Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 8:22

[1] Шу орада Шоул Раббимиз Исонинг шогирдларига қарши қаттиқ ўлим хавфини солиб юрарди. У олий руҳонийнинг ҳузурига бориб,

[2] Дамашқдаги синагогаларга хат ёзиб беришини сўради. У ерда эркак бўладими ёки аёлми — Исонинг йўлидан юрувчиларни топиб олса, уларни боғлаб Қуддусга олиб келишга ижозат сўраган эди.

[3] Шоул Дамашққа яқинлашиб қолганда, бирдан осмондан тушган бир нур унинг ён–атрофини ёритиб юборди.

[4] Шоул ерга йиқилиб, шундай бир овозни эшитди: — Шоул, Шоул! Нега Мени қувғин қиляпсан?

[5] — Ё Ҳазратим! Сиз кимсиз? — деб сўради Шоул. — Сен қувғин қилаётган Исоман, — деган жавоб келди.

[6] — Энди ўрнингдан тур, шаҳарга кир. Нима қилишинг кераклиги сенга ўша ерда айтилади.

[7] Шоулга ҳамроҳ бўлганларнинг тилларига бир сўз келмай, тўхтаб қолган эдилар. Улар овозни эшитардилар–у, аммо ҳеч кимни кўрмасдилар.

[8] Шоул ердан турди, кўзларини очди, аммо ҳеч нарсани кўра олмади. Улар Шоулни қўлидан ушлаб, Дамашқ шаҳрига олиб бордилар.

[9] Уч кунгача Шоулнинг кўзи кўрмади, шу кунлар давомида у на еди, на ичди.

[10] Дамашқда Исонинг Ханониё деган шогирди бор эди. Раббимиз Исо ваҳийда унга зоҳир бўлиб: “Ханониё!” деб чақирди. “Лаббай, Раббим!” деб жавоб берди у.

[11] Раббимиз Исо Ханониёга деди: — Ўрнингдан тур, Тўғри деб аталувчи кўчага бор. Яҳудонинг уйидан Тарсуслик Шоул деган одамни сўра. Ҳозир у ибодат қиляпти.

[12] Унга ваҳий келган. Ваҳийда у Ханониё деган одамнинг келишини кўрган. Унинг кўзлари очилиши учун сен унга қўлларингни қўясан.

[13] Ханониё эса шундай жавоб берди: — Ё Раббим, мен у одам ҳақида кўпчиликдан эшитган эдим. У Қуддусдаги Сенинг азизларингга кўп ёмонлик қилган экан.

[14] Бу ерда ҳам у Сенинг номингни тилига оладиганларни қамаш учун бош руҳонийлардан ваколат олибди.

[15] Раббимиз Исо эса унга шундай деди: — Боравер, у Менинг танланган қуролимдир. У ғайрияҳудийлар орасида, шоҳлар ва Исроил халқи орасида номимни машҳур қилади.

[16] У Менинг номим ҳақи қанчалар азоб чекиши кераклигини унинг ўзига кўрсатаман.

[17] Шундай қилиб, Ханониё бориб, ўша уйга кирди. У Шоулга қўлини қўйиб, шундай деди: — Биродарим Шоул! Йўлингда сенга зоҳир бўлган Раббимиз Исо мени бу ерга юборди, токи сенинг кўзларинг очилсин, Муқаддас Руҳга тўлгин.

[18] Шу заҳоти балиқ тангачаларига ўхшаш нарса Шоулнинг кўзларидан тушди. У яна кўра бошлади. У ўрнидан туриб, сувга чўмдирилди.

[19] Овқат еб, қувватга кирди. Шоул бир неча кун Дамашқдаги имонлилар билан бирга бўлди.

[20] У тўғри синагогага бориб: “Исо Худонинг Ўғлидир”, деб ваъз қила бошлади.

[21] Унинг ваъзини эшитганларнинг ҳаммаси ҳайрон бўлиб, шундай дейишарди: “Қуддусда Исонинг номини тилга олганларга қирғин келтирган одам шу эмасми? Унинг бу ерга келишдан мақсади — одамларни бош руҳонийлар олдига боғлаб олиб бориш эмасмикан?”

[22] Аммо Шоулнинг ваъзи тобора кучли бўлиб бораверди. У Исонинг Масиҳ эканини исбот этиб, Дамашқда яшайдиган яҳудийларни эсанкиратиб қўйди.

[23] Бир қанча вақт ўтгандан кейин, яҳудийлар Шоулни ўлдириш учун режа туздилар.

[24] Шоул эса уларнинг режасидан хабар топди. Уни ўлдириш учун шаҳар дарвозаларини кечаю кундуз қўриқлардилар.

[25] Аммо Шоулнинг шогирдлари уни кечаси саватга солиб, шаҳар деворидаги деразадан тушириб юбордилар.

[26] Шоул Қуддусга боргандан кейин, Исонинг у ердаги шогирдларига қўшилишга ҳаракат қилди. Аммо шогирдларнинг ҳаммаси ундан қўрқишарди. Шоул ҳам Исонинг шогирди бўлганига улар ишонмадилар.

[27] Шунда Барнабо Шоулни ҳаворийларнинг олдига олиб борди. Шоул йўлда қандай қилиб Раббимиз Исони кўрганини, Шоулга У қандай гапирганини, Шоул Дамашқда қўрқмасдан Исо номи билан қандай ваъз қилганини ҳаворийларга ҳикоя қилиб берди.

[28] Шундай қилиб, Шоул улар билан қолди ва бутун Қуддус бўйлаб қўрқмасдан Раббимиз номи билан ваъз қилиб юрди.

[29] Шоул юнонзабон яҳудийлар билан ҳам суҳбатлашиб, улар билан мунозара қилди. Аммо улар Шоулни ўлдирмоқчи бўлдилар.

[30] Имонлилар бу тўғрида хабар топиб, Шоулни Қайсариягача олиб келдилар, кейин уни Тарсус шаҳрига жўнатдилар.

[31] Бутун Яҳудия, Жалила ва Самариядаги имонлилар жамоати тинчликка эришиб, кучайиб бораверди. Жамоат Эгамиздан қўрқиб ва Муқаддас Руҳдан мадад олиб, кўпайиб бораверди.

[32] Бутрус ҳамма ёқни айланиб, имонлиларни кўргани борарди. Бир сафар у Лўд шаҳрида яшайдиган Худонинг азизлари ҳузурига ташриф буюрди.

[33] У ерда Бутрус Еней деган одам билан учрашиб қолди. Еней шол бўлиб, саккиз йилдан бери тўшакдан тура олмас эди.

[34] Бутрус унга: — Еней, Исо Масиҳ сенга шифо беряпти: ўрнингдан тур, тўшагингни йиғиб қўй! — деди. Еней шу заҳоти ўрнидан туриб кетди.

[35] Бутун Лўд шаҳри ва Шарон текислигининг аҳли Енейни кўриб, Раббимиз Исога юз бурди.

[36] Яффа шаҳрида Исонинг бир шогирди бор эди. У аёлнинг исми Тавита бўлиб, юнончада Дўркас эди. У кўп хайрли ишлар қиларди, муҳтожларга ёрдам берарди.

[37] Ўша пайтда у касал бўлиб, вафот этди. Унинг жасадини ювиб, болохонага қўйдилар.

[38] Лўд шаҳри Яффа шаҳрига яқин эди. Шогирдлар Бутрус у ерда эканини эшитдилар ва унинг олдига икки кишини юбориб: “Илтимос, ҳаялламай биз томонга келинг”, деб хабар юбордилар.

[39] Бутрус ўрнидан турди–ю, улар билан кетди. Бутрус етиб келгач, уни болохонага олиб чиқдилар. Ҳамма бевалар Бутруснинг ёнида йиғлаб турганларича, камзуллар ва бошқа кийимларни кўрсатиб: “Тавита тириклигида буларни тиккан эди”, дердилар.

[40] Бутрус уларни ташқарига чиқариб юборди. Шундан кейин у тиз чўкиб, ибодат қилди–да, жасадга ўгирилиб: “Тавита, тур ўрнингдан!” деди. Шунда Тавита кўзларини очди, Бутрусни кўриб, қаддини ростлаб ўтирди.

[41] Бутрус қўлини Тавитага узатиб, ўрнидан туришига ёрдамлашди. Кейин Худонинг азизларини ва беваларни чақириб, тирилган аёлни кўрсатди.

[42] Бу воқеа бутун Яффага маълум бўлди ва кўпчилик Раббимиз Исога имон келтирди.

[43] Бутрус анча вақт Яффа шаҳрида Шимўн деган бир кўнчининг уйида турди.

Ҳаворийларнинг фаолияти — Chapters