[1] Ҳосил байрами куни келганда, ҳамма имонлилар бир жойда йиғилдилар.
[2] Бирдан осмондан шиддатли шамол эсганга ўхшаш овоз келиб, улар ўтирган уйнинг ичини тўлдирди.
[3] Улар тил шаклидаги алангани кўрдилар. Ўша аланга ёйилиб, ҳар бирининг устига тушди.
[4] Шунда ҳаммалари Муқаддас Руҳга тўлдилар, Муқаддас Руҳ берган қобилиятга кўра, улар бошқа тилларда гапира бошладилар.
[5] Ўша пайтда Қуддусда дунёдаги ҳар бир юртдан келган тақводор яҳудийлар яшар эди.
[6] Улар бу овозни эшитганларида, бир талай оломон йиғилиб келди. Ҳар бири ўз тилидаги гапларни эшитиб, довдираб қолди.
[7] Улар ҳайрат ва ҳаяжон ичида: “Қаранглар, гапираётган бу одамлар Жалилаликлар–ку! — деб хитоб қилдилар. —
[8] Қандай қилиб ҳар биримиз туғилган юртимизнинг тилларини эшитяпмиз?
[9] Орамизда Парфиядан, Мидия, Элам, Месопотамия, Яҳудия, Каппадокия, Понтус ва Асиядан келганлар бор.
[10] Фригия, Памфилия, Миср, Ливиянинг Киринеяга яқин ерларидан келганлар ҳам бор. Баъзиларимиз Римдан келганмиз, биз яҳудийлармиз, орамизда яҳудий динига кирган Римликлар ҳам бор.
[11] Баъзиларимиз Крит ва Арабистондан келганмиз. Шундай бўлса–да, улар Худонинг қилган қудратли ишлари тўғрисида бизга ўз тилларимизда гапириб бераётганини эшитиб турибмиз.”
[12] Улар ҳайратланиб, бошлари қотиб, бир–бирларидан: “Бу нимадан дарак беради?” деб сўрардилар.
[13] Бошқалар эса: “Ие, улар ичиб маст бўлиб қолибдилар–ку”, деб масхара қилишарди.
[14] Шунда Бутрус ўн бир ҳаворий билан олдинга чиқди–да, оломонга қарата шундай деди: “Эй яҳудий биродарлар, Қуддус аҳолиси! Гапимга қулоқ солиб, шуни уқиб олинглар!
[15] Бу одамларни сизлар маст деб ўйлаяпсизлар, аммо ундай эмас. Ахир, эндигина эрталаб соат тўққиз бўлди–ку!
[16] Аксинча, Йўэл пайғамбарнинг айтганлари бажо бўлмоқда:
[17] «Худо айтмоқда: Охирги кунларда, Ўз Руҳимни ёғдираман ҳар бир инсон устига, Ваҳийлар келади йигитларингизга. Башоратлар қилар сизнинг ўғил–қизларингиз. Кароматли тушлар кўрар қарияларингиз.
[18] Ўз Руҳимни ёғдираман ўша кунларда Ҳаттоки қулу чўриларингиз устига. Улар башорат қиларлар.
[19] Менинг буюк ва даҳшатли куним келишидан олдин, Мен осмонда мўъжизалар яратаман, Ерда аломатлар кўрсатаман: Қон, олов, қалин туман ҳосил қиламан. Қуёш қораяди, ой қон тусига киради.
[21] Раббимизга илтижо қилган ҳар бир инсон қутқарилади.»
[22] Эй Исроил халқи, бу гапларимни эшитиб олинглар: Носиралик Исо орқали Худо сизларнинг орангизда мўъжизалар ва аломатлар кўрсатди. Шу йўл билан Исода илоҳий ҳокимият борлигини Худо тасдиқлади. Буни ўзларингиз биласизлар.
[23] Худо Ўзининг режаси бўйича Исони сизларнинг қўлингизга топширишни азалдан қарор қилган эди. Сизлар эса ғайрияҳудийларнинг қўллари билан Уни хочга михлатиб ўлдирдингизлар.
[24] Аммо Худо Уни тирилтириб, ўлим азобларидан озод қилди. Ўлим ўз кучи билан Исони ушлаб туришга қодир эмасди.
[25] Довуд У ҳақда шундай деган эди: «Мен доим Эгамга кўз тикаман, У ўнг томонимда бўлгани учун Мени ҳеч нарса қўзғата олмас.
[26] Шу боис, эй Эгам, юрагим қувончга тўла, Тилим ҳам шод–хуррамдир. Танам умид билан яшайди.
[27] Мени ўликлар диёрида қолдирмайсан, Тақводорингни қабрда чиритмайсан.
[28] Менга ҳаёт сўқмоқларини Ўзинг кўрсатасан, Ҳузурингда шодлик Мени қамраб олади.»
[29] Биродарларим! Бобомиз Довуд тўғрисида сизларга очиқ–ойдин гапиришим керак. У ўлди, дафн қилинди, унинг қабри бугунгача шу ердадир.
[30] У пайғамбар бўлгани боис, Худо унга: «Ўз наслингдан бўлган биттасини тахтингга ўтқазаман», деб ичган онтини ёдида тутарди.
[31] Довуд келажакни олдиндан кўриб, Масиҳнинг тирилиши тўғрисида гапирган эди. Худо Масиҳни ўликлар диёрида қолдирмаслиги ва Масиҳнинг танаси чиримаслиги ҳақида Довуд башорат қилганди.
[32] Ана шу Исони Худо тирилтирди, бунга ҳаммамиз гувоҳмиз.
[33] Худо Исони юксалтириб, Уни тахтининг ўнг томонига ўтқазди. Отаси Худонинг ваъдаси бўйича Исо Муқаддас Руҳни қабул қилиб, Уни бизнинг устимизга ёғдирди. Буни ўзларингиз кўриб ва эшитиб турибсизлар.
[34] Довуд осмонга чиқмаган бўлса–да, шундай деган эди: «Эгамиз айтмоқда Раббимга: Душманларингни оёқларинг остига пойандоз қилмагунимча, Сен Менинг ўнг томонимда ўтиргин.»
[36] Бутун Исроил халқи шуни аниқ билиб қўйсин: сизлар михлаган Исони Худонинг Ўзи жамики борлиқ устидан ҳукмдор қилди. Исо ҳам Масиҳ, ҳам Раббийдир.”
[37] Халойиқ бу гапларни эшитди–ю, юраклари тилка–пора бўлди. Улар Бутрусдан ва қолган ҳаворийлардан: — Биродарлар, энди биз нима қилайлик? — деб сўрадилар.
[38] Бутрус уларга деди: — Тавба қилинглар, ҳар бирингиз Исо Масиҳнинг номи билан сувга чўминглар, токи гуноҳларингиз кечирилсин. Шунда сизлар Муқаддас Руҳни инъом қилиб оласизлар.
[39] Худо сизларга ва болаларингизга, узоқдагиларга, Эгамиз Худо Ўзига даъват этганларнинг ҳар бирига ваъдасини берган.
[40] Бутрус бошқа кўп далиллар билан уларга гувоҳлик бериб: “Ўзларингизни бу бузуқ насл устига келаётган жазодан сақланглар”, дея ўтинди.
[41] Шундай қилиб, Бутруснинг айтган хабарига ишонганлар сувга чўмдирилди. Ўша куни имонлилар сони уч мингтага кўпайди.
[42] Улар ҳаворийларнинг таълимотини ўрганишга, биродарликка, Раббимиз Исони хотирлаб, нон синдиришга ва ибодатга ўзларини бағишладилар.
[43] Ҳаворийлар орқали Худо кўплаб мўъжизалар ва аломатлар кўрсатарди, бундан эса ҳамма ҳайратга тушган эди.
[44] Барча имонлилар тез–тез йиғилишиб турар эдилар. Улар ҳамма нарсада ҳамжиҳат эдилар.
[45] Мол–мулкларини сотиб, пулини ҳар кимнинг эҳтиёжига қараб тақсимлаб берардилар.
[46] Имонлилар ҳар куни Маъбадда йиғилардилар. Бир–бирлариникига меҳмонга борганда эса Раббимиз Исони хотирлаш учун нон синдирардилар, соддадиллик билан, юракдан севиниб овқатланишарди.
[47] Худога ҳамду санолар айтардилар, халқнинг ҳурмату эътиборидан баҳраманд эдилар. Ҳар куни Эгамиз нажот топаётганларни имонлиларнинг қаторига қўшарди.