиш, ҳақ–ҳуқуқ талашиш ва зўравонлик каби можароларни ҳукм қилиш қийин бўлса, Эгангиз Худо танлайдиган жойга боринглар.

[9] Леви руҳонийларининг ва ўша вақтда хизматда бўлган ҳакамнинг олдига бориб, улардан сўранглар. Улар ҳукм чиқаради.

[10] Улар чиқарган ҳукм бўйича иш тутинглар, ўргатганларини битта қолдирмай бажаринглар.

[11] Тушунтирган қонунни ва қонунга асосан чиқарган ҳукмни тўлиқ бажаринглар. Уларнинг айтганларидан чапга ҳам, ўнгга ҳам оғманглар.

[12] Эгангиз Худонинг хизматида турган руҳоний ва ҳакамнинг гапига қулоқ солмай, ўзбошимча иш тутган одам ўлиши керак. Шундай қилсангиз, Исроил халқи орасидан ёмонликни йўқ қилган бўласизлар.

[13] Бутун халқ бу воқеани эшитиб қўрқади, бундан кейин ўзбошимча иш қилмайдиган бўлади.

[14] Эгангиз Худо сизларга берадиган юртга бориб, у ерга жойлашиб, эгалик қиласизлар. Шундан кейин, “Атрофимиздаги халқларга ўхшаб биз ҳам устимиздан шоҳ қўяйлик”, дейсиз.

[15] Кўтарадиган шоҳингиз албатта Эгангиз Худо томонидан танланган бўлсин. Шоҳ ўз халқингиздан бўлсин. Бегона бўлган мусофирни устингиздан шоҳ қилишингиз мумкин эмас.

[16] Шоҳ ўзи учун от кўпайтирмасин, от сотиб олиш учун одамларни Мисрга жўнатмасин. Чунки Эгамиз сизларга: “У ерга қайтиб борманглар”, деган.

[17] Тайинланган шоҳ хотинларни кўпайтирмасин, акс ҳолда, Эгамиздан юраги совийди. Ўзи учун кўп миқдорда олтин ва кумушни йиғмасин.

[18] У шоҳлик тахтига ўтирганда, леви руҳонийлари сақлаган қонунлардан ўзи учун бир нусха кўчиртириб олсин.

[19] Қонунларнинг ўша нусхаси доимо шоҳнинг ёнида бўлсин. Шоҳ уни ҳар куни, умри давомида ўқисин, токи ўзининг Эгаси Худодан қўрқишни ўргансин, қонун ва фармонларнинг сўзларини битта қолдирмай бажарсин.

[20] Ўзини биродарларидан устун қўймасин, амрлардан чапга ҳам, ўнгга ҳам оғмасин. Шунда ўзи ҳам, ўғиллари ҳам Исроил устидан узоқ йиллар ҳукмронлик қиладилар.

Қонунлар (Тавротнинг бешинчи китоби) — Chapters