Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 3:04

[1] Шу вақт давомида шогирдларнинг сони ортиб бораверди. Аммо шу пайтда юнонзабон ва орамийзабон яҳудий имонлилар орасида зиддият пайдо бўлди. Юнонзабон яҳудийлар: “Кундалик озиқ–овқат тақсимланганда, юнонзабон бевалар эътибордан четда қоляптилар”, деб эътироз билдирдилар.

[2] Ўн икки ҳаворий жамики шогирдларни йиғиб, уларга шундай дедилар: — Биз Худонинг каломини ваъз қилишни бир четда қолдириб, озуқа тарқатиш билан овора бўлишимиз нотўғри.

[3] Биродарлар, орангиздан етти кишини танланглар. Улар обрў–эътиборга эга, Муқаддас Руҳга ва доноликка тўлиб–тошган бўлсин. Уларни бу хизматга тайин этайлик.

[4] Биз эса ўзимизни ибодатга ва Худо каломининг хизматига бағишлайлик.

[5] Уларнинг гапи бутун жамоага маъқул бўлди. Жамоа имонга ва Муқаддас Руҳга тўла Стефанни, шунингдек, Филип, Прохорус, Никанор, Тимон, Парменас ва илгари яҳудий динига кирган Антиохиялик Николасни танладилар.

[6] Улар бу одамларни ҳаворийларнинг олдига турғизиб қўйдилар. Ҳаворийлар уларга қўлларини қўйиб, ибодат қилдилар.

[7] Шундай қилиб, Худонинг сўзи ёйилиб бораверди. Шогирдлар сони Қуддусда кўпайди. Руҳонийларнинг кўпчилиги имонга келдилар.

[8] Стефан Худонинг марҳаматига ва илоҳий қудратга тўлган эди. У халқ орасида ажойиб мўъжизалар ва аломатлар кўрсатди.

[9] Аммо “Озод қилинган қуллар” деган синагога аъзоларининг баъзилари — Киринеяликлар, Искандарияликлар, шунингдек, Киликия ва Асияликлар Стефан билан баҳслаша бошладилар.

[10] Муқаддас Руҳ Стефанга кўп донолик берди, шунинг учун улар Стефаннинг гапларини инкор қила олмадилар.

[11] Шундан кейин синагога аъзолари баъзи одамларни гижгижлаб: “Стефан Мусога ва Худога қарши куфр сўзлар айтганини эшитдик”, деб айтишга кўндирдилар.

[12] Шу йўл билан улар халқни, йўлбошчиларни, Таврот тафсирчиларини қайрадилар. Улар Стефанни ушлаб, Олий кенгашга олиб келдилар.

[13] Шунда улар сохта гувоҳларни ёлладилар. Сохта гувоҳлар шундай дедилар: “Бу одам мана шу муқаддас Маъбадга ва қонунга қарши гаплар айтишдан тўхтамаяпти.

[14] Унинг айтишича, Носиралик Исо Маъбадни қулатар эмиш, Мусо бизларга берган урф–одатларни ўзгартирар эмиш.”

[15] Олий кенгашда ўтирганлар Стефанга тикилиб қарадилар, унинг юзи худди фариштанинг юзига ўхшаш эканини кўрдилар.

Ҳаворийларнинг фаолияти — Chapters