Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 6:53

[1] Шовқин–сурон босилгач, Павлус имонлиларни чақириб, уларга далда берди. Кейин улар билан хайрлашиб, Македонияга йўл олди.

[2] У ўзи босиб ўтган ҳамма шаҳарларда имонлиларга кўп далда берди. Сўнг Юнонистонга бориб,

[3] у ерда уч ой турди. У Сурияга сузиб кетмоқчи бўлган эди, яҳудийлар унга қарши фитна уюштираётганини билиб қолди. Шунинг учун Македония орқали қайтишга қарор қилди.

[4] Вериядан Пирус ўғли Сопатрус, Салоникадан Аристархус ва Секундус, Дарбадан Гаюс, Тимўтий, Асия вилоятидан Тихикус ва Трофимус Павлусга ҳамроҳ бўлдилар.

[5] Улар биздан олдин кетиб, Троасда бизни кутиб турган эдилар.

[6] Хамиртурушсиз нон байрамидан кейин биз Филиппидан сузиб кетдик. Беш кундан сўнг эса Троасда улар билан учрашиб, у ерда етти кун турдик.

[7] Якшанба куни биз Раббимиз Исони хотирлаб, нон синдириш учун йиғилдик. Павлус одамларга ярим кечасигача гапирди. Эртаси куни у жўнаб кетишни режалаштирган эди.

[8] Биз йиғилган болохонада кўп чироқлар ёниб турарди.

[9] Эвтихус деган бир йигит дераза рахида ўтирган эди. Павлус гапини давом эттирар экан, Эвтихусни қаттиқ уйқу босди. Уйқу ғолиб келиб, Эвтихус учинчи қаватдан ерга йиқилди. Уни кўтарганларида, жон берган эди.

[10] Павлус пастга тушди, эгилиб, йигитни қучоқлади–да: “Хавотир олманглар, у тирик”, деди.

[11] Сўнгра Павлус яна болохонага қайтиб чиқди. Раббимизни хотирлаб, нон синдириб, овқатланди. Улар билан тонг отгунча суҳбатлашди, кейин йўлга чиқди.

[12] Шу орада бу йигитни уйига тирик олиб бордилар, имонлилар бу воқеадан ғоят тасалли топдилар.

[13] Павлус Ассас шаҳрига қуруқлик орқали кетишга қарор қилди. Қолганларимиз эса ундан олдин кемада сузиб кетдик. Павлус ўша шаҳарда кемага чиқиб, бизга қўшилади, деб режалаштирган эдик. Зотан, у бизга шундай қилишини айтган эди.

[14] Павлус биз билан Ассасда учрашгандан кейин, уни кемага олиб, Митилина шаҳрига йўл олдик.

[15] Биз у ердан сузиб, эртаси куни Хиос ороли яқинига етиб бордик. Кейинги куни Самос оролига, унинг эртасига Милейтус шаҳрига етиб бордик.

[16] Павлус Асия вилоятида вақтни йўқотмаслик учун Эфесни четлаб ўтишга қарор қилди. Агар имконини топса, Ҳосил байрамида Қуддусда бўлишни жуда истаётган эди.

[17] Павлус Милейтусдан Эфесга хабар юбориб, имонлилар жамоатининг оқсоқолларига: “Менинг ҳузуримга келсангизлар”, деб илтимос қилди.

[18] Оқсоқоллар Павлуснинг ҳузурига келганларида, у оқсоқолларга деди: “Мен Асия вилоятига келган биринчи кунимдан бошлаб сизларнинг орангизда қандай яшаганимни ўзларингиз биласизлар.

[19] Мен кўп кўз ёш тўкиб, камтарлик билан Раббимиз Исога хизмат қилдим. Яҳудийларнинг фитналари дастидан келган синовларни бошдан кечирдим.

[20] Ўзларингиз биласизлар, мен сизларга бирон фойда келтиришдан ўзимни олиб қочмадим. Балки уйма–уй юриб, таълим бердим, халқ олдида ваъз қилдим.

[21] Мен яҳудийларни ҳам, ғайрияҳудийларни ҳам тавбага чақирдим. Худога юз буринглар, Раббимиз Исога имон келтиринглар, деб уларга жиддий насиҳат қилдим.

[22] Энди эса Муқаддас Руҳнинг асири бўлиб, Қуддусга отланяпман. У ерда менга нима бўлишини билмайман.

[23] Аммо мени қамоқ ва қувғинлар кутаётгани тўғрисида Муқаддас Руҳ ҳар бир шаҳарда огоҳлантириб келмоқда.

[24] Лекин ҳаётим ўзим учун ҳеч нарсага арзимайди, деб ҳисоблайман. Мен фақат вазифамни охирига етказишни ва Раббимиз Исо менга юклаган ишни тугатишни истайман. Бу иш Худонинг инояти тўғрисидаги Хушхабарни эълон қилишдир.

[25] Мен ораларингизда бўлиб, Худонинг Шоҳлигини ваъз қилдим. Энди шуни биламанки, биронтангиз ҳам менинг юзимни бошқа кўрмайсизлар.

[26] Шунинг учун бугун сизларга шуни эълон қиламан: мен бировнинг ҳалокати учун масъул эмасман.

[27] Ахир, мен Худонинг ҳамма мақсадини сизларга баён қилишдан бўйин товламадим.

[28] Ўзларингизни эҳтиёт қилинглар, сурувни ҳам эҳтиёт қилинглар. Чунки Муқаддас Руҳ уларни сизнинг қарамоғингизга берган. Худонинг жамоатига чўпон бўлинглар. Худо жамоатни Ўз Ўғлининг қони эвазига сотиб олган.

[29] Биламан, мен кетганимдан кейин сизларнинг орангизга йиртқич бўрилар келади, улар сурувга шафқат қилмайди.

[30] Ҳатто ўз ораларингиздан баъзи одамлар чиқиб, имонлиларни ортидан эргаштириб, ҳақиқатни бузиб гапирадилар.

[31] Ҳушёр бўлинглар! Мана шу уч йил давомида кечаю кундуз кўз ёш тўкиб, ҳар бирингизга қилган панд–насиҳатларимни ёдингизда тутинглар.

[32] Энди мен сизларни Худога ва Унинг марҳамати ҳақидаги хабар паноҳига топширдим. Бу хабар сизларга куч–қудрат ато қилиб, жамики муқаддас қилинганлар орасида мерос беришга қодирдир.

[33] Мен ҳеч кимнинг кумуши ёки олтини, ё кийимига кўз олайтирмадим.

[34] Ўзларингиз биласизларки, ўзимни ва шерикларимни таъминлаш учун қўлларим билан меҳнат қилдим.

[35] Мен сизларга бу борада намуна бўлиб, заифларни қандай қўллаб–қувватлашимиз кераклигини кўрсатдим. Раббимиз Исо айтган шу сўзларни эслайлик: «Олмоқдан кўра, бермоқ кўпроқ марҳамат келтиради.»”

[36] Павлус гапини тугатгандан кейин, ҳамма билан бирга тиз чўкиб, ибодат қилди.

[37] Ҳаммалари йиғлаб, Павлусни бағирларига босдилар, у билан ўпишиб хайрлашдилар.

[38] Павлус: “Энди мени ҳеч қачон кўрмайсизлар”, деб айтгани учун улар ниҳоятда ғамгин бўлиб қолдилар. Улар Павлусни кемагача кузатиб бордилар.

Ҳаворийларнинг фаолияти — Chapters