Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 8:16

[1] Павлус билан Силас Дарба ва Листра шаҳарларига борди. Листрада Исонинг Тимўтий исмли шогирди яшарди. Унинг онаси имонга келган яҳудий бўлиб, отаси юнон эди.

[2] Листра ва Икониядаги имонлилар Тимўтий тўғрисида яхши гаплар айтишарди.

[3] Павлус Тимўтийни бирга олиб кетмоқчи бўлиб, ўша ерларда яшайдиган яҳудийлар сабабли уни суннат қилдирди. Чунки Тимўтийнинг отаси юнон эканини ҳамма биларди.

[4] Улар шаҳарлар оралаб ўтганларида, Қуддусдаги ҳаворийлар ва оқсоқоллар қарор қилган қоидаларни имонлиларга етказиб, буларга риоя қилинглар, деб айтишарди.

[5] Шундай қилиб, жамоатлар имонда мустаҳкам бўлиб, кундан–кунга сон жиҳатдан кўпайиб бораверди.

[6] Павлус ва унинг йўлдошлари Фригия ва Галатия ўлкасидан ўтишди, Муқаддас Руҳ Асия вилоятида Исо ҳақидаги хабарни ваъз қилишни уларга тақиқлаганди.

[7] Улар Мисиядан ўтиб, Битиния вилоятига киришга ҳаракат қилдилар. Аммо Муқаддас Руҳ орқали Исо уларга ижозат бермади.

[8] Шундай қилиб, улар қайтиб, Мисия орқали Троасга кетдилар.

[9] Тунда Павлусга ваҳий келди: Македониялик бир одам: “Македонияга келиб, бизга ёрдам бер!” деб илтижо қиларди.

[10] Павлусга келган бу ваҳийдан кейин, биз тезда Македонияга боришга ҳозирлик кўрдик. Худо бизни у ернинг халқига Хушхабарни ваъз қилишга чақирди, деб ишонч ҳосил қилган эдик.

[11] Биз кемада Троас шаҳридан сузиб кетиб, тўғри Самофракия оролига йўл олдик, эртаси куни Неаполис шаҳрига кетдик.

[12] У ердан эса Филиппига бордик. Бу Македония вилоятининг Биринчи туманидаги шаҳар бўлиб, Римга қарашли эди. Биз бир неча кун у ерда бўлдик.

[13] Шаббат куни биз шаҳардан дарё бўйига чиқдик. У ерда ибодат қиладиган жой бор, деб ўйлаган эдик. Ўша ерда аёллар йиғилган экан, биз улар билан ўтириб суҳбатлашдик.

[14] Бизни тинглаб ўтирганлар орасида Лидия деган бир аёл ҳам бор эди. У Тиятира шаҳридан бўлиб, сафсар матолар сотарди. У художўй эди. Павлуснинг айтганларини жон дили билан тингласин деб, Эгамиз Лидиянинг юрагини очди.

[15] Лидия билан унинг хонадон аҳли сувга чўмдирилганларидан кейин, у бизга шундай таклиф қилди: “Агар мени Раббимиз Исога содиқ имонли деб ҳисобласангизлар, менинг уйимга келиб, ўша ерда туринглар.” Лидия бизни кўндирди.

[16] Бир куни биз ибодат қиладиган жойга кетаётганимизда, олдимизга бир чўри қиз келди. Бу қизда фолчилик руҳи бўлиб, у башорат қилиш орқали хўжайинларига кўп пул ишлаб берар экан.

[17] У Павлус билан бизга эргашиб, шундай деб бақирарди: “Манави одамлар Худойи Таолонинг қуллари! Улар сизларга нажот топиш йўлини эълон қиладилар.”

[18] Ўша чўри бир неча кун давомида шундай қилиб юрди. Охири, Павлус безор бўлиб, орқасига ўгирилди–да, ёвуз руҳга деди: “Сенга Исо Масиҳ номидан буюраман: бу қизнинг ичидан чиқиб кет!” Ўша заҳоти ёвуз руҳ қизнинг ичидан чиқиб кетди.

[19] Қизнинг хўжайинлари пул ишлаш имконияти қўлдан кетганини англаб етдилар. Улар Павлус билан Силасни ушлаб, шаҳар майдонига судраб келдилар.

[20] Уларни Рим амалдорлари ҳузурига олиб келиб: — Бу одамлар шаҳримизни алғов–далғов қиляптилар! — дедилар. — Улар яҳудийлардир,

[21] биз содиқ Рим фуқароларимиз, улар бизнинг қонунларимизга зид бўлган одатларни тарғиб қиляптилар. Биз уларнинг одатларини қабул қила олмаймиз ёки амалда қўллай олмаймиз.

[22] Оломон Павлус билан Силасга қарши ҳужумга қўшилди. Шунда Рим амалдорлари Павлус билан Силаснинг кийимларини ечдириб, аскарларга: “Буларни калтакланглар”, деб буюрдилар.

[23] Уларни роса калтаклашгандан кейин, зиндонга ташладилар. Рим амалдорлари зиндонбонга: “Уларни яхшилаб қўриқла”, деб буйруқ бердилар.

[24] Зиндонбон буйруқни олиб, икковини ички бўлмага ташлади ва уларнинг оёқларини кундага маҳкамлаб қўйди.

[25] Ярим тунда Павлус билан Силас ибодат қилиб, Худога ҳамду сано айтаётган эдилар. Маҳбуслар эса уларни тинглаб ўтиришарди.

[26] Бирдан шундай қаттиқ зилзила юз бердики, қамоқхонанинг пойдевори ларзага келди, шу заҳоти ҳамма эшиклар очилиб, маҳбусларнинг кишанлари ечилиб кетди.

[27] Зиндонбон уйғониб, қамоқхона эшиклари очиқ эканини кўрди. У, маҳбуслар озод бўлиб кетибди, деб ўйлаб, қиличини қинидан суғуриб, ўзини ўлдирмоқчи бўлди.

[28] Павлус овози борича: “Зинҳор ўзингга шикаст етказа кўрма, ҳаммамиз шу ердамиз!” деб бақирди.

[29] Зиндонбон, чироқлар ёқилсин, деб буюрди ва шошилганича ичкари кирди–да, титраб–қақшаб, ўзини Павлус билан Силаснинг оёқлари остига ташлади.

[30] Зиндонбон икковини ташқарига олиб чиқиб: “Жаноблар, нажот топишим учун нима қилишим керак?” деб сўради.

[31] — Раббимиз Исога ишон, шунда ўзинг ва хонадон аҳлинг нажот топасизлар, — деб жавоб беришди улар.

[32] Павлус билан Силас Раббимиз ҳақидаги хабарни зиндонбонга ва унинг хонадон аҳлига ваъз қилдилар.

[33] Зиндонбон тунда ўша заҳотиёқ икковини бир четга олиб ўтиб, яраларини ювди. Сўнг ўзи ва бутун хонадон аҳли сувга чўмдирилди.

[34] Зиндонбон Павлус билан Силасни уйига олиб келиб, уларга дастурхон ёзди. У бутун хонадони билан бирга Худога имон келтирганидан севинди.

[35] Тонг отгач, амалдорлар миршабларни юбориб: “Анави одамлар ўз йўлига кетаверсин”, дедилар.

[36] Зиндонбон бу хабарни Павлусга етказди. “Амалдорлар сизларни кетаверсин, деб хабар юборибди, ҳозироқ чиқинглар, эсон–омон боринглар”, деди.

[37] Павлус эса миршабларга шундай деди: — Рим фуқароси бўлсак ҳам, бизни ҳукм қилмасдан халқнинг кўз ўнгида калтакладилар, зиндонга ташладилар. Нима учун энди яширинча бизни жўнатиб юбормоқчилар?! Бунақаси кетмайди! Ўзлари келиб, бизни зиндондан чиқарсинлар.

[38] Миршаблар бу сўзларни амалдорларга етказдилар. Улар Павлус билан Силаснинг Рим фуқароси эканини эшитиб, қўрқиб кетдилар.

[39] Шундай қилиб, амалдорлар бориб, улардан кечирим сўраб, уларни зиндондан олиб чиқдилар. Сўнгра: “Шаҳардан кетсангизлар”, деб илтимос қилдилар.

[40] Павлус билан Силас зиндондан чиққанларидан кейин, Лидиянинг уйига бордилар. Улар у ерда имонлилар билан учрашиб, уларга далда бердилар. Шундан кейин улар Филиппидан жўнаб кетдилар.

Ҳаворийларнинг фаолияти — Chapters