Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 8:31

[1] Бизни денгиз орқали Италияга жўнатишга қарор қилдилар. Шундан кейин улар Павлусни ва бошқа баъзи маҳбусларни Империя қўшинидаги Юлиюс деган Рим юзбошисига топширдилар.

[2] Ҳаммамиз Адрамиттион шаҳридан келган кемага ўтирдик. Кема Асия вилоятининг бандаргоҳларига энди жўнамоқчи бўлиб турган экан. Биз йўлга тушдик. Салоникадан келган Македониялик Аристархус деган одам бизга ҳамроҳ бўлди.

[3] Эртаси куни биз Сидон шаҳрига етиб келдик. Юлиюс Павлусга яхши муносабатда бўлди, шунинг учун дўстлари олдига боришга ва керакли нарсаларни олишга ижозат берди.

[4] Биз у ердан жўнаб кетдик. Шамол бизга қарши томондан эсаётгани учун Кипр оролини паналаб сузиб ўтдик.

[5] Сўнг Киликия ва Памфилия вилоятларининг жануб томонидан сузиб, Ликия вилоятидаги Мура шаҳрига келдик.

[6] Юзбоши у ерда Искандариядан Италияга сузиб кетадиган кемани топди ва бизни унга ўтқазди.

[7] Биз бир неча кун секин сузиб, ниҳоят қийинчиликлар билан Книдус шаҳрига етиб келдик. Шамол бизга қарши эсаётгани учун Салмона ярим оролининг ёнидан ўтиб, Крит оролини паналаб суза бошладик.

[8] Оролнинг қирғоғи бўйлаб машаққатлар билан Гўзал бандаргоҳлар деган жойга етиб келдик. Бу жой Ласея шаҳри яқинида жойлашган.

[9] Биз анча вақт ўша ерда қолдик. Ҳатто Покланиш куни ҳам ўтди, сузиш хавфли бўлиб қолди. Павлус кемачиларга маслаҳат берди:

[10] — Дўстлар! Кўриб турибман, бу ердан сузиб кетадиган бўлсак, нафақат юкимиз ва кемамиз, балки жонимиз ҳам хавф остида қолади, оғир ҳалокатга учраймиз.

[11] Лекин юзбоши Павлуснинг маслаҳатига қулоқ солмай, кема дарғаси ва кема эгасининг гапига кирди.

[12] Қишни ўтказиш учун бандаргоҳ яхши шароитга эга эмас эди. Шунинг учун деярли ҳамма у ердан денгизга чиқишга, қандай қилиб бўлса ҳам Финиксга етиб олиб, қишни ўша ерда ўтказишга рози эди. Финикс Крит оролидаги бандаргоҳ бўлиб, қаттиқ қиш шамолларидан панада эди.

[13] Жанубдан майин шабада эса бошлаганда, улар: “Ниятимиз амалга ошадиган бўлди”, деб ўйладилар. Шунинг учун улар лангарни кўтариб, Крит ороли бўйлаб, қирғоққа яқин суза бошладилар.

[14] Аммо кўп ўтмай орол томондан ниҳоятда кучли бўрон кўтарилди. Бу “Шимоли–шарқ” бўрони деб айтиларди.

[15] Бўрон кемага шундай урилдики, натижада кема шамолга қарши сузолмай қолди. Шундан кейин ўзимизни тўлқинларга топшириб, шамол йўналиши бўйлаб сузиб кетдик.

[16] Биз Кавда деган оролчани паналаб ўтдик. Кеманинг қайиқчасини зўрға ушлаб қолдик.

[17] Денгизчилар қайиқни юқорига кўтариб олдилар. Кейин эса кема парчаланиб кетмасин деб, уни остидан арқонлар билан маҳкам боғладилар. Улар: “Суртис атрофларида қумга ўтириб қолмасак эди”, деб қўрқиб, тезликни камайтирадиган лангарни туширдилар ва кемани шамол йўналишига қўйиб бердилар.

[18] Қутурган бўрон давом этарди. Эртаси куни улар кемадан юкларни улоқтира бошладилар.

[19] Учинчи куни эса ўз қўллари билан кеманинг асбоб–ускуналарини денгизга отдилар.

[20] Бир неча кун биз на қуёшни, на юлдузларни кўрдик. Бўрон қутургани сари, қутулишимизга бўлган умид сўниб борарди.

[21] Ҳеч ким узоқ вақт бирон нарса тановул қилмади. Шунда Павлус уларнинг ўртасига чиқиб, шундай деди: — Дўстлар! Агар менинг гапларимга қулоқ солиб, Кипрдан кетмаганларингизда эди, биз мана шу зарарга ва оғир ҳалокатларга дучор бўлмасдик.

[22] Энди сизларга маслаҳатим шу: дадил бўлинглар! Орамиздан ҳеч ким нобуд бўлмайди, фақат кемадан маҳрум бўламиз, холос.

[23] Мен мансуб бўлган ва мен сажда қиладиган Худойим ўтган куни олдимга Ўз фариштасини юборди.

[24] Фаришта менга шундай деди: “Қўрқма, Павлус, сен Қайсар ҳузурида бўлишинг керак. Сен билан бирга кемада сузиб кетаётганларга Худо ҳаёт бағишлади.”

[25] Шунинг учун, дўстлар, дадил бўлинглар, чунки Худога ишонаман: ҳаммаси менга айтилганидай бўлади.

[26] Биз бирон оролга албатта тушамиз.

[27] Ўн тўртинчи куни кечаси биз Ўрта ер денгизида шамол йўналиши бўйлаб сузаётган эдик. Тахминан тун ярмида денгизчилар қуруқликка яқинлашиб қолганимизни пайқаб қолдилар.

[28] Улар чуқурликни ўлчаган эдилар, 20 қулоч чиқди. Бир оз нарироқни ўлчаган эдилар, 15 қулоч чиқди.

[29] Улар: “Кема қояларга бориб урилади”, деб қўрқиб кетганлари учун кеманинг ортидан тўртта лангарни туширдилар ва тезроқ тонг отсин, деб Худога астойдил илтижо қилдилар.

[30] Шу орада денгизчиларнинг баъзилари кемадан қочиб чиқишга уриндилар. Улар қайиқни сувга тушириб, ўзларини худди кеманинг олд томонидан лангар туширмоқчи бўлгандай кўрсатдилар.

[31] Павлус юзбоши билан аскарларга шундай деди: — Бу одамлар кемада қолмас эканлар, билиб қўйинглар, сизлар ҳам ўзларингизни қутқара олмайсизлар.

[32] Аскарлар қайиқ боғланган арқонни кесдилар ва қайиқни сувга тушириб юбордилар.

[33] Тонг отиши билан, Павлус улардан тамадди қилиб олишларини илтимос қилди: — Бугун ўн тўрт кундирки, сизлар хавотирликда бўлиб, ҳеч нарса емадингизлар.

[34] Ёлвораман: бир оз тамадди қилиб олинглар, бу тирик қолишингиз учун керак. Бошингиздан бирон тола соч ҳам тушмайди.

[35] Павлус шу сўзларни айтиб бўлгач, нонни олди ва ҳамманинг кўз ўнгида Худога шукрона айтди. Сўнгра нонни синдириб, ея бошлади.

[36] Бошқалар ҳам дадилланиб, овқатлана бошладилар.

[37] Кемада жами 276 киши бор эди.

[38] Улар тўйиб олгач, буғдойнинг ҳаммасини денгизга ташлаб, кемани енгиллаштирдилар.

[39] Тонг отганда, денгизчилар қирғоқни таний олмадилар. Аммо қирғоқдаги қумли қўлтиқни пайқадилар. Агар имкони бўлса, кемани ўша ерда қирғоққа тўхтатамиз, деб қарор қилдилар.

[40] Сўнг лангарларни кесиб, денгизга тушириб юбордилар. Айни пайтда эшкакларни маҳкам боғлаб турган арқонларни ечдилар. Шундан кейин олдинги елканни шамолга қаратиб, қирғоққа сузиб кетдилар.

[41] Лекин кема саёз жойга урилиб, қумга ўтириб қолди. Оқибатда кеманинг олд қисми қумга тиқилиб, қимирламай қолди. Кеманинг орқа қисми эса тўлқинлар шиддатидан парча–парча бўлиб кетди.

[42] Шунда аскарлар: “Маҳбуслар сузиб, қутулиб кетмасин”, дея уларни ўлдирмоқчи бўлдилар.

[43] Аммо юзбоши Павлусни қутқармоқчи бўлиб, аскарларни бу ниятларидан қайтарди. Уларга шундай буйруқ берди: “Сузишни биладиганлар биринчи бўлиб кемадан сакрасин ва қирғоққа сузиб борсин,

[44] қолганлар эса тахталарни ёки кеманинг бирон синиқ бўлагини олиб, уларнинг ортидан эргашсинлар.” Шу йўсин ҳаммалари эсон–омон қирғоққа етиб олдилар.

Ҳаворийларнинг фаолияти — Chapters